Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:43

Оҳангарон конидан топилган олтин изловчилар жасади 13 тага етди


Кўчбулоқ қишлоғи яқинидаги ташландиқ конга бориш йўли
Кўчбулоқ қишлоғи яқинидаги ташландиқ конга бориш йўли

Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Оҳангарондаги ташландиқ конида рўй берган ёнғинда нобуд бўлганлардан 13 нафарининг жасади олиб чиқилди. Озодлик манбаларига кўра, олтин қидирувчилар бошқа туманлардан ҳам келгани сабаб, ўтган ҳафта ёнғин чиққан кон ичида яна қанча одам қолгани номаълум.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг Кўчбулоқ қишлоғи яқинида жойлашган Олмалиқ кон металлургия комбинатига қарашли ташландиқ конда 13 июль кунги портлаш оқибатида нобуд бўлганлардан 13 нафарининг жасади олиб чиқилган.

Бу хабарини тасдиқлаган Озодликнинг Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги манбасига кўра, ташландиқ кон ичида ҳалок бўлганлар фақат Кўчбулоқ қишлоғидан эмас, балки бошқа туманлардан келган олтин изловчилар бўлган:

"Шу кунгача ташландиқ кондан 13та жасад олиб чиқилди. Уларнинг беш нафари Оҳангарон туманидан, 7 киши Ангрен шаҳридан ва яна бир киши Қўқондан экан. Ичкарида яна қанча одам қолгани номаълум. Бизнинг мутахассисларимиз имкони борича ичкарига кириб, одам қидиришда давом этмоқда", деди вазирликдаги манба.

Мулозимнинг айтишича, Кўчбулоқ қишлоғида яшаган бир кишининг жасади олиб чиқилган.

Озодлик 16 июль куни конда нобуд бўлганлардан беш кишининг жасади олиб чиқилгани ҳақида хабар берган эди.

Айни пайтда, Ангрен шаҳри ва Оҳангарон туманида ташландиқ конда ўлганлар сони 50 кишидан кўп бўлиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар урчиган.

Кўчбулоқ қишлоғидаги манбага кўра, ҳақиқатан ҳам кон ичида қанча одам қолиб кетгани ҳақида аниқ маълумот йўқ:

“Гапнинг рости, МЧС коннинг ичкарисигача кириб боргани қўрқяпти. Яна ёнғин чиқиши мумкин, яна бир бало бўлиши мумкин, деб. Жасадларни ҳам, асосан, ўлган одамларнинг яқинлари олиб чиқяпти. Конга кириш жойи милиция ва қўриқчилар томонидан қаттиқ қўриқланяпти. Лекин биз эшитган хабарга кўра, одамлар яширинча йўллар билан конга кириб, яқинларини топиб олиб кетишяпти. Бу эса расман қайд этилмаяпти”, деди манба.

Манбанинг айтишича, маҳалла оқсоқоли одамларни билиб-билмай, ҳар қандай миш-мишларни тарқатмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Кўчбулоқ қабристонида янги қазилган қабр
Кўчбулоқ қабристонида янги қазилган қабр

Озодлик илгари хабар берганидек, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Кўчбулоқ қишлоғи яқинидаги ташландиқ конда 13 июль куни содир бўлган портлаш оқибатида тупроқ тагида ўнлаб одам қолиб кетган эди.

Олтин изловчилар¸ айтилишича¸ 16-30 ёшдаги йигитлар бўлган.

Озодлик манбалари бу фожеанинг содир бўлишига оид икки хил тахминни илгари сурган эдилар.

Биринчиси, фожиа комбинатнинг ташландиқ конида олтин изловчи рақобатчи гуруҳлар ўртасида чиққан жанжал оқибатида рўй берган. Ўша куни жой талашиб икки гуруҳ ўртасида жанжалда мағлуб бўлган гуруҳ кондан чиқаётганда конни мустаҳкамлаб турувчи устунларга ўт қўйган. Ичкарида қолган одамлар тоғ босиши ва заҳарли тутундан димиқиб ўлган.

Иккинчиси, кон ичкарисида техника хавфсизлигига риоя қилмаслик натижасида ёнғин келиб чиққан ва олтин изловчилар заҳарли газдан димиқиб ўлган.

Озодликнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги манбаси ҳам иккинчи тахмин ҳақиқатга яқин эканини айтди.

Вазият билан яқиндан танишиш учун Кўчбулоқ қишлоғига борган мустақил журналист Алексей Волосевичнинг айтишича, бўлиб ўтган воқеа ҳақида аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмаган:

- Кун жуда иссиқ бўлгани учунми биз қишлоққа кириб борганимизда кўчада одам жуда кам эди. Маҳаллий одамлар биз билан суҳбатдан қочди, коннинг қўриқчилари эса бизда ҳеч қандай маълумот йўқ, деди. Лекин одамларнинг нимадандир хавфсираб қўрқиб турганига гувоҳ бўлдик, дейди Алексей Волосевич.

Оҳангарон ички ишлар бўлимидан бу ҳақда маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG