Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Ўқувчи ўлимига сабаб бўлган муштлашув ортидан коллеж директори ишдан олинди


Ҳозирда ушбу воқеа бўйича икки ўқувчи ҳибсга олинган (Суратнинг мақолада тилга олинган ўқувчиларга алоқаси йўқ)
Ҳозирда ушбу воқеа бўйича икки ўқувчи ҳибсга олинган (Суратнинг мақолада тилга олинган ўқувчиларга алоқаси йўқ)

Навоий архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчилари шаҳардаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Абдураҳмон Исмоиловни "гуруҳ бўлиб калтаклаб ўлдирганликда" айбланиб ҳибсга олинди.

Ушбу воқеа ортидан коллеж директори ишдан олиниб, айбланаётганлар ўқийдиган икки гуруҳ раҳбарларига ҳайфсан берилди. Ҳозирда тергов жараёни давом этмоқда.

17 яшар Абдураҳмон Исмоиловнинг ўлимига сабаб бўлган муштлашувдан сўнг Навоий вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълим бошқармаси Архитектура ва қурилиш коллежи директори Ойбек Абдиевни вазифасидан бўшатиш ҳақида қарор чиқарди.

Бошқармадан олинган маълумотга кўра, муштлашувда иштирок этган ўқувчиларнинг гуруҳ раҳбарларига эса ҳайфсан берилган.

Архитектура ва қурилиш коллежининг беш ўқувчиси жорий йил 30 октябрь куни дарсларга кирмасдан Навоийнинг Садриддин Айний кўчасида жойлашган Тиббиёт коллежига бориб, жанжал чиқарган.

Ушбу воқеа тафсилотларидан хабардор Навоийдаги Озодлик манбасига кўра, ўша куни беш бола билан Тиббиёт коллежининг бир ўқувчиси ўртасида муштлашув келиб чиққан:

“Воқеа катта танаффус пайти содир бўлган. Сал аввалроқ Архитектура коллежининг бир ўқувчиси билан Абдураҳмон Исмоилов ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Шундан сўнг Архитектура коллежи ўқувчиси дўстларини йиғиб, разбор қилишга келган. Танаффус пайти Абдураҳмонни четга чақириб, икки ўртада муштлашув келиб чиққан. Бир одамга қарши беш киши муштлашишган. Абдураҳмон ерга йиқилгач, уни роса тепкилашган. Кейин уни жонсиз ётганини кўргач, қочиб кетишган”, деди тафсилотлардан хабардор манба.

Воқеадан хабар топган коллеж раҳбарияти зудлик билан Абдураҳмонни шифохонага етказган.

Манба маълумотига кўра, жонлантириш бўлимига ётқизилган Абдураҳмон бир ҳафта давомида кома ҳолатида бўлган ва шу вақт ичида уни икки марта операция қилишган:

“Абдураҳмон миясида қон қуйилиши бўлган. Икки марта миясини очишган. Лекин бола комадан чиқмаган. Жанжал пайти у ерга йиқилганида бошига жуда ёмон тепишган экан”, деди тафсилотларни ўрганган Озодлик манбаси.

Навоий тиббиёт коллежи “Даволаш иши” бўлимининг иккинчи курс ўқувчиси бўлган 17 яшар Абдураҳмон Исмоиловга кўрсатилган тиббий муолажалар натижа бермаган ва 7 ноябрь куни унинг жони узилган.

Навоий вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, муштлашув пайти пичоқ ёки тош каби бирор қаттиқ предмет ишлатилмаган. Ҳозирда ушбу муштлашув ташкилотчилари бўлган Архитектура ва қурилиш коллежининг икки ўқувчиси ҳибсга олинган.

Озодликка ушбу ўқувчиларнинг исми-шарифлари маълум, бироқ тергов жараёни ниҳоясига етмагани боис улар шахси очиқланмаяпти.

Ҳозирда прокуратура ходимлари мазкур воқеа бўйича тергов-суриштирув ишларини давом эттирмоқда.

Талаба ва ўқувчилар орасида оммавий муштлашиш ҳолатлари кам бўлсада, учраб туради.

Жорий йил 23 сентябрь куни Тошкентда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган оммавий муштлашувда бир киши жароҳатланган эди.

Дипломатия лицейида ўқувчилар муштлашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:02 0:00

Бўлажак дипломатлар ўртасидаги ушбу жанжал ўқувчиларнинг бир-бирига лақаб қўйгани сабаб келиб чиққан ва жанжалда 2- ҳамда 3- курс ўқувчилари иштирок этган. Жанжални бошлаган ўқувчи лицей ётоқҳонасидан ҳайдалган.

19 сентябрь куни эса Қашқадарё вилояти Нишон туманида пахта тераётган олийгоҳлардан бирининг талабалари ўртасида муштлашув келиб чиққани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG