Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:51

Пахтага чиқмаган талабадан пора олганликда гумонланган декан жавобгарликка тортилди


Декан ўзига нисбатан тергов кетаётганини тасдиқлаб, ўзининг айбсизлигини исботлаш ниятатида эканини билдирди
Декан ўзига нисбатан тергов кетаётганини тасдиқлаб, ўзининг айбсизлигини исботлаш ниятатида эканини билдирди

Сирдарё вилоятидаги Гулистон Давлат университети педагогика факультети декани талабадан 300 минг сўм пора олаётган пайтда қўлга олингани айтилмоқда. Озодлик манбалари иддаосига кўра, Рустам Эргашев 2-босқич талабасидан ўтган йилги пахта мавсумида қатнашмагани важидан пора талаб қилган ва пулни олаётган вақтда МХХ ходимлари тарафидан қўлга олинган. Тергов давом этаётган пайтда очиқда қолаётган Эргашевнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда айбсиз экани ва буни тергов давомида исботлашини билдирди. Ўзбекистонда нафақат талабалар, балки ўқитувчи ва бошқа соҳа мутахассисларидан ҳам пахтага чиқмаганлик учун пора ундирилиши одатий ҳолга айланган.

Сирдарё вилоятининг асосий олий ўқув юрти ҳисобланган Гулистон Давлат университети педагогика факультетининг декани Рустам Эргашев 1 февраль куни миллий хавфсизлик хизмати ва милиция ходимларидан иборат гуруҳ тарафидан қўлга олингани айтилмоқда. Озодлик манбасининг иддао қилишича, декан ўтган йилги пахта мавсумида қатнашмаган талабаларнинг биридан 300 минг сўм миқдорида пора олган пайтда ушланган.

Манбамизга кўра, Рустам Эргашев душанба куни порани олиб бўлгач, университетдан машинасида чиқиб кетаётган пайтда махсус гуруҳ томонидан қуршовга олинган.

“Педагогика факультети декани 1 февраль куни машинасида университет ҳудудидан чиқиб кетаётган пайтда икки тарафидан тўхтатишиб, машинасига қўшиб олиб кетишди. У факультетнинг бошланғич таълим йўналиши 2-босқич талабасидан 300 минг сўм пора талаб қилган. Бу талаба ўтган йили пахтага бормаган экан. Орадан ярим йил ўтганига қарамасдан, талабадан пора олаётган жойида ушлашди деканни”, дейди Озодлик манбаси.

Унинг иддао қилишича, 59 ёшли Рустам Эргашевга нисбатан МХХ тергов бўлими жиноят иши очган. Лекин декан 2 февраль куни яна университетда пайдо бўлди, дейди Озодлик манбаси.

“Уни ўша куни қўйиб юборишган экан, лекин кеча (4 февраль куни) яна терговга чақиртиришди. Рустам Эргашев ўзи 2010 йилда ҳам молиявий жиноятларда айбланиб, жавобгарликка тортилган. Ўшанда талабалар стипендияларини тайинлашда қонунбузарликларга йўл қўйиб, давлатнинг 49 миллион сўм пулини ўзлаштирганликда айбланиб, судга тортилган эди. Лекин шунга қарамасдан, Баракаев деган проректоримиз, судланган одамни яна декан қилиб тайинлади”, дея иддао қилди манба.

Озодлик тергов давомида очиқда қолаётган Рустам Эргашевнинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлди. Декан ўзига нисбатан тергов кетаётганини тасдиқлаб, ўзининг айбсизлигини исботлаш ниятатида эканини билдирди:

“Телефонда бирданига бир нарса дея олмайман. Чунки бу нарсани бир оғиз гап билан тушунтура олмайман. Менга нисбатан провокация бўляпти. Ҳозирча гапирмай турайлик, чунки улар менга баттар қилиши мумкин. Лекин мен ўзимни ҳимоя қиламан, авдокатларим бор, ўзимнинг айбсизлигимни биламан. Ҳозир сизга ортиқча гапирмай қўя қолай, иш сиёсий тус олиб кетмасин. Бу ерда жуда кўп воқеалар бор, балки у студентнинг қасди бордир манда, ким билади”, дея таъкидлади факультет декани.

Ўзининг мутлақо айбсизлигини таъкидлаган Рустам Эргашев 2010 йилда жиноий жавобгарликка тортилганига доир иддаоларни ҳам инкор этди.

Айни пайтда, Гулистон Давлат университети проректори Нусратулла Баракаев Озодлик саволига жавобан ўқув юртида бундай воқеа бўлганидан бехабар эканини билдирди.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларидан бу иш хусусида изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида қатнаша олмаган талабалардан пора талаб қилиниши одатий ҳолдир. Нафақат талабалар балки ўқитувчи, шифокор ва ҳатто нафақахўрларнинг ҳам пахтага чиқмагани учун молиявий жазога тортилгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Гулистон Давлат университети раҳбарияти Озодликнинг аввалги репортажларига ҳам қаҳрамон бўлган. 2014 йилнинг декабрида ўқув юрти ректори Ашраф Эминов молиявий қонунбузарликларда айбланиб, лавозимидан бўшатилган эди.

XS
SM
MD
LG