Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:06

Ўзбек-қирғиз чегараси: Мақоми аниқлангунича ёпилган участка


Ўзбек-қирғиз чегарасидаги ахсилик деҳқонлар ҳайдаб чиқарилган участка.
Ўзбек-қирғиз чегарасидаги ахсилик деҳқонлар ҳайдаб чиқарилган участка.

Ўзбекистоннинг Наманган вилояти ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти чегарасидаги бир участкага ўзбек ва қирғиз чегарачилари бир неча кундан буён ҳар икки давлат фуқароларини киритмаяпти. Улар бу жойда давлат қайд хизмати ходимлари билан биргаликда чегарани аниқлаш бўйича ишлар олиб борилаётганини айтмоқдалар. Айни пайтда қирғиз томонида яшовчи маҳаллий аҳоли бу жой Қирғизистонга қарашли бўлиб келганини иддао қилмоқда.

Жалолобод вилоятининг Ахси туманига қарашли Сўгўт қишлоғи раҳбари Замир Баназаров ўзбек-қирғиз чегарасидаги ўзига берилган 2 гектар участкадан ўтган ҳафта ўзбек чегарачилари томонидан ҳайдаб чиқарилган.

Баназаров Озодликнинг қирғиз хизматига беш йилдан буён бу ердан ҳеч бир монеъликсиз фойдаланиб келгани, энди эса пичанининг ярми ўрилган ерига боролмаётганини айтган.

Қашқасув қишлоқ ҳукумати раҳбари Улуқбек Керимқуловга кўра, ҳодисадан кейин у бундан туман раҳбарларини хабардор қилган ҳамда Давлат қайд хизмати ва Чегара хизмати вакиллари билан биргаликда воқеа жойига борган.

- У ёқда биз Ўзбекистон масъуллари билан учрашиб, участка мақоми аниқлангунига қадар у ёққа ҳеч кимни киритмаслик ҳақида келишиб олдик. Шу кунгача бу икки гектар ердан биз фойдаланиб келганмиз. Қишлоқ ҳукумати тасарруфида бўлган бу жойни ижарага берган эдик. Авваллари бу участка бўйича ҳеч қанақа баҳс бўлмаган ва у ёққа ўзбек чегарачилари кирган эмас, - дейди Қашқасув қишлоқ ҳукумати раҳбари Улуқбек Керимқулов.

Қирғизистон Чегара хизмати ҳам Сўгўт қишлоғига туташ участка келишилган участка бўлиб ҳисобланишини айтмоқда. Айни пайтда Қирғизистон Чегара хизмати масъули Сажира Чўқўлўеванинг айтишича, бу жойда чегара одатдагидек тартибда қўриқланмоқда ва ўзбек чегарачилари тартибни бузган эмас.

Мазкур участка бўйича икки давлат чегарачилари учрашганини қайд этган Чўқўлўева Сўгўт қишлоғи яқинида вазият барқарорлиги, ҳаммаси маромида эканини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида 24 июнь куни учрашган Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари чегара масалалари бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олгандилар. Хабарларга кўра, томонлар бу борада юзага келган муаммоларни бош вазирлар даражасида ҳал қилишга келишиб олганлар.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги 50 дан зиёд баҳсли ҳудуд мавжуд. Шу йил 18 мартида Ўзбекистон Чаласарт деб аталувчи баҳсли ҳудудга ҳарбий техника ва аскар киритгани ортидан икки давлат ўртасида муносабат кескинлашиб кетганди. Бунга жавобан Қирғизистон ҳам мазкур ҳудудга тенг миқдорда ҳарбий техника ва аскар киритган.

Вазият 26 март куни Чаласартдан ўзбек аскарлари ва ҳарбий техникаси олиб чиқиб кетилганидан сўнг юмшаган.

XS
SM
MD
LG