Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:44

Бишкек Тошкент билан муносабатларни яхшилаш ҳаракатини бошлади


Қирғизистон Бош вазири Сўўрўнбай Жээнбеков Тошкентга янги тайинланган элчи Данияр Сидиқовни қабул қилар экан, унинг асосий вазифаси Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш бўлиши кераклиги ҳақида кўрсатма берди. Сўнгги бир неча йил ичида икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўта ёмонлашиб, зиддиятли вазиятлар кўпайган эди.

Бош вазир Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистоннинг Ўзбекистонга тайинланган янги элчисини Тошкентга кузатаётиб, унга икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилган аниқ кўрсатмаларни берди. Бу ҳақда Бош вазир маъмурияти хабар қилди.

- Бош вазир Қирғизистон ва Ўзбекистон икки томонлама ҳамкорлиги бўйича ҳукуматлараро комиссия, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегараларни аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини жонлантириш ҳамда бу комиссияларнинг навбатдаги учрашувини ўтказиш муҳим вазифа эканини таъкидлади, -деб билдирди Бош вазир матбуот котиби Чингиз Эсенгул ўғли.

Данияр Сидиқов Тошкент ва Бишкек муносабатларида илиқлик пайдо бўлишига умид уйғонган бир пайтда элчиликка тайинланди. Шунинг учун ҳам Қирғизистон жамиятида бу мавзуга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Данияр Сидиқов матбуотга берган суҳбатида ўзининг элчи сифатидаги биринчи галдаги вазифаси Ўзбекистон билан иқтисодий ва маданий алоқаларни тиклаш уриниши бўлишини билдирди:

- Икки қардош давлат ўртасидаги муносабатларда илиқлик пайдо бўла бошлади, деган гапларга ишонса бўлади. Асосан иқтисодий ва маданий алоқалар бўйича икки томонлама сўзлашувларни ўтказиш учун қулай шароит пайдо бўлди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро комиссияси сўнгги марта 2009 йилда учрашган эди. Мана шу комиссиянинг ишини жонлантириш лозим бўлади. агар шу ишларни тез орада амалга ошира олсак, биродар қўшни давлат ватандошларига ҳам, бизга ҳам яхши бўлади, - деди Данияр Сидиқов.

Тошкентда 23-24 июнь кунлари ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўткизган учрашувдан сўнг Бишкек расмийлари икки давлат ўртасидаги совуқлашган муносабатларда илиқлик пайдо бўлишини кутаётгани ҳақида баёнот берилган.

Учрашув пайтида президентлар Бош вазирларга давлатлараро муносабатларда пайдо бўлган муаммоларни шахсан ҳал қилиш тўғрисида кўрсатма берган. Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев протоколда белгиланган 20 дақиқа ўрнига 1 соат ёпиқ эшиклар ортида сўзлашган эди.

Бироқ қирғизистонлик экспертлар кўп йиллардан бери муносабатлар музлатиб қўйилган қўшни давлат билан алоқаларнинг тикланиши учун сабр-қаноат билан музларнинг эриб бўлишини кутиш зарур, деб ҳисобламоқда.

Чегара масалалари бўйича эксперт Саламат Аламанов эса ҳатто президентлар ҳам учрашув пайтида икки давлат ўртасида энг муаммоли бўлиб турган чегара масаласини тилга олишдан тийилганига эътибор қаратди:

- Сезган бўлсангиз, президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи берган интервьюларда икки давлат раҳбарлари учрашувида чегара масаласи муҳокама қилингани ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтилмаган. Иқтисодий ва маданий муносабатларни тиклашга ҳаракат қилинаётган бўлса, чегара мана шу муносабатларнинг ривожланишини таъминловчи омилдир. Чегара масаласи очиқ-ойдин муҳокама қилинмас экан, ҳар қандай муносабатларнинг орти зиддиятларга сабаб бўлади. Айниқса Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасини аниқлаш масаласи сиёсий муаммога айланиб кетган, – деди Саламат Аламанов.

Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари 2009 йилдан бери совуқлашиб, чегаралар Ўзбекистон томонидан ёпилган. 2009 йиилгача икки давлат ўртасида 17та чегара ўтказиш пункти бўлса, бугунги кунда бу пунктларнинг икки-учтасигина очиқ қолган. Бу пунктлар ҳам Ўзбекистонда расмий тадбирлар ўткизилаётган пайтда бир неча кунга ёпиб қўйилади.

2016 йил март ойида Ўзбекистон Чаласарт деб аталадиган баҳсли ҳудудга аскар ва ҳарбий техника киритгани ортидан икки давлат ўртасидаги муносабатлар очиқ зиддият даражасига етди. Бу воқеа ортидан Бишкек ҳукумати Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги 20га яқин объектини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган.

XS
SM
MD
LG