Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:03

Қорақалпоғистонда 60 ҳашарчи тушган автобус ҳалокатга учради, 27 киши касалхонада


Маориф ва тиббиёт ходимларидан иборат 60 кишилик ҳашарчилар гуруҳи 1988 йилда ишлаб чиқарилган "ПАЗ" автобусида йўлга чиққан.
Маориф ва тиббиёт ходимларидан иборат 60 кишилик ҳашарчилар гуруҳи 1988 йилда ишлаб чиқарилган "ПАЗ" автобусида йўлга чиққан.

Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида ғўзани чеканка қилишга одам ташиётган автобус ҳалокатга учраб, 27 киши шифохонага тушди. 4 кишининг жароҳати оғир экани айтилди. Ҳокимликка яқин манбадан олинган маълумотга кўра, автобусдаги 60 га яқин ўқитувчи ва тиббиёт ходими ғўзани чеканка қилишга олиб кетилаётган эди. Расмийлар ҳалокат автобуснинг ўта эскилигини тан олар экан, айни пайтда ҳалокат ҳайдовчининг айби билан содир бўлган, демоқда.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси тарқатган маълумотга кўра, автобус ҳалокати 2 август куни Қорақалпоғистон республикасининг Қораўзак туманида содир бўлган.

Альянс "Автобусда 60 дан ортиқ ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари мажбуран пахта даласига олиб кетилаётган эди. Фалокат натижасида 22 киши оғир жароҳатлар билан шифохонага тушди. Бу ҳодиса Қорақалпоғистон ИИВ томонидан тасдиқланди", деб хабар тарқатди.

Бу хабар ортидан аниқланишича, автобусдаги йўловчилар тумандаги спорт мактабларидан бирининг ўқитувчи ва техник ходимларидан иборат бўлган.

Туман ҳокимлигига яқин манба ҳодисада аслида 27 киши жароҳатлангани ва улардан 4 нафарининг жароҳати оғир эканини тасдиқлади:

"27 киши шифохонага тушган, 4 тасини аҳволи оғир. Қолганлари енгил жароҳатлар билан тезда чиқиб кетган шифохонадан. Автобусда 60 киши атрофида бўлган. Ғўза чеканкасига кетаётган ҳашарчилар бўлган", деди Қораўзак тумани ҳокимлигига яқин манба.

Ҳалокатга ҳайдорвчиси маст бўлган автомобилнинг автобусга қарши келгани ва натижада, автобус ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб қўйиб, йўл четига чиқиб кетгани сабаб бўлгани айтилди.

Ўта эскириб кетган автобус ағдарилган ва унинг ичидаги ҳашарчиларнинг аксарияти турли жароҳатлар олган. Оғир аҳволдаги 4 кишининг умуртқаси сингани ва бошқа аъзолари оғир лат егани айтилмоқда.

Аммо, Қораўзак туманининг ҳалокат пахта чилпишга сафарбар қилинган ўқитувчи ва техник ходимлар билан содир бўлганини тасдиқлаган расмийлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган "ҳашарчилар" ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ саволларни яна очиқ қолдирди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида давлат идоралари ва бошқа бюджет ташкилотлари ишчиларининг пахта далаларига мажбуран йўлланаётгани кузатилмоқда. Расмийлар "ҳашарчилар" деб атаётган бу ишчилар пахтани чопиш, ягона қилиш ва ёз ойларига келиб чилпишга мажбуран сафарбар қилинмоқда.

Муҳими, мажбуран далага йўлланаётган ишчилар билан содир бўлаётган автоавариялар ҳақида ҳам мунтазам хабарлар келиб турибди. Одатда бундай автоҳалокатларга ҳайдовчилар айбдор қилиб кўрсатилмоқда.

Хусусан, Қораўзакдаги навбатдаги автоҳалокат юзасидан ҳам жиноят иши очилгани ва бунда автобус ҳайдовчиси асосий айбдор сифатида кўрилаётгани расман айтилди.

XS
SM
MD
LG