2016 йилнинг биринчи ярмида Москва бюжетига меҳнат муҳожирларидан пул тушуми нефть ширкатларидан келадиган даромаддан қарийб икки ярим баравар кўп бўлган.
Бу ҳақда Москва шаҳар ҳокимиятининг иқтисодий сиёсат департаменти бошлиғи, Максим Решетников, "Интеhфакс" агентлигига маълум қилди.
Москва бюджетига меҳнат муҳожирлардан тушган фойданинг қарийб ярми ўзбекистонликлар тўлаган солиқ ҳисобига қўлга киритилган.
Москва бюджетига энг кўп солиқ ўзбеклардан тушади
Максим Решетниковга кўра, Москва бюджетига меҳнат муҳожирларининг патент учун тўлаган солиқ миқдори сўнгги ярим йилда 6,8 миллиард рублни (тахминан 104,6 млн. доллар) ташкил этди.
Расмий рақамларга кўра, Россия пойтахтида 900 мингга яқин қонуний меҳнат муҳожирлари яшайди.
Ўзбекистон ватандошлари уларнинг 43 фоизини ташкил этади.
Максим Решетниковнинг ишонишича, ноқонуний муҳожирларни легаллаштириш билан Москва бюджети даромадини янада кўпайтириш мумкин.
Патент тартиби меҳнат муҳожирлари учун Россияда қонуний ишлаш ҳуқуқини беради.
Жорий йилда Москвада патент тўлови ойига 4200 рублни (64 доллар) ташкил этади.
Пойтахт расмийлари фикрларича, патент тартиби Россия фуқаролари иш ўринларини ҳимоя этиш, меҳнат муҳожирлари оқимини назорат қилиш ва миграция бозорини шаффоф бўлишига имконият яратади.
Москванинг муҳожирларга нисбатан сиёсати ўзгармайди
Москвадаги “Гражданское содействие” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкинага кўра, муҳожирларнинг бюджетга келтираётган фойдалари ҳаммага аён бўлса-да, пойтахт расмийларининг муҳожирларга бўлган қаттиққўл сиёсати ўзгармайди.
- Расмийларнинг аксилмуҳожир, қуруқ дабдабали гаплари шунчаки тарғибот ишидир. Бундай муносибат ўзгармайди, шундайлигича қолаверади. Москва ҳукумати ҳозир келтирган рақамлар, муҳожирларнинг мамлакат ривожи учун қанчалик фойдали келтиришини тасдиқлайди. Бошқа тарафдан, белгиланган патент тўлови муҳожирлар учун, хусусан, шахсий секторда ишлайдиганлар учун ўта қимматдир. Мисол учун, оилаларда энага ёки дала ҳовлиларида боғбон бўлиб ишлайдиганлар олдинлари патент учун ойига 1200 рубл тўлашарди. Ҳозир 4200 рубл тўлашади. Хусусий секторда ишлайдиганлар учун ҳукумат патент нархини камайтириши лозим, деди Светлана Ганнушкина.
Озодлик сўҳбатлашган кўпчилик ўзбекистонликлар, Россияда ишлаш рухсатномасини олиш оғир кечаётганини таъкидлашди.
Москвада ишлаётган Муродалининг айтишича, ишлаш рухсатномасининг қимматлиги муҳожирларни ноқонуний йўлларни излашга ёки уйларига қайтишга ундамоқда.
- Патент нархи биз учун қиммат. Чунки олаётган маошимиз, турар жой, овқат ва йўл харажатига зўрға етади. Москвада ҳаёт киммат. Мени айрим танишларим, маошларининг камлиги, пул етмагани боис, патент тўламай кўйишди. Ҳозир катта пул сарфлаб, ишлаш рухсатномасини олганлар, иш тополмай сарсон бўлиб юришибди. Ҳозир иш топиш жуда қийинлашган. Русларнинг ўзлари ишсиз юрибди, деди Муродали.
Экспертлар фикрига кўра, Россия аҳолиси орасида ҳозирда меҳнат муҳожирларига бўлган муносибат бир мунча яхшиланмоқда.
Шу кунларда Москвадаги “Ромир” тадқиқот холдинги ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, сўралганларнинг атиги 7 фоизи малакат учун энг долзарб муаммо сифатида мамлакатга келаётган меҳнат муҳожирларини тилга олишган.
Бундан 3 йил олдин ўтказилган сўровда ушбу кўрсатгич 19 фоизни ташкил этганди.