Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:23

Новосибирскда мигрантларга ҳайдовчи, балиқчи ва таржимон бўлиб ишлаш тақиқланди


​Новосибирск губернатори иқтисоднинг бир қатор соҳасига хориж фуқароларини жалб қилишни тақиқловчи ҳужжатни имзолади. Мазкур ҳужжат ортидан новосибирсклик иш берувчиларга тақиқланган соҳаларда ишлаëтган меҳнат муҳожирларини тез орада бўшатиш талаби қўйилди.

Новосибирск губернатори Владимир Городецкийнинг душанба куни вилоят ҳукумати расмий сайтида эълон қилинган қарорида муҳожирларга ишлаш мумкин бўлмаган меҳнат фаолиятининг 16 тури кўрсатиб ўтилган.

2016 йилда Новосибирск вилоятидаги хўжалик юритиш субъектларига патент асосида меҳнат қилувчи хориж ватандошларини жалб қилиш тақиқланди”, дейилади қарор матнида.

Новосибирск ҳукумати хорижликларнинг йўловчи транспортини бошқариш, ўрмончилик, балиқчилик, овчилик ва фойдали қазилмалар соҳаларида ишлашига тақиқ қўйди. Шунингдек, вилоятдаги меҳнат муҳожирлари молия, ҳуқуқ, бухгалтерия, аудит бўйича мутахассис сифатида ишлай олмайди, уларга ҳатто таржимонлик ёки котиблик қилиш ман этилди.

Новосибирск вилоятидаги муҳожирларнинг бундан буëғига болалар боғчалари, мактаблар, болалар меҳнат ва истироҳат лагерларида ҳамда болалар озиқ-овқатини ишлаб чиқариш соҳасида меҳнат қилиши ҳам мумкин эмас.

Озодлик боғланган Новосибирск вилояти ҳукумати расмий вакили Роман Кулаковский бу қарор сабаблари эртага уюштирилажак махсус матбуот анжуманида тушунтирилишини билдирди:

- Bу масалада бирор ортиқча маълумот беришга ҳаққим йўқ. 16 август куни соат 14:00 Новосибирскда бу масалада журналистлар ва бошқалар учун махсус матбуот анжумани ўтказилади. Ўша ерда барча саволларга жавоб топилади деган ишончдаман, деди Роман Кулаковский.

Ҳукумат қароридан маълум бўлишича, кўрсатилган соҳаларда фаолият юритаётган иш берувчи корхона ва муассасалар келгуси уч ой ичида мигрантлар меҳнатидан тўлиқ воз кечиши зарур¸ акс ҳолда улар жиддий жаримага тортилади.

Губернатор қарори ортидан Озодлик мухбири боғланган Новосибирскдаги ўзбек муҳожирлари бу қарорнинг ўзлари учун мутлақ кутилмаган янгилик экани¸ ундан ҳатто хабарлари йўқлигини билдирди.

2015 йилда Россия Бош вазири Дмитрий Медведев меҳнат муҳожирлари учун ишлашга рухсат берилган ва берилмаган соҳаларни белгилашни минтақа раҳбарлари ихтиёрига топширган эди.

Новосибирск Меҳнат вазирлигига кўра, 2015 йилда Новосибирск вилоятида аҳоли ўсишининг 80 фоиздан ортиғи муҳожирлар ҳиссасига тўғри келган.

Ўтган йили МДҲ давлатларидан Новосибирск вилоятига 10 мингдан зиёд муҳожир келган бўлиб, улар аксарини Ўзбекистон, Тожикистон ва украиналиклар ташкил этган.

Айни пайтда, Россиянинг кўплаб минтақа бюджетининг¸ асосан¸ меҳнат муҳожирларидан олинаётган солиқлар ҳисобига тўлаётгани айтилмоқда.

Расмий статистика маълумотларидан Россия пойтахтида меҳнат қилаётган муҳожирлар Москва бюджетига нефт-газ соҳасидан кўпроқ даромад келтираётган ва шаҳар бюджетига 2016 йилнинг биринчи олти ойи давомида мигрантлар солиғидан 6,8 миллиард рубл даромад тушган.

XS
SM
MD
LG