Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:57

ЎзТВ Ислом Каримовнинг мамлакат халқига табригини ўқиб эшиттирди


31 август оқшомида “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурида Ислом Каримовнинг мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига табриги ўқиб эшиттирилди.

Табрикномани ўқиган телевидение диктори президентнинг саломатлигига оид маълумот бермади.

"Мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, эл-юртимизни мустабид тузум кишанларидан озод қилиб, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрами билан барчангизни, бутун халқимизни чин қалбимдан табриклайман", деб бошланади Президент табриги.

Мамлакат раҳбари мустақиллик йилларида эришилган ютуқларга тўхталаркан, жумладан бундай деган:

"Мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар ўсди, унинг таркибида саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга етди, жаҳон миқёсидаги глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида камдан-кам давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда. Айтиш керак, 2016 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилда ҳам ўсиш суръатларимиз бундан паст бўлмайди".

Айни пайтда Европа реконструкция ва ривожланиш банкининг прогноз қилишича, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръати 2016 йилда ўтган йилги 8 % дан 6,5%га тушади. Бунинг сабаби банкка кўра, Россиядан пул жўнатмалари ҳажми қисқариб кетганидир.

Олдинда турган вазифалар тўғрисида Президент табрикномасида, жумладан, бундай дейилган:

"Энг аввало, мамлакатимизни демократик янгилаш, модернизация қилиш, унинг рақобатдошлигини ошириш йўлида бошлаган ислоҳотларимизни давом эттириш, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш ва унда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг улушини кенгайтириш ва унинг устуворлигини таъминлаш вазифалари ҳал қилувчи ўрин тутиши зарур. Шулар қаторида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес самарасини ошириш, хорижий инвестициялар ҳажмини кўпайтириш, замонавий, юқори технологияларни жорий этиш мақсадида мамлакатимизда яратилган имтиёзларни янада кенгайтириш вазифалари доимо эътиборимиз марказида туриши даркор".

Президент табрикномаси матни 31 август, куннинг иккинчи ярмида Даракчи.уз сайтида пайдо бўлди. Матнни эълон қилар экан, сайт матннинг доимий адреси ЎзА ахборот агентлигига ишора ҳам берган эди. Лекин кўп ўтмай, Даракчи. уз табрик матнини олиб ташлади.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тақдири у ҳақда тарқатилаётган бир-бирига зид хабарлар фонида ҳамон жамоатчилик учун мавҳум бўлиб қолмоқда.

30 август куни Фарғона ахборот агентлиги исми очиқланмаган манбаларга таяниб, унинг вафот этгани ҳақида хабар берди. Россиянинг Интерфакс агентлиги эса бу хабарни инкор этиб, Ислом Каримовнинг ҳаёт экани тўғрисида маълумот тарқатди.

Ўзбекистон ҳукумати 28 август куни Ислом Каримов стационар даволанишга ётқизилгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ президентнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева Instagram саҳифасида отаси инсульт бўлганини ëзди.

XS
SM
MD
LG