Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:13

Ўзбекистонда "пахта дедовшчинаси" бўй кўрсатмоқда


Навоий давлат кончилик институтининг пахта теримига чиқарилган биринчи боcқич талабалари “дедовшчина”дан шикоят қилди. Биринчи курс талабаларининг Озодликка хабар қилишича, катта курсда ўқиётган талабалар улар устидан зўравонлик қилмоқда.

Кимё-металлургия факультети пахта штаби бошлиғи талабалар шикоятини эшитмаёқ рад этишга шошилди ва трактор шовқинини баҳона қилиб, алоқани узиб қўйди.

Навоий давлат кончилик институти Кимё-металлургия факультети биринчи босқич талабаларининг шикояти Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали етиб келди.

Талабалардан бири, ўзини Ёдгор, деб таништирган йигит вазиятни бундай таърифлаб берди:

- Биз 16 сентябрь куни пахтага чиқарилдик. Биринчи кунидан “дедовшчина” бошланди. Кундузи ҳаммаси жойида эди – кечаси бошланаяпти. Катта курс болалари – 2-, 3-, 4- курс ва магистратура болалари ичишди. Оқшом кириб, ҳамма биринчи курсларни “Бир қатордан тур!”, деб армиядагидек турғизаяпти. Мақсади – бизнинг норма 40 кило, улар “80 кило терасан”, деяпти. “Нимага?” десак, “Учинчи-тўртинчи курслар дам олиши керак, чунки ўтган йили биз ҳам худди шундай қилганмиз. Бундай анъана 20 йилдан бери бор!”, деяпти, деди Ёдгор.

Суҳбатдошнинг билдиришича, юқори курс талабалари биринчи курслардан бу зўравонлик борасида ўқитувчиларга хабар бермаслик, акс ҳолда улар “козёл” ва “сотқин” деган номни олиши мумкинлиги билан таҳдид қилган.

Ёдгор катта курс талабалари ўз кучини кўрсатиш мақсадида биринчи курс болаларини беаёв дўппослаганини гапириб берди.

- Дабдаласини чиқариб ташлади болаларни: ётқизиб қўйиб тепяпти. Свет ўчган, битта болани тўртта-бешта бўлиб уряпти. Бошга-кўзга урмайди - танасини кўкартириб қўймаслик учун кўрпага ўраб тепаяти! Улар бир маротаба қўрқитиб, кўниктириб олди ўзига. Болаларни ошқозон-бўйрагини тўкиб қўйяпти, кўпчиликни ичи оғриб қолди. Ундан кейин “Магазинга борасан, ейиш-ичиш ташкиллаштирасан. Бизлар кечаси дам олишимиз, маишат қилишимиз керак!”, деяпти. Ҳар куни кечқурун шу аҳвол. Болаларни кўпи шок ҳолатига тушиб қолган – қаршилик кўрсата олмайди, дейди биринчи курс талабаси.

У каттиқ калтакланган Элдор исмли биринчи курс толиби жароҳат олиб, шифохонага кетган бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилди.

Суҳбат сўнггида Ёдгор бундай вазият яхшилик билан тугамаслигини билдирди.

Озодликнинг аниқлашича, Кимё-металлургия факультетига 2016 йилда қабул қилинган “А” ва “В” гуруҳ биринчи босқич талабалари сони 48 кишини ташкил этади. Катта курс талабалари зўравонлигига бардош бера олмаган бу йигитларнинг кўпи турли баҳоналар билан уйга жавоб олишга уринаётгани ёки қочиб кетаётгани маълум бўлди.

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирида ўқитувчилик қилаётган Озодлик манбаси “дедовшчина”сабабларига изоҳ берар экан, бу иллат негизини билим юртларидаги муносабатларда излаш кераклигини тавсия қилди.

Пахта теримига жалб қилинган ўқитувчиларнинг аксари талабалар бошқарувини жисмонан бақувват, катта курсда ўқиётган ёки ҳарбий хизмат ўтаб келган катта ёшдаги йигитларга топширади.Бошқарув деганда бу йигитларга пахта термаслик, талабаларни пахта тердириш ва нормани бажартириш,қолган талабаларга нисбатан дурустроқ шароитларда яшаш ва, айрим ҳолларда,терилган пахта учун пулларни тарқатиш “имтиёзлари” берилади. Ўқитувчиларнинг кўпи юқори курсларнинг энди ўқишга кирган йигитлар устидан қилаётган зўравонлигини кўриб-билиб туради, аммо кўрмаганга олади. Чунки уриб-синдириб бўлса ҳам энг асосийси – план бажарилиши керак”, деди анча йилдан буён талабаларни пахтага олиб чиққанини гапирган домла.

Штаб бошлиғи биринчи курс талабалари даъволарини тан олмади

Факультетнинг Навоий вилоят, Навбаҳор тумани Ижант маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган пахта штабидагилар биринчи курс талабаларининг шикояти мазмуни билан танишини ҳам истамади.

Факультет пахта штаби бошлиғи Ҳусниддин Ғофуров Озодлик саволига жавобан, шоша-пиша, талабалари шикоятини “ёлғон”, деб атади:

- Ҳаммаси ёлғон бу гаплар. Ҳеч унақа бўлгани йўқ. Ҳаммаси жойида, ички ишлар ходимимиз шу ерда. Ўзимиз кечқурун ухламаймиз, ҳаммаси ухлаб ётганида тепасида турамиз. Свет умуман ёқилмайди. Ёлғон гап ҳаммаси. Кечирасиз, бу ерда тракторлар овозлари бўлиб, гапларингиз яхши эшитилмаяпти, дея телефонини ўчирди факультет пахта штаби бошлиғи Ҳусниддин Ғофуров.

Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, айни пайтда Навоий давлат кончилик институти ректори Қувондиқ Санақулов бошқариб келаётган ўқув юрти талабалари ҳозирда Навоий вилоятининг турли туманларида пахта теримига жалб қилинган.

Талабалар – пахта қурбони

Ҳар йили пахта теримига жалб этилган талабалар орасида ўнлаб қурбонлар қайд этилади.

2013 йилнинг 16 сентябрида Қарши Давлат университети Тарих факультети Миллий ғоя йўналиши 2- курс талабаси шу факультет 4- курс талабаларидан 4 нафарини Нишон туманидаги пахта даласида пичоқлаб қўйгани, пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлгани;

2014 йилнинг 2 октябрида Гулистон Давлат университети 2- курс талабаси Шамсиддин Бобосаидов пахтада юқори курс талабалари томонидан уриб ўлдирилгани;

2014 йилнинг 28 сентябрида Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар политехника коллежининг учинчи курс ўқувчиси, 18 ёшли Мажид Ўтеганов ўзини осгани тўрисида Озодлик олдин хабар берган эди.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари йиллардан буён Ўзбекистон ҳукуматини ўқувчи ва талаба ёшларни қишлоқ хўжалик ишларига мажбурий жалб этишни тўхтатишни талаб қилиб келади.

Дедовшчина - Совет Армиясида пайдо бўлиб, кенг тарқалган ва постсовет мамлакатларига, хусусан Ўзбекистонга ҳам кўчган ижтимоий иллатдир. Армияга аввал чақирилган ва демобилизация бўлишини кутаётган аскарлар ўзларини "дедлар" ("қариялар") билиб, ўзларидан кейин чақирилган янги аскарлар - "салагалар" устидан зўравонлик қилар, таҳқирлар, уларга оғир ишларни буюрар эди.

XS
SM
MD
LG