Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:36

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси: Пахта теримида иштирок этиш мажбурий эмас!


"Пахтага чиқишга ҳам, чиқмасликка ҳам ҳаққингиз бор. Иш берувчининг ҳам, давлат органларининг ҳам ишдан бўшатишга ҳаққи йўқ. Бу қонунда белгиланган". Бу гапни Озодликка Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси расмийси айтди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси мамлакатда пахта теримига мажбур қилинаётган ватандошлардан қўнғироқларни қабул қилиш учун "ишонч телефони"ни ташкил этди. Шунингдек, идора теримчилар меҳнат шароитлари яхшиланиши ёки ҳеч бир шахс пахта теримига мажбурланиши мумкин эмаслиги тўғрисида махсус ахборот кампаниясини бошлаб юборгани маълум бўлди.

Касаба уюшмалари федерацияси тарқатаётган материалларда ўзбекистонликларнинг ҳеч қандай шартларсиз пахта теримида иштирок этишдан бош тортиши ҳуқуқи борлиги уқтирилган.

Ташкилот хабарига кўра, махсус call-centerда пахта йиғим-терими ва мажбурий ижтимоий меҳнат муносабатлари бўйича ўзларини қизиқтирган ҳар қандай бошқа саволлар билан ҳам мурожаат қилишлари мумкин.

Озодлик федерация эълон қилган 1092 ёки +998 (71) 200−06−01 рақамли “ишонч телефонлари” орқали қўнғироқ қилиб, “Пахтага чиқиш мажбурийми?” саволини бериб кўрди.

- Ҳурматли фуқаро! Пахтага чиқиш – бу ихтиёрий меҳнат турига кириб, унга сизни ҳеч ким мажбурлай олмайди: хоҳласангиз чиқасиз, хоҳласангиз чиқмайсиз. Бу мажбурий эмас! Бу масала бўйича туман инспекторлари билан боғланишингиз ва батафсил гапириб беришингиз мумкин.Улар сизга қандай чора-тадбирлар кўришингиз мумкинлигини тушунтириб беради, деди касаба уюшмалари федерацияси “ишонч телефони” ходими Муҳаммад Отабек.

Касаба уюшмалари федерацияси “бутун республика бўйлаб болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги борасида баннер, постер ва флаерлар ўрнатаётгани” ҳақида ҳамда бу масалада юзага келган муаммолар бўйича бепул юридик хизмат ташкил этилганини хабар қилмоқда.

"Шахс қўшимча шартларсиз теримдан бош тортишга ҳақли. Ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда ишонч телефонларига мурожаат қилинг", дейилади Ўзбекистон кучаларида тортилган баннерландан бирида.

Федерация юристлари Озодлик сўровига пахта теримига мажбурлаган ҳар қайси ташкилот Ўзбекистон қонунлари асосида жавобгарликка тортилишини билдирди.

- Пахтага чиқишга ҳам, чиқмасликка ҳам ҳаққингиз бор. Иш берувчининг ҳам, давлат органларининг ҳам ишдан бўшатишга ҳаққи йўқ. Бу қонунда белгиланган. Сиз кўрган ўша баннерларда Конституция, Кодексдан иқтибос келтирилган. Агарда сизни мажбурлаётгани бўйича батафсил маълумот берсангиз, бизнинг ишчиларимиз чиқиб вазиятни ўрганишади, ҳимоя қилиш чорасини кўришади, деди ташкилот юристи Диёрбек.

Федерация юристи пахтага мажбурлаш масаласида ҳар бир шахс прокуратурага ҳам мурожаат қилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.

Халқаро экспертлар “Жаҳон банки” сўрови билан Ўзбекистондаги болалар ва катталар мажбурий меҳнатига оид вазиятни кузатишни бошлаши муносабати билан ўтган йил сентябрида ҳам Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси аҳолини катталар ва болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланмаслик, фойдаланилган тақдирда бунга кўрилажак жазодан огоҳлантирган эди.

Умумий сармояси бир триллион долларга етувчи халқаро ширкатлар болалар меҳнати воситасида терилаëтгани танқид қилинган ўзбек пахтасини бойкот қилиши ортидан¸ Ўзбекистон ҳукумати 2013 йили мамлакат қонунчилигига ўзгартиш киритган ва 2015 йили БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассисларининг пахта мавсумини бевосита кузатишига рухсат берган эди.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб бюджетга қарашли ташкилот ва муассасалар ходимлари пахта теримига мажбурий жалб этилаётгани тўғрисидаги хабарлар келмоқда.

XS
SM
MD
LG