Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:31

Ўзбекистонда “тадбиркорларга кенг эркинлик бериш” устивор йўналиш сифатида белгиланди


Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бири.
Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бири.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 5 октябрда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга қаратилган Фармонни имзолади. Мазкур ҳужжатда “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш...давлат давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилансин”, деб қайд этилган.

Шавкат Мирзиёев томонидан 5 октябрда имзоланган 12 банддан иборат Фармонда тадбиркорларликни ривожлантириш ва уларга эркинлик беришнинг уч йўналиши қайд этилган:

1.Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳукумат органлари аралашувини бартараф этиш;

2.Тадбиркорлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва ҳимоялашни кучайтириш;

3.Самарасиз, эскирган ва бозор меҳанизмалари ўрнини эгаллаб олган нормаларни бартараф этадиган замонавий талабларга жавоб бера оладиган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш.

Бу мақсадларга эришиш мақсадида Фармонда бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳукумат органлари аралашувини бартараф этиш чоралари

Жумладан, Ўзбекистонда 2017 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текшириш тақиқланади.

1 январдан бошлаб молиявий хўжалик юритиш фаолиятида биринчи марта қонунбузарлик қилган тадбиркорлик субъектлари ёки шахслар маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарима тўлашдан озод этилади. Бироқ улар бу конунбузарликни ихтиёрий равишда қонунчиликда белгиланган тартибда бартараф этишлари лозим бўлади.

Бундан ташқари тадбиркорлик фаолиятини ноқонуний юритиш айблови билан биринчи марта қўлга тушган шахслар ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилади.

Бу ҳолатда улар бир ой ичида келтирилган зиённи тўлаб беришлари ва тадбиркорлик субъекти сифатида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишлари шарт бўлади.

Кейинги йилдан бошлаб жиноий қонучиликда тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси қўлланилмайди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва ҳимоялашни кучайтириш соҳасида

Ўзбекистон Олий Мажлиси қошида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил-Бизнес омбудсмен институти ташкил этилади. Фармон доирасида Олий Мажлисга мана шундай тавсия киритилди.

Бизнес Омбудсмен тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш;тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш;қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолаш;давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш каби ваколатларга эга бўлади.

Самарасиз, эскирган ва бозор меҳанизмалари ўрнини эгаллаб олган нормаларни бартараф этадиган замонавий талабларга жавоб бера оладиган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш

Фармонга асосан Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2016 йилнинг охиригача тайёрланиб, Олий Мажлисга тақдим этилиши шарт.

Бош прокуратура Олий Суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсилик хизмати ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда икки ой ичида коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши лозим.

Фармонда уч ой ичида тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ишчиларини маъмурий жавобгарликка тортиш ҳамда назорат қилиш ваколатини босқичма-босқич судларга ўтказиб бериш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳақида ҳам кўрсатма берилган. Айни пайтда бу ваколат Бош прокуратура ва солиқ қўмитасига мансубдир.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси уч ой ичида “...маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширишни рағбатлантирадиган валютани тартибга солишнинг ва валюталар курси сиёсатининг илғор бозор механизмларини жорий этиш” бўйича таклифларни ишлаб чиқиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда “самарасиз, эскирган ва бозор механизмларининг ўрнини эгаллаб олган нормаларни бартараф этадиган тегишли норматив ҳужжатларни” ишлаб чиқиши ва қабул қилиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари Фармонда тадбиркорлик фаолиятига рухсат берувчи, лицензия бериш талаблари каби бир қатор қонун ҳамда ҳужжатларга ҳам либерал ўзгартиришлар киритиш тўғрисида кўрсатма берилган.

Сапарбой Жубаев: Қонунларни ўзгартириш қийин эмас, уларни амалга тадбиқ этиш қийин

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, Астанадаги Евроосиё университети доценти, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевдан Шавкат Мирзиёев имзолаган мазкур Фармон юзасидан фикр билдиришни илтимос қилдик.

Сапарбой Жубаев билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Иқтисодчи Сапарбой Жубаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:48 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG