Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:02

Асқаров суди. Гувоҳ Асқаровни ҳибсхонада калтаклаганини ва шундан сўнг озод қилинганини тасдиқлади


Азимжон Асқаров суд жараёнида.
Азимжон Асқаров суд жараёнида.

Азимжон Асқаров устидан Чуй вилоят судида ўтаётган иккинчи жараёнда гувоҳлик берганлар асосан “Асқаровнинг ўзбеклар орасида обрўси катта бўлгани учун ҳам у тартибсизликларнинг уюштирувчиси бўлган деб таҳмин қиламан” қабилидаги кўрсатмаларни берди. Қирғизистоннинг Чуй вилоят суди Ўш воқеаларида тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаров ишини 4 октябрдан бошлаб қайта кўриб чиқишни бошлаган эди.

Асқаров суди. Гувоҳ Асқаровни ҳибсхонада калтаклаганини ва шундан сўнг озод қилинганини тасдиқлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:51 0:00
Бевосита линк

Ўш воқеаларида тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров иши юзасидан Чуй вилоят судининг 11 октябрь куни ўтган йиғилишида гувоҳлик берган Мавлонжон Мамиржонов 2010 йилнинг 15 июлида Бозорқўрғон туман милицияси ҳибсхонасида Азимжон Асқаровни калтаклаганини тан олди.

Прокурорнинг “Азимжон Асқаровни неча марта урдингиз?” деган саволига Мавлонжон Мамиржонов мана бундай жавоб берди:

-Икки –уч марта урдим.Қанча марта урганим эсимда йўқ, бироқ урганман. Урганимдан кейин у йиқилиб тушган,-деб кўрсатма берди Мавлонжон Мамиржонов.

Гувоҳнинг айтишича, уни 15 июль куни ҳибс қилишган. Мамиржонов адовкатларнинг уни қайси айблов билан ёки қандай сабаб билан ҳибс қилишганини тўғрисидаги саволларига жавоб бера олмади. Мамиржоновга кўра, милиция ҳам, прокуратура ҳам, терговчи ҳам уни нега қўлга олишгани ва кейин нега ҳибсдан чиқариб юборишгани ҳақида ҳеч қандай ҳужжатларни ҳам, тушунтиришларни ҳам бермаган.

Адвокат Валериан Ваҳитовнинг бу борада берган саволи эса прокурорлар томонидан ҳам, гувоҳ Мамиржонов томонидан ҳам жавобсиз қолдирилди.

-Жиноий иш материалларига кўра, Мамиржонов ўзбек тилида тушунтириш хати берган. Ўша хатда у 15-куни, яъни Асқаров калтакланган куни, мени ИВСга ўтирғизишди, деб тушунтириш бераяпти. Бундан келиб чиқаябдики, у Асқаровни 15-куни калтаклаган. Сизлар Асқаровни 16 июль куни гумонланувчи сифатида ҳибсга олаяпсизлар. Шундай экан Мамиржонов 15-июль куни ҳибсхонада Асқаровни қандай қилиб калтаклаши мумкин эди? Бу ерда ҳуқуқ фаоли Тўлайкан Исмоилова жуда тўғри масалани кўтарди. Мамиржоновни қандай асосларга кўра қўлга олишган эди ва қандай асосларга кўра, уни қамоқдан озод этишган? -деб савол берди Валериан Вахитов.

Адвокатлар ва ҳуқуқ фаоли Тўлайкан Исмоилова судда БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси 180 кун ичида Асқаровни қамоқдан бўшатишни қирғиз ҳукуматидан талаб қилганини ва бу муддат 30 сентябрда якунланганини билдириб, Асқаровни озод этишни илтимос қилдилар.Суд адвокатларнинг Азимжон Асқаровни зудликда қамоқдан озод этиш талабини инобатга олмади.

Маҳкама давомида Азимжон Асқаров қўлини Қуръонга қўйган ҳолда милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат бўлган гувоҳлар ёлғон қўрсатмалар бераётганини айтди.

Бугунги суд йиғилишида гувоҳлик берган милиция, милий хавфсизлик қўмитаси ходимлари ва маҳаллий ҳокимиятнинг собиқ амалдорлари асосан “Асқаровнинг ўзбеклар орасида обрўси катта бўлгани учун ҳам у тартибсизликларнинг уюштирувчиси бўлган деб таҳмин қиламан” қабилидаги кўрсатмаларни берди.

Адвокатларга кўра, Бозорқўрғон прокуратураси Бош прокуратурага ёзган ҳисоботида Азимжон Асқаров 2010 йилнинг 16 июлида тартибсизликлар содир этилган ва милиция ходим ўлдирилган жойда қатнашганини исботловчи видеотасвирлар асосида қўлга олинган. Бироқ шу кунгача бўлиб ўтган бирорта суд жараёнида бу видео намойиш этилмаган. Шунингдек, ўша пайтда Бош прокурор бўлиб ишлаган Азимжон Бекназаров ҳам Азимжон Асқаровнинг айбдорлигини исботловчи видеолар мавжудлигини жамоатчиликка эълон қилган.

Адвокатлар шундан келиб чиққан ҳолда ҳимоя томони гувоҳларини, Азимжон Бекназаровни судга кўрсатма беришга чақиришни, Асқаров иштирокидаги видеолар судга тақдим этилишини талаб қилдилар. Суд авдокатларнинг бу талаби инобатга олингани маълум қилди.

Суд жараёнининг кейинги йиғилиши 18 октябрда ўтказиладиган бўлди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси экспертлари жорий йил 20 апрелда Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқиб, Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқ фаолини қамоқдан озод этишга чақирган.

Қўмита қарорида Асқаровнинг сохта айбловлар билан қамалганига ишонилиши қайд этилган. БМТ экспертларига кўра, Азимжон Асқаровга 2010 ва 2011 йилда ўтган судларда ўзини ҳимоя қилиш учун имкониятлар берилмаган, судларда фақат айблов томонининг гувоҳлари, асосан, милиция ходимлари гувоҳлик берган. Асқаровнинг ҳимоя томони гувоҳларига эса бундай имконият берилмаган, Асқаров адвокатларининг хавфсизлиги таъминланмаган.

Мазкур қарор ортидан июль ойида Қирғизистон Олий Суди Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиққан эди. Олий Суд ўз қарорида Асқаровга нисбатан Жалолобод вилоят суди ва Олий Суд чиқарган умбрбод қамоқ жазоси тўғрисидаги ҳукмни бекор қилди, Бироқ биринчи суд инстанцияси бўлган Бозорқўрғон туман судининг умрбод қамоқ тўғрисидаги ҳукми ўз кучида қолди. Олий Суд Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатди. Азимжон Асқаров иши қайта кўриб чиқилгунига қадар қамоқда сақланади.

Азимжон Асқаровга ўтган йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топиширилган эди. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган.

XS
SM
MD
LG