Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йилнинг 13 июлида Бозорқўрғон туманида тартибсизликларга раҳбарлик қилгани тўғрисидаги видео тасмага эга эмас. Бу ҳақда 25 октябрь куни ҳуқуқ фаолига нисбатан ўтказилган навбатдаги суд жараёнида маълум бўлди.
25 октябрь кунги жараёнда Бозорқўрғон туман милицияси бундай исбот мавжуд эмаслигини расман маълум қилди. Маҳакамага раислик қилаётган судя бу маълумотни ўқиб эшиттирди:
-2013 йилнинг 13 июлида содир этилган тартибсизликлар Бозорқўрғон туман Ички ишлар бошқармаси томонидан видеога олинган эмас, деган жавоб келди, -деди судя.
Бунга қадар қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари Асқаров тартибсизликларга раҳбарлик қилганини исботловчи видео мавжуд эканини билдирган эди. Бу ҳақда кучишлатар тузилмалар вакиллари аввалги суд жараёнларида берган кўрсатмаларида ҳам бир неча маротаба таъкидлашган.
Этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йилда содир этилган Ўш воқеалари уюштирувчиларидан бири сифатида айбланиб қўлга олинган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини билдирганлар.
Судда Асқаровнинг тартибсизликларга раҳбарлик қилгани тўғрисидаги видео йўқлиги аниқланганидан сўнг, ҳуқуқ фаолига нисбатан терговни олиб борган терговчи Жамила Туражанова ва Жалолобод вилоят прокурорининг собиқ ўринбосари Канат Исмаилов гувоҳлик беришди.
Жамила Туражанованинг айтишича, тергов Асқаровнинг айбдорлигини ва у тартибсизликлар пайтида милиция ходими Миктибек Сулаймоновни ўлдирганини аниқ исботлаган. Бунга жавобан Асқаров:
-Мен ҳақиқатни айтаяпман. Қирғизистон халқининг олдида, Қуръоннинг олдида, Худонинг олдида мен оқман. Сизга ўхшаган терговчилар бор экан, Қирғизистонда ҳеч қачон қонунлар ишламайди, -деб муносабат билдирди.
Канат Исмаилов эса Асқаров тергов жараёнида милиция ходимлари томонидан қийноққа солингани тўғрисидаги гапларни ҳақиқатга зид деб атади. Унга кўра, қамоқда Асқаровни милиция ходимлари эмас, у билан бирга қамоқда ўтирган маҳбус калтаклаган.
Бундан икки ҳафта олдин ўтган суд жараёнида Асқаров билан бирга ҳибсда сақланган Мавлонбек Маҳмуджонов ҳуқуқ фаолини 15 июль куни калтаклаганини тан олган эди. Бироқ Мавлонов ўзи нега ҳибсга олинганини, Азимжон Асқаровни калтаклаганидан сўнг нега ҳибсдан чиқариб юборилганини тушунтириб бера олмаган.
Бундан ташқари Асқаров расман 16 июлда қамоққа олинган бўлса, Мавлонов уни 15 июль куни ҳибсхонада қандай қилиб калтаклаши мумкин эди, деган савол ҳам шу кунгача жавобсиз қолмоқда.
Айтиб ўтиш жоизки, 25 октябрдаги суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.
Жорий йилнинг апрель ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров ишини ўрганиб чиқиб, қирғиз ҳукумати Асқаровни зудликда қамоқдан бўшатиши шарт, деган қарорни чиқарган эди.
Шундан сўнг 12 июлда Қирғизистон Олий суди Асқаровга нисбатан иккинчи ва учинчи суд инстанциялари чиқарган умрбод қамоқ жазосини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган.
Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш Чуй вилоят судида уч ҳафта аввал бошланган.
Азимжон Асқаровга нисбатан навбатдаги жараён 1 ноябрда ўтказилади. Суднинг бу мажлисига ҳимоя томони гувоҳлари таклиф қилиниши кутилмоқда.
Суд жараёнини халқаро ташкилотлар вакиллари ва Европа Иттифоқи давлатлари дипломатлари кузатиб бормоқда.