АҚШ президентлигига демократлар партиясидан номзод Ҳиллари Клинтоннинг сайлов кампанияси менежери Федерал қидирув бюросини (ФҚБ) республикачилар партиясидан номзод Дональд Трампнинг Россия билан эҳтимолий алоқаси юзасидан ўтказилган тергов натижасини эълон қилишга чақирди.
Робби Мук CNN телеканалига берган интервьюсида нима учун ФҚБ директори Жеймс Коми агентлик Трамп ва Россия ўртасидаги алоқалар ҳақида аниқлаган маълумотларини очиқламаётганини танқид қилди. Коми ўтган ҳафтада ФҚБ Клинтоннинг хусусий электрон почта серверидан фойдаланиб ёзган бўлиши мумкин бўлган янги хатларни тергов қилаётганини эълон қилган эди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, бир неча ой аввал ФҚБ Трамп ёки унинг одамлари россияликлар ёки Россияда жойлашган ширкатлар билан шубҳали муносабатда бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун дастлабки тергов бошлаган, аммо тўлиқ тергов очиш учун етарлича далил топмаган.
ФҚБ мазкур тергов ҳақида расмий билдирув эълон қилгани йўқ.
Reuters агентлигига кўра, ФҚБ Трамп ёки унинг шериклари “Хорижда коррупцион ҳаракатлар акти”ни бузгани ёки йўқлигини ёки АҚШ ҳамда Европа санкция жорий қилган шахслар ёки ширкатлар билан шартнома имзолагани ёки йўқлигини аниқлашга уринган.
“Президентликка номзодлар устидан очилган терговлар ҳақида маълумот эълон қиладиган одам Дональд Трамп ҳақида ҳам ҳамма нарсани ошкор қилади. Унинг россияликлар билан бўлган алоқаси ҳақидаги маълумотни ошкор қилиш керак”, деди Мук.