Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:27

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг қурултойи "бошқа кунга" қолдирилди


Муҳаммад Солиҳ ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоллари
Муҳаммад Солиҳ ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоллари

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) ўзининг Фавқулодда Қурултойини номаълум муддатга кечиктирганини эълон қилди. ЎХҲ бундай қарорнинг олинишига "Туркиядаги, хусусан Истанбул шаҳридаги сиёсий вазият ва мамлакатдаги “Фавқулодда Ҳолат” режими уйғуланаётган катта шаҳарлар учун чиққан Қарорнома" сабаб бўлганини айтди.

Туркия расмийлари 4 октябрда шу йил июлида давлат тўнтариши уринишидан кейин киритилган фавқулодда вазият муддатини яна уч ойга узайтиришга қарор қилганди.

Қарорга асосан, "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати мажлисининг маълум муддатга кечиктирилиши сўралди. Қурултой ҳайъати бу талабни тушуниш билан қаршилади ва мажлисни бошқа бир кунга олишга қарор берди," дея маълум қилинади ЎХҲ сайтида.

ЎХҲ бошлиғи Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда "Туркиядаги сиёсий вазиятнинг ўзгаришига қараб, Қурултой кунини белгилаймиз. Туркияда сиёсий вазиятнинг юмшашини кутаяпмиз," деб айтди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматига мухолифатда бўлган ЎХҲ Туркиянинг Истанбул шаҳрида фавқулодда қурултой ўтказишни режалаштирганди.

5 ноябрь куни Истанбулнинг Бағчелиевлар мавзесидаги Нажиб Фозил Кисакурак Маданият Марказига Ўзбекистон ташқарисида фаолият юритувчи ўзбек мухолифат фаоллари, халқаро кузатувчилар ва журналистлар жам бўлганди.

Ҳаракатнинг Ўзбекистондаги фаоллари, ЎХҲ фаолларига кўра, “тўсиқлар сабаб” Истанбулдаги қурултойга кела олмаган.

Ҳаракат Истанбулдаги йиғини арафасида Ўзбекистонда вақтинча президент вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев ва у бошчилигидаги ҳукуматни сиёсий қарашлари ва диний эътиқоди туфайли қамалган маҳкумларни озод этиш, Ўзбекистон фуқароларига Конституцияда белгилаб қўйилган сиёсий ва иқтисодий эркинликлар, сўз ва ифода эркинлигини амалда бериш ва бу борадаги барча тўсиқларни олиб ташлаш, Ўзбекистонда халқаро ташкилотларнинг кузатуви остида адолатли ва эркин сайловларни ўтказишга чақирди.

ЎХҲга кўра, "Каримовнинг ўлимидан сўнг зулмлар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва ҳуқуқсизлик давом этмоқда. Янги ҳукумат дастлабки ишини диндор қатламга нисбатан босимни ва зулмни кучайтиришдан бошлади. Юзига қора ниқоб кийган юзлаб махсус хизмат ходимлари, мусулмон оилаларнинг ҳонадонларига бостириб кирди, уларнинг мол-мулклари талон тарож қилинди, бир қанча инсон қўлга олиниб тергов қилинди, қийноқлар қўлланилди ва ҳеч қандай айблов эълон қилинмасдан қамоққа ташланди".

Шунингдек, ҳаракат Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги ҳукуматни ўз ташқи сиёсатида Россия манфаатлари таъсирига тушмаслик ҳақида огоҳлантирди: "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати янги ҳукуматдан бу ташқи сиёсатини зудлик билан қайта кўриб чиқиш ва Ўзбекистон халқи манфаатларига мослаштиришини талаб қилади", - дейилади ҳаракатнинг қурултой ўтказиш арафсида чиқарган баёнотида.

ЎХҲ сўнгги бор ўз қурултойини 2012 йилда Прага шаҳрида ўтказган эди.

Таъсис этилганига беш йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, кузатувчилар ЎХҲ фаолияти Ўзбекистон ичкарисида ҳамон сезилмаётганини айтишади.

Ҳаракат сафлари ташқаридаги фаоллари ҳисобидан ҳам сийраклашгани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG