Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:43

Юта штати мормонлари Доналд Трампга қарши


АҚШ президентлиги учун бу йилги сайлов жуда баҳсли ва қизғин ўтмоқда. Бу нарса Юта штатида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Аҳолисининг 60 фоизи мормонлардан иборат штат шу пайтгача фақат республикачиларга овоз бериб келган. Аммо бу сафар улар анъанани бузмоқчи.

Мормонлар кўпчилик Юта штатида, одатда, доим республикачилар ғолиб чиққан.

Аммо бу йил бошқача. Охирзамон Исо Масиҳ черкови издошлари республикачиларнинг бу йилги номзоди Доналд Трамп уларнинг қадриятларига мос эмаслигини таъкидламоқда.

"Сизлар учун бу одам катта намуна, деб айтишга қийналяпман. Чунки аслида бундай эмас",- дейди фуқаролардан бири Дейв Торсон.

"Ҳеч қачон кимгадир аниқ овоз бераман, деб айтмаганман. Ўрганиб кейин бир қарорга келаман, дердим. Бу сафар ўрганганим сари ҳайратим ошмоқда", - дейди Дейвнинг рафиқаси.

"У ҳеч қачон гапидан қайтмайди", - дейди Дейв.

Торсонлар оиласи бу йил учинчи партия вакили Иван Макмуллинга овоз бермоқда. У юталик ва мормон.

Бошқа кўплаб мормон оилалари каби, Торсонлар Трампнинг озчилик диний гуруҳларга қарши ҳақоратларини қабул қила олмади. Трампнинг жинсий тажовузкорлиги ҳақида гаплар чиқиши билан черковга қарашли ахборот воситаси сўнгги 80 йилда илк бор республикачи номзодга қаршилигини расман эълон қилди.

"Биз шуни ҳис қилдикки, ўз манфаати учун бошқаларнинг хоҳишларини қурбон қилиш золимликнинг бир кўринишидир. Кўрганларимиз ҳақида ошкора гапиришни ахлоқий бурчимиз деб билдик", - дейди черков нашри муҳаррири Ҳол Бойд.

Лекин Трампнинг ашаддий тарафдорлари Ютада ҳам бор.

"Шу гап-сўзларни деб Америка учун яхши бўлган номзодга овоз бермайманми? Одамларга нима бўлган?", - дейди бир фуқаро.

"У биз мормонлар ишонадиган кўп нарсаларни ёқлайди. Ароқ ичмайди, наша чекмайди. Шу боис ақли расо. Одамлар буни ҳурмат қилиши керак", - дейди яна бир Трамп тарафдори.

Республикачи номзод 1964 йилдан бери Ютада ютқазмаган. Бу йил ютқазса, тарихий воқеа бўлади. Шу боис жорий сайлов ҳар доимгидан ҳам муҳимроқ.

Макмуллиннинг президентликни қўлга киритиш имконияти йўқ. Агар у Ютада ютса, бу Трамп учун жиддий йўқотиш бўлади. Аммо мормонлар учун сайлов натижаси эмас, эътиқодлари муҳимроқ.

( Бу материал Америка Овози радиоси сайтидан олинди)

XS
SM
MD
LG