Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:59

М. Солиҳнинг “жиҳодга” даъвати фаолларнинг кескин норозилигини уйғотди


2011 йилнинг майида тузилган “Ўзбекистон халқ ҳаракати” (ЎХҲ) куни кеча тарқатган баёнотда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев “давлат тўнтариши содир этганликда” айбланди ва бу ҳолат унинг “бошқарувига қарши курашнинг энг радикал шаклларини қонуний ҳолга олиб келгани” иддао қилинди.

Бу баёнот кетидан ЎХҲ раиси Муҳаммад Солиҳ эълон қилган мақолада бир неча марта “жиҳод” сўзи ишлатилди.

Ўзбекистон ва унинг ташқарисидаги бир неча ташкилот ва шахслар ЎХҲ баёнотига ва Ҳаракат лидерининг мақоласига кескин норозилик билдирди.

Улар курашнинг ҳар қандай радикал кўриниши ва айниқса жиҳодга қарши эканликлари тўғрисида баёнотлар билан чиқди.

Норозилар орасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова ҳам бор.

ЎХҲ раисининг “жиҳодга” даъвати акс этган “Энди бироз ёмон бўлайлик” деган сарлавҳа остида ёритган мақоласига муносабат билдирар экан, Иноятова бошқараётган жамият “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сингари тўдаларнинг ҳар қандай радикал хатти-ҳаракатларини кескин қоралаб, Туркия ҳукуматини уларнинг фаолиятини ўрганиш ва ҳуқуқий баҳо беришга” чақирди.“Демократик кучларни огоҳ бўлиш, фуқаролик жамияти вакилларини бундай шубҳали ҳаракатларга аралашиб қолмасликка” ундади.

Тошкентда фаолият юритаётган “Эзгулик”никига ўхшаш позицияда эканлигини Ўзбекистонда ташкил этилган ва ҳозирда Францияда фаолият юритаётган инсон ҳуқуқлари “Ўтюраклар” клуби ҳам эълон қилди.

Клуб раҳбари Мўътабар Тожибоева ва бошқа ўзбекистонлик фаол сиёсий муҳожирларнинг ишонишича, ЎХҲ баёнотидаги қуйидаги фикрлар мутлақо зарарлидир ва уларни қабул қилиб бўлмайди:

“Шавкат Мирзиёевнинг Конституцияни оёқ ости қилиб, Президентлик курсисини эгаллаши ва зулмни кучайтириши каби ҳуқуқсизликлар, мухолифат учун бошқарувга қарши курашнинг энг радикал шаклларини ҳам машру (қонуний)ҳолга олиб келди.

Бундан сўнг бўлиши мумкин бўлган катаклизмалар учун жавобгарлик Конституцияни бузиб, тўнтариш йўли билан иқтидорга келган ноқонуний ҳокимиятнинг зиммасидадир”, дейилган ЎХҲнинг баёнотида.

Ўзбекистондаги ва чет элдаги ўзбек жамоатчилигининг фаол қатлами норозилигига сабаб бўлган баёнотнинг шу қисми юзасидан Озодлик саволларига ЎХҲ раиси Муҳаммад Солиҳ бундай жавоб берди:

Озодлик: “Радикал шакллар” деган ибора нимани ангалатади?

- Радикал шакллар нима эканлиги маълум. Масалан, халқнинг оёққа туриши бор. Халқ қўзғолони бор. Фуқаролар бўйсунмаслиги деган тушунча бор. Иш ташлашлар бор. Буларнинг ҳаммаси радикал шаклларга киради. Агар ҳукумат бундай қўзғолонларни, одамларнинг кўчага чиқишини қурол ишлатиб бостирадиган бўлса Андижондагидай (2005 йил 13 май воқеалари назарда тутилмоқда - таҳр.), у пайтда халқ ҳам золимларга қарши қуролланиши ҳам мумкин. Радикал шакллар шулардир.

Озодлик: Ўзбекистонда шундай радикал шакллар юзага келаётганининг аломатларини кўраяпсизми ёки ЎХҲ уюштирмоқчими уларни?

- Йўқ. Саволни бундай қўймаслик керак. Бизнинг бундай плаинимиз йўқ. Агар бундай планимиз бўлса, олдиндан айтамиз. Лекин бугунги кунда бундай планимиз йўқ.

Озодлик: Агар ЎХҲнинг бундай режаси бўлмаса, унда бу фикрнинг ўзи қандай пайдо бўлди? Ёки халқ ўзидан ўзи радикал қадамларга бориши мумкинлиги аломатларини кўраяпсизми?

- Йўқ, аломатлари – шу. Янги ҳукуматдан бир нарса умид қилаётган бир гуруҳ кишилар чиқиб гапира бошлади. “Ҳукумат ундай, ҳукумат бундай” қабилида. Аммо уларга қарши жавобан, хусусан водийда, Сурхондарё ва Қашқадарёда зулм янада ошди. Одамларни тинтув қилаяптилар. Ҳукумат тарафидан юборилган бандитлар жуда актив ҳаракатга келди. Каримовнинг ўлими арафасида бироз сусайган босим янада кучайди. Бу - Каримов ўтказган репрессив сиёсат - давлат террори энг авж нуқталарида давом этади. Агар шундай давом этаверадиган бўлса, булажак нарсаларга ҳеч ким кафолат бермайди, деган баёнотни бердик, деди Муҳаммад Солиҳ.

У ЎХҲ баёнотидан сўнг “Энди бироз ёмон бўлайлик” деган сарлавҳа билан мақола эълон қилди ва унда бир неча бор “жиҳод” сўзини ишлатди.

Ўзбекистонлик сиёсий муҳожир, АҚШда яшаётган журналист Жаҳонгир Муҳаммад Солиҳнинг мақоласи ҳақида Озодликка бундай деди:

- Жиҳод нималигини, мусулмонлар жиҳоддан узоқлашиб кетганлигини, Ўзбекистонда қийинчиликлар одамларнинг бошига жиҳод бўлмагани учун келаётганлигини – мана шуларни тушунтириб берган.

Жаҳонгир Муҳаммад бошқа фаоллар билан биргаликда куни кеча ижтимоий тармоқларда, хусусан, “Туғён” Интернет радиосида ЎХҲ баёноти ва Солиҳнинг мақоласини муҳокама қилди. Ўша муҳокамада билдирган фикрини эслар экан, Жаҳонгир Муҳаммад бундай деди:

- Сиёсий кураш бундай эмаслигини эслатдим. Ва айтдимки, агар булар бу йўлдан тўхтаса, уларнинг ўзига ҳам яхши, Ўзбекистон халқига ҳам яхши, ҳаммага яхши, деган бир фикрни айтдим. Ва кўраяпманки, менинг мурожаатим натижа берди. Муҳаммад Солиҳ дарҳол “Биз жиҳодга чақирмаяпмиз”, деган баёнот билан чиқди, деди Жаҳонгир Муҳаммад.

Чиндан ҳам ЎХҲ раиси “Энди бироз ёмон бўлайлик” мақоласидан сўнг яна бир мақола ёритди.“Фасод аҳлига” деган сарлавҳа остида берилган ўша мақоласида Солиҳ ўз танқидчиларини тил билмасликда айблаб, бундай ёзди:

“Фасодчилар “ўз хақларимиз учун жиҳод қилмаймиз” ўрнига “ўз хақларимиз учун курашамиз”, деса “тушунган” бўлишарди. Улар жиҳод мужоҳада (кураш) сўзидан олинганини билмайдиган даражада саводсизлар”.

Баёноти учун ЎХҲ ни ҳамда мақоласи учун унинг раиси Муҳаммад Солиҳни танқид қилаётганлардан яна бири АҚШда яшаётган ўзбекистонлик муҳожир Мирраҳмат Мўминовдир. У шу йил ёзда, ўзининг манбаларига таяниб, Муҳаммад Солиҳнинг диний-экстремистик гуруҳлар билан алоқаси мавжудлиги тўғрисида ёзган эди. Мўминов бугун Озодлик мухбирига ёздаги хабари учун асослари борлигини таъкидлаб айтди, лекин ўша “алоқа” тафсилотларини айтишни истамади.

Мирраҳмат Мўминовнинг айтганларидан келиб чиққан саволни Озодлик Муҳаммад Солиҳга берди.

Озодлик: Танқидчиларингиздан баъзиси “Муҳаммад Солиҳнинг экстремистик ташкилотлар билан алоқаси бор”, деган иддаони қилди. Бунга нима дейсиз?

- Ҳаммаси ифтиро ва туҳмат. Биронта ҳужжат келтиришсин, мен шундан кейин гаплашаман улар билан, деди Муҳаммад Солиҳ.

ЎХҲ раисини курашнинг “энг радикал шакллари”га, “жиҳод”га чақирганидан қаттиқ норозилик билдирганлардан яна бири, инсон ҳуқуқлари “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева ўзининг расмий сайтида бундай ёзди:

“Биз Муҳаммад Солиҳ жаноблари айтганидек “БИРОЗ ЁМОНРОҚ” бўла олмаймиз. Чунки биз бугунги кунгача ҳаққи ҳуқуқлари топталиб келган, хорланган 32 миллионлик МИЛЛАТДОШЛАРИМИЗ, ВАТАНДОШЛАРИМИЗ бошига янада оғир кулфатларни тушишига, инсонлар ўлимига сабаб бўлишга, беайб бўлганлари ҳолатида диний экстремизм, терроризмда айбланиб, умрбодлик ва узоқ йилларга қамоқ жазоларига хукм қилинган, бир неча юз минглаб қамоқларда вахшиёна қийноқларга солинаётган, ўлдирилаётган диний маҳкумлар, уларнинг яқинлари, ота она дийдорига зор бўлиб ва камситилиб вояга етаётган фарзандлар сони кўпайишига, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ёлғонларига ишониб, унинг жиҳодга чорловига эргашиб адашган инсонларнинг оммавий қамашлар бошланишига, қийноқларга тутишлар, адолатсиз судлар хукмлари биланозодликлар маҳрум қилишлар бошланишига жим қараб тура олмаймиз. Биз қонун йўли билан Ўзбекистон ҳуқуматини қонунларга итоат этиши, халқаро мажбуриятларни бажариши талабини давом эттирамиз. Ўзбек хукуматини биз фуқаролик жамияти вакиллари билан мулоқотлар олиб боришга чақиришга, мамлакат тараққиёти йўлида уларга маслакдош бўлишга тайёр эканлигимизни таъкидлашдан тўхтамаймиз. Бизнинг бошқа йўлимиз йўқ.

Худди шундай фикрни Мўътабар Тожибоева Озодлик билан суҳбатда ҳам билдирди.

ЎХҲ ва унинг раиси танқидчилари орасида яна бир ўзбекистонлик сиёсий муҳожир, Францияда яшаётган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам бор.

Озодлик билан суҳбатда Раббимов масалага кенроқ ёндошар экан, Ўзбекистондаги ва мухолифатдаги умумий вазиятга баҳо бераркан, бундай деди:

- Мухолифат мақсад ва вазифаларига кўра, иккига бўлинади. Мухолифатнинг аксар қиси – 99 фоизининг мақсади Ўзбекистондлаги мавжуд авторитар режимни трансформациялашдир. Яъни у камроқ зулм қилсин, камроқ куч ишлатсин, мажбурлов механизмларини камроқ ишга солсин. Имкон қадар рағбатлантириш, лекин асосан ишонтириш орқали вазиятни ушлаб турсин. Бу талаб мухолифатнинг аксарият қисмини бирлаштиради. Лекин мухолифатнинг жуда кам сонли, асосан 2-3 одами бор, уларга трансформация керак эмас, уларнинг ягона мақсади – ҳокимият. Ва уларнинг мақсади қандай йўл билан бўлса-да, ҳокимиятга келиш. Ўзбекистонда қанчалик ижобий ўзгаришлар бўлса, улар шунчалик оғир аҳволга тушади. Бу менинг кўп йиллик кузатишимидир, деди Раббимов.

Бу гапни айтар экан, сиёсатшунос конкрет исмларни тилга олмади, лекин агар Муҳаммад Солиҳни назарда турган бўлса, бу танбеҳга у ўзининг мақоласида бундай жавоб берган:

“…биз бир сиёсий ҳаракатмиз, сиёсий ҳаракатларнинг истисносиз ҳаммаси (агар у қўғирчок партия бўлмаса) иқтидорга келиш учун фаолият кўрсатишади”.

Муҳаммад Солиҳ айтаётган сиёсий ҳаракат тўғрисида Камолиддин Раббимов Озодликка бундай деди:

- Ўзини Ўзбекистон халқ ҳаракати, деб номлаётган ташкилот бугунги кунда нолегал ва нолегитим. Чунки Низомига зид ўлароқ, 2012 йилги Прага қурултойида раис сайлови бўлмаган ва у ерда жамоатчиликни тўлақонли манипуляция қилиш юз берган. Янги Низом ва янги дастурга овоз берилди ва шу билан олдинги раисни тасдиқлагандай бўлишди. Янги қабул қилинган Низомга биноан ҳар уч йилда қурултой бўлиши керак эди. 2015 йили қурултой бўлмади, деди Камолиддин Раббимов.

ЎХҲ расмий сайтига кўра, бундан бир неча кун муқаддам ўтказилиши керак бўлган қурултой қолдирилган.

“Жорий йилнинг 15-июлида Туркияда амалга ошмай қолган ҳарбий тўнтариш ортидан жорий қилинган фавқулотда вазият кучда қолмоқда.

Қурултойда иштирок этиш учун 150 дан ортиқ одам йиғилган. Ўзбекистондан кутилган 4 кишидан бир нафаригина етиб келган. Айтилишича, қолганлар аэропортда тўхтатиб қолинган.

Тўпланганлар орасида Қирғизистон собиқ омбудсмани ва Олий мажлис депутати Турсунбой Бакир ўғли, Россиядан журналист ва таҳлилчи Орхан Жамол, Истанбулдаги “Туркистон Бирлиги Жамияти” раиси Бурхон Қовунчилар ҳам бор”, дейилган ЎХҲ расмий сайтида.

“Ўзбекистон халқ ҳаракати” 2011 йилнинг майида тузилган. Кейинроқ унинг таъсисчилари бўлган баъзи ташкилот ва шахслар мазкур ҳаракатга аъзолигини тўхтатган.

XS
SM
MD
LG