Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:19

Ўзбекистон Россиядан дори-дармон сотиб олишда ёрдам сўради


Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Россиядан зарурий дори-дармон ва тиббиёт асбоблари сотиб олишда кўмак сўради. Россиянинг РБК нашрига кўра, гап 167 хилдаги дори ва 22 турдаги тиббиёт асбоблари ҳақида кетмоқда. Россияги дори ишлаб чиқарувчилар бундай сўров Ўзбекистонда валютани конвертациялаш муаммолари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

РБК нашри хабарига кўра, 2016 йилнинг 10 ноябрида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги 167 турдаги дори ва 22 турдаги тиббиёт асбоб-ускуналарига буюртма тўғрисида Россиядаги фармацевтика компанияларичиларга маълумот етказишни сўраб, Россиянинг савдо ваколатхонасига хат йўллаган.

Хатда Ўзбекистон ҳукумати ўз сўровида рўйхатда кўрсатилган дориларнинг нархи кўрсатилишини ҳам сўраган.

“Валюта конвертациясини тўғриланг – қайтамиз!”

Россия Фармацевтика ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси (АРФП) бош директори Виктор Дмитриев Озодлик билан суҳбатда бундай сўровномани шахсан олмаган бўлсада, бундай хат Россия савдо ваколатхонасида мавжуд эканини тасдиқлади.

У валюта конвертация муаммоси туфайли мамлакатда зарурий тиббиёт маҳсулотлари савдосида муаммолар вужудга келгани Ўзбекистон ҳукуматини бундай мурожаат қилишига ундаганини тахмин қилди.

- Билишимча, бу оддий кундалик ҳаётда зарур бўладиган препаратлар. Биз бундай сўров борлиги тўғрисида маълумот олдик, холос. Ўзбек фармацевтика бозори валюта конвертацияси нуқтаи назаридан бироз мураккабдир. Бу масала юзасидан биз Тошкентга махсус сафар қилгандик, суҳбатлашган эдик. Энг катта бало шундаки, Ўзбекистонда йилига икки маротаба валютанинг расмий конвертацияси амалга оширилади. Натижада бизда тўлов кечикади, бу эса бизнесменлар норозилигини келтириб чиқаради, чунки биз айланма маблағларда жиддий йўқотамиз. Улар бизга етказиб берилган товарларни бошқа, пастроқ курс бўйича ҳисоблаб беришни таклиф қилади. Шу сабабли, кўплаб компаниялар ўзбек бозоридан кетиб қола бошлади. Менимча, Ўзбекистон бозоридаги дори-дармон етишмовчилиги айнан шу сабабларга кўра вужудга келган, деди Виктор Дмитриев.

Жаноб Дмитриев юқорида кўрсатилган сабаб туфайли Россия компаниялари Ўзбекистон фармацевтика бозорига кириб боришга иккиланмоқда, дейди. У 2014-2015 йиллардаги ўзбек сўмининг кескин қадрсизланиши ҳам конвертация билан боғлиқ вазиятни янада мураккаблаштириб юборгани тўғрисида сўзлади

У бундай муаммолар бартараф этилса, Россия Ўзбекистонда эҳтиёж сезилаётган препаратлар ва тиббиёт маҳсулотларини дарҳол етказиб беришини билдирди.

- Агар бу муаммолар ўз ечимни топса ва маҳсулотларимиз учун олдиндан тўлов амалга оширилса, биз ҳатто эртага бу препаратларни жўнатишга тайёрмиз. Олдиндан тўлов асосида биз шартномадаги бошқа вазиятлар бўйича енгилликлар беришимиз мумкин. Биз учун ҳар қайси бозор қизиқ. Асосийси – бу бозорда вазият равшан бўлиши ва биз етказилган дори-дармон учун пулимизни қачон олишимизни билишимиз керак, деди Россия Фармацевтика ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси бош директори Виктор Дмитриев.

Ҳозирга келиб, Ўзбекистонда Россиянинг бир қатор фармацевтика ширкатлари, жумладан BIOCAD, STADA CIS, “Отисифарм”, Москва эндокринология заводи иш олиб бораётгани маълум.

“Янги йилдан Ўзбекистон дори бозорида катта ўзгаришлар бўлади”

Айни пайтда, Озодлик Ўзбекистон ичкарисида вазиятни ўрганиб кўрди.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистоннинг бир қатор фармацевтика соҳаси мутахассислари фикрича, ҳукуматнинг дори-дармон сотиб олишга кўмаклашиш масаласида Россияга қилган бундай илтимоси республикада 2017 йилнинг 1 январидан кучга киражак янги қарорлар билан бевосита боғлиқ эканига эътиборимизни қаратди.

- Ҳозирча дориларимиз бор. Лекин, янги йилдан кейин аптека тизимида янги қонунлар чиқадиган бўлаяпти. Бош вазирнинг айтишича, нархлар туширилиши керак. Рўйхатда келтирилган 167 турдаги препаратлар аптекаларда шарт бўлиши бўлган дорилар. Чеклов айнан шу турдаги товарларга қўйилади. Яъни, давлат ўзи бу товарларни олиб кириб, улар сотилишига чеклов қўяди. Аптека тизимида Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда, деди суҳбатдош.

Олдинроқ айтилгандек, янги йилдан бошлаб Ўзбекистонда 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар белгиланади ва давлат белгилагандан ортиқ нархда дори сотган аптекачиларни жавобгарликка тортади.

Ҳукумат қарорини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида махсус Республика комиссияси ташкил этилиши эълон қилинди. Бу тузилма Ўзбекистон фармацевтика бозоридаги вазиятни ўрганиш, таҳлил қилиш ва ижтимоий жиҳатдан зарурий препаратларга қўйилаётган нархларни белгилаб беради. Бу қарорни бажариш устидан назорат бевосита бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов ва бош вазир ўринбосари Адҳам Икромовга юклатилди.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган жиззахлик дорихона эгасининг айтишича, дорининг чакана ва улгуржи нархи ўртасида фарқ бўлмаслигини таъминлаш тўғрисида буйруқ келган. Лекин бунинг механизми қандай бўлиши ҳозирча маълум эмас.

- Баъзи оптовиклар жуда ўзидан кетиб қолганди: 18 фоиз, 15 фоиз берарди-да, биз ўшандан 2-4-5 фоиздан оширишга ҳаққимиз йўқ эди. Айтишларича, янги йилдан улгуржи нарх устига 20 фоизни қўйиш ҳаққини ўзимизга беришармиш. Агар шундай бўлса, тирикчилик қилса бўлади, дея хулоса қилди аптека ходими.

Суҳбатдош маҳаллий ўрмон хўжаликларига маҳаллий дорихоналар талабларини қондириш учун доривор ўсимликларни етиштиришни жадаллаштириш бўйича ҳукумат томонидан ҳаракат бошланганини хабар қилди.

RNC Pharma фармацевтика таҳлилий маркази ҳисоб-китобига кўра, Россия бугунга келиб Ўзбtкистон фармацевтика бозорининг 3,5 фоизини эгаллаб келмоқда ва уч ойда 90 млрд. рублга дори-дармон сотган.

XS
SM
MD
LG