Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:13

ВИДЕО: Роппа-роса 5 йил муқаддам отиб кетилган Обид қори Назаров гапира бошлади


Беш йил муқаддам отиб кетилган Обид қори Назаров гапира бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:50 0:00

Беш йил муқаддам отиб кетилган Обид қори Назаров гапира бошлади

Бундан беш йил муқаддам суиқасд амалидан омон қолган Обид қори Назаров гапира бошлади. Бу ҳақда Озодликка 59 яшар Назаровнинг ўғли Довуд Назаров маълум қилди.

Назаровнинг яқинлари интернетда имомнинг шу кунларда олинган суратини тарқатди.

Суратда фотоаппарат нигоҳига жилмайиб турган 59 яшар имомни кўриш мумкин.

Обидхон қорининг ўғли Довуднинг айтишича, имомнинг соғлиги тобора яхшиланиб бормоқда ва у гапира бошлаган.

-Дадамлар ўзлари ўтирадилар, ўзлари тик тура оладилар. Ўзлари ўзларининг яқинлари билан, маълум бир даражада, бемалол савол-жавоб, мулоқот ҳам қила оладилар, - деди Довуд Назаров Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси, таниқли диний уламо Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида отиб кетилган, ўқ унинг бошига теккан эди.

Имом узоқ вақт беҳуш ётди.

Имом ўз уйи йўлагида боши орқасидан отиб кетилганди
Имом ўз уйи йўлагида боши орқасидан отиб кетилганди

Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашишар экан Швеция ичкариси ва ташқарисида унга ўқ узган ҳужумчини қидириш амалиёти бошланди.

Назаровга суиқасддан уч ярим йил ўтиб, унга ҳужум қилган шахс – Ўзбекистон ватандоши Юрий Жуковский Россиядан Швецияга экстрадиция этилди.

Ўтган йил мартида Швеция шимолидаги Сундсвал шаҳар суди Обид қори Назаровга нисбатан суиқасдни амалга оширишда айбдор, деб топилган Юрий Жуковскийга умрбод қамоқ жазосини берди.

Улар жудаям махфий ҳолда, жудаям эҳтиёткорлик билан, деярли энг яқинларидан бошқа ҳеч ким билмайдиган ҳолатда ҳаёт кечираяптилар ва даволанишни давом этаяптилар.
Довуд Назаров

Имомнинг оиласи жиноятни ташкиллаштиришда Ўзбекистон ҳукуматини айблайди.

Улар, Жуковскийга нисбатан чиқарилган ҳукмдан қониққан эсалар-да, буюртма қотиллик ортида тургани даъво қилинган Ўзбекистон сиёсий режимининг вакиллари жазоланишини талаб қилишда давом этмоқдалар.

Бироқ маҳкама жараён сўнгида ҳакам буйруқнинг бевосита Ўзбекистон ҳукумати ё хавфсизлик хизматларидан келганини буткул исботлаб бўлмаслиги айтган.

Мустақил имом

Обидхон Назаров Швецияда ҳам динй фаолиятини давом эттирди
Обидхон Назаров Швецияда ҳам динй фаолиятини давом эттирди

Обидхон қори Назаров мустақил имом сифатида 1990 йиллар бошида Тошкентда шуҳрат топди.

Унинг эҳтиросли мавъизалари Ўзбекистондаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ва инсон ҳуқуқларини қамраб оларди.

Обидхон Назаров Ўзбекистон ҳукуматидаги камчиликларни танқид қилиб, бошқа имомлардан фарқли тарзда, мустақил мавқеъини сақлашга интилди.

Обидхон Назаров обрў-эътиборининг ортиши баробарида, ўша пайтдаги президент Каримов маъмурияти имомни дунёвий режимга хавф сифатида кўра бошлади.

1998 йилда экстремизмда айбланган Назаров бир йил давомида Тошкентда яшириниб юришга мажбур бўлди.

Сўнгра қўшни Қозоғистонга чиқиб кетди ва 8 йил ўтиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқин мақомини олди.

Швецияда бошпана олганидан кейин ҳам Обидхон Назаров Ўзбекистонда оддий мусулмонларга нисбатан қатағон сиёсати тўхтамаётганини танқид қилишда давом этди, интернетдаги фаоллигини оширди.

Ҳусниддиннинг ғойиб бўлиши

Обидхон Назаровнинг ўғли Довудхоннинг маълум қилишича, 13 йил муқаддам Тошкентда ғойиб бўлган акаси Ҳусниддин Назаровнинг тақдири ҳануз қоронғулигича қолмоқда.

2004 йил ёзида бир неча кун ичида Ҳусниддин Назаров ва яна бир неча диндор йигитлар Тошкент кўчаларида изсиз ғойиб бўлганди.

Обидхон қори Назаров оиласи аъзоларининг иддао қилишича, ушбу ғойиб бўлишлар ортида Ўзбеистон хизматлари турибди.

Назаровлар Ўзбекистон ҳукуматига бир неча бор очиқ мурожаат қилиб, Ҳусниддин Назаров тақдирига ойдинлик киритишни сўраган.

Аммо, ҳозирга қадар расмий Тошкент бу борада ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.

Ҳусниддин Назаровнинг фарзандлари ҳозир Швецияда Обидхон Назаров билан бирга истиқомат қилади.

Махфий ҳаёт

Обид қори Назаровни отишда фойдаланилган пистолет
Обид қори Назаровни отишда фойдаланилган пистолет

Довуд Назаровнинг ишонишича, ҳозир ҳам отасининг ҳаётига таҳдид аригани йўқ.

Обид Назаров ва унинг яқинлари ҳамон хафсизлик кучларининг кучли назорати остида яшашмоқда.

- Улар жудаям махфий ҳолда, жудаям эҳтиёткорлик билан, деярли энг яқинларидан бошқа ҳеч ким билмайдиган ҳолатда ҳаёт кечираяптилар ва даволанишни давом этаяптилар. Улар қаерда ва қандай ҳолатда даволанаётганликлари, қандай ҳолатда ҳаёт кечираётганликлари ҳам, Швеция ҳукумати, Швеция давлати томонидан қаттиқ, махфий масала сифатида қабул қилинган, - деди Довуд Назаров.

21 февраль куни Озодлик веб саҳифасида Обид қори Назаровнинг​ ўғли Довуд Назаров билан видео суҳбатни томоша қилишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG