Линклар

Шошилинч хабар
30 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:45

Мирзиёев “саратонга чалинган” онкологияни даволамоқчи


Ўзбекистон Республикаси Президенти аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш мақсадида 4 апрелда қабул қилган қарорни ўрганиш жараёнида соғлиқни сақлаш тизимининг бу соҳаси сўнгги чорак аср давомида эътиборсиз қолиб келгани маълум бўлди.

Соҳа мутахасисларининг айтишича, онкологик беморларни даволаш юзасидан давлат ўз зиммасига олган мажбурият йиллардан буён 50 фоиз даражасида ҳам бажарилмай келаётган эди.

Операция - 1000 USD, кимёмуолажа - 1 500 000 UZS

Тошкентнинг Олмазор тумани, Намуна маҳалласида яшайдиган 52 яшар Сожида Собирова (исм ўзгартирилди) мана 3 йилдирки, кўкрак саратонидан азият чекади.

- 2014 йили врачлар кўриб, кўкрагимни операция қилиш кераклигини, лекин ўсма хавфли бўлгани учун соғайиб кетишимга кафолат бера олмасликларини айтишди. Операция ҳақи 1000 доллар экан. Лекин кафолат беришмагани учун операция қилдиргим келмади, деди Собирова Озодлик мухбирига.

Шундан сўнг бемор ўша йили 4 марта кимё терапиясидан ўтди.

- Химияни ҳар 21 кунда олиш керак экан. 4 марта олдим. Жуда қийналдим. Сочларим тўкилиб кетди. Ҳар гал 1 500 000 сўмдан тўладим. Кейин олмай қўйдим. Ҳозир табиб берган дорини ичиб юрибман, деди бемор.

Сожида Собирова онкологик бемор сифатида дўхтирларнинг махсус рўйхатида туради.

- Вақти-вақти билан дўхтирлар телефон қилиб, даволанишим кераклигини айтишади. Лекин мен ўзим бормаяпман, деди бемор.

Тошкентлик Сожида Собирова билан Озодлик 5 апрелда, Ўзбекистон Президенти "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган куннинг эртасига суҳбатлашди.

Онкология соҳасида Президент қарори қандай ўзгариш ясайди?

Бу савол жавобини Ўзбекистоннинг икки вилояти мисолида ўрганишга ҳаракат қилдик.

Қашқадарё ва Наманган вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармаларининг исмлари аталмаслиги шарти билан Озодлик саволларига жавоб берган мулозимлари Президент қарорини “Мустақиллик йилларида онкология соҳасида қабул қилинган биринчи қарор”, деб атадилар. Уларнинг айтишича, “онкология соҳасига шу пайтгача бу қадар эътибор бўлган эмас”.

Наманганлик мулозимнинг айтишича, Президент қарори асосида қуйидаги ўзгаришлар бўлади:

онкология диспансерлари ўрнида Республика онкология илмий марказининг филиаллари очилади;

бу филиалларда ҳар бир онкологик касал скрининги ўтказилади;

ҳар бир бемор ҳисобга олинади, канцер-регистр йўлга қўйилади, яъни бу соҳада статистика қатъий олиб борилади, қайси касаллик қайси ҳудудда кўпайиб бораётгани, профилактик чораларни қайси ҳудудда кучайтириш керак – шу ва шунга ўхшаш барча ишлар канцер-регистр маълумотларига қараб қилинади.

Онкология билан боғлиқ жорий вазият ёки Кўчма маммограф

Озодлик саволларига жавоб берган мулозимларнинг айтишича, кейинги йилларда Ўзбекистонда кўкрак бези саратони саратон турлари рўйхатининг бошида келаётган касалликдир ва унга қарши чора-тадбирлар Президент қарори қабул қилиниши арафасида ҳам кўрилган.

Хусусан, яқинда Наманган вилоятига кўкрак безидаги 3 миллиметргача бўлган ўсмани аниқлай оладиган стационар маммограф аппарати келтирилди. Бу аппарат дунё стандартлари даражасидаги аппаратдир.

Бундан ташқари наманганлик онкологлар яқинда 100 минг АҚШ доллари миқдорида Япония грантини қозонди ва шу грант ҳисобига олинадиган яна битта маммограф автомашинага ўрнатилади. Эндиликда сайёр маммограф ёрдамида онкологлар маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ юриб, аёлларни скринингдан ўтказиши мумкин.

Президент қарори саратонга чалинган беморга нима беради?

Бу савол жавоби мулозимларнинг юқорида келтирилган маълумотларида мавжуд. Бироқ беморни унинг даволаниши билан боғлиқ сарф-ҳаражатлар қизиқтиради.

“Онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил, 20 мартдаги қарори билан Ижтимоий аҳамиятли касалликлар рўйхатига киритилган ва ўша қарор билан онкологияга, шунингдек, силга, жинсий йўл билан ўтадиган касалликларга, ОИТСга, моховга ҳамда руҳий касалликларга чалинганларга имтиёзлар белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг “Соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат муассасаларида бепул тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги буйруғига биноан ижтимоий аҳамиятли касалликлар рўйхатига киритилган касалликларга, шу жумладан, онкологияга чалинган беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш белгилаб қўйилган.

Яъни давлат онкологик беморларни даволаш боғлиқ барча сарф-ҳаражатларни ўз зиммасига олган.

Амалда эса, 30 - 50 фоиз

Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимнинг айтишича, шу кунда давлат онкологияга чалинган беморларни даволашга кетадиган сарф-ҳаражатнинг 30 фоизинигина кўтараяпти.

- Бемор дори-дармон билан 30 фоиз таъминланади, 70 фоизини касалнинг ўзи сотиб олади, лекин касалхонада ётиши, озиқ-овқати бепул, деди мулозим. Унинг айтишича, дори-дармонга ажратиладиган пул бу йил сезиларли кўпайган.

Наманганлик мулозимнинг сўзларига қараганда, бу вилоятда аҳвол бироз яхшироқ:

- Вилоятимизда онкологик касалларнинг эҳтиёжини қоплаш ўтган йили 52 фоизга чиқди. Беморларни химия препаратлари билан таъминлаш, бирламчи тиббий воситалар билан таъминлаш йилдан йилга яхшиланмоқда. Президентимизнинг январ ва февралдаги чиқишларидан кейин вилоят молия бошқармаси ҳам бу соҳага эътибор қаратиб, бу йил ўтган йилгидан дори-дармонга 3 баравар кўп пул ажратди.

Наманганлик мулозим ҳам, қашқадарёлик мулозим ҳам яқин йиллар ичида онкологик беморларни 100 фоиз давлат ҳисобидан даволаш амалга ошишига ишонч билдирмади.

- Масалан, бизнинг вилоятдаги онкологик касалларнинг дори-дармонининг ўзига камида 2 миллард сўм ажратилиши керак, деди Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими.

Сожида Собирова қанчасини тўлаган?

3 йилдан буён кўкрак саратонидан азият чекаётган тошкентлик Сожида Собирова 4 марта кимё терапиясидан ўтиш учун тўлаган 6 миллион сўм муолажанинг тўла ҳақими ёки бир қисми эдими?

Сожида опанинг ўзи ҳам билмайдиган бу савол жавобини Озодлик бугунги мақолани ёзиш жараёнида аниқлай олмади.

XS
SM
MD
LG