Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2024, Тошкент вақти: 10:35

Ишдан олинган “Нархоз” ректори жиноят иши фигурантига айланди


Ишдан олинган Баҳодир Ходиев
Ишдан олинган Баҳодир Ходиев

Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги коррупция ҳолатлари бўйича ДХХ ва прокуратура органлари тафтиш бошлади. 5 ноябрь куни ишдан олинган университет ректори Баҳодир Ходиев жиноят иши фигурантига айланди.

Бу ҳақда Озодликка 5 ноябрь куни президент маслаҳатчилари Шерзод Кудбиев ва Абдужаббор Абдувоҳидов ҳамда ДХХ, прокуратура органлари вакиллари бошчилигида ўтказилган йиғилиш иштирокчиси гапириб берди.

Шунингдек, олий таълим тизимларидаги кадр ўзгаришларидан хабардор бўлган¸ фан доктори рутбасидаги ўқитувчи ҳам Ходиевнинг жиноят иши фигуранти бўлгани, аммо ҳали хибсга олинмаганини Озодликка маълум қилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Конгратбой Шарипов Тошкент Иқтисодиёт университетига ректор этиб тайинлангани расман маълум қилинди.

Виртуал сазойи

6 ноябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналида собиқ ректор Ходиевни виртуал "сазойи қилиш" кампанияси бошланди.

Вазирликнинг расмий телеграм каналида чиқиш қилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташкилий-кадрлар бошқармаси бошлиғи Бобиромон Қодиров “ректор коррупция боис” ишдан олинганини ëзди.

“5 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Олий таълимда таълим сифатига тўсқинлик қилувчи асосий иллат – коррупцияга қарши кураш масаласи кўриб чиқилди.”

Мулозимнинг ёзишича, Баҳодир Ходиевнинг коррупцияда айбланиб ишдан олиниши шу соҳада ишлаëтган бошқалар учун “огоҳлик қўнғироғи” бўлмоғи лозим.

Вазирлик телеграм каналида чиқиш қилган Наманган муҳандислик-технология институти ректори Одилжон Маматкаримов эса “коррупция билан боғлиқ салбий ҳолатлар муҳокама марказида бўлган масъулларга нисбатан жазо муқаррарлиги”ни таъкидлади.

Расмий телеграм канали ва Уза сайтида Чирчиқ¸ Бухоро¸ Нукус ва Тошкентдагии Олий ўқув қрти ўқитувчи ва талабалари “бир овоздан” “нархоздаги коррупционерларни “ лаънатлаб, бошқаларни “ҳушëр бўлишга” чақиришга ўтдилар.

Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ талабаси Шокир Йўлдош расмий матбуотда чиқиш қилиб, “Олий таълим соҳаси порахўрлик энг урчиган жой” эканлигини таъкидлади.

Босим остида қолган собиқ ректорнинг “қон босими ошиб касалхонага тушди”

5 ноябрь куни президент маслаҳатчилари Шерзод Кудбиев ва Абдужаббор Абдувоҳидов ҳамда ДХХ, прокуратура органлари вакиллари бошчилигида ўтказилган йиғилишда университет ректори Баҳодир Ходиев ўз лавозимидан озод этилган.

Шу йиғилишда иштирок этган ходимнинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича, мажлисдан кейин собиқ ректорнинг саломатлиги ëмонлашган.

Манба иддаосига кўра¸ собиқ ректор Ходиев зудлик билан янги Тошми клиникасига олиб келинган.

Врачлар Ходиевнинг қон босими ошганини қайд қилишган.

Собиқ ректор 5 ноябр кечқурун касалхонадан ўз уйига қайтиб келган.

Манбанинг яна айтишича¸ Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги коррупция ҳолатлари бўйича очилган жиноят иши бўйича тузилган прокуратура тергов гуруҳи собиқ ректорни сўроқ қилишни кечиктирган.

Олий таълим тизимларидаги кадр ўзгаришларидан хабардор бўлган фан доктори рутбасидаги ўқитувчининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича, “Нархозда кенг кўламдаги тозалаш ишлари бошланган”.

Мулозимлик йўли

5 ноябрь куни коррупцияда айбланиб ишдан олингаан Баҳодир Ходиев 2016 йилнинг май ойидан буён Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ректорлик қилиб келаётган эди.

Баҳодир Ходиев 2010 йил мартидан 2014 йилнинг апрелигача Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлган, 2014 йилнинг апрелидан 2015 йил июлигача фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчиси сифатида ишлаган, 2015-2016 йилларда Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича мажмуа раҳбари ҳамда тегишли равишда бош вазир ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган эди.

XS
SM
MD
LG