Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:43

Ўзбекистонда хусусий юк машиналар эгалари ғалла ташишга мажбурланмоқда


Ўзбекистонда фермерлар етиштирган ғалла ҳосилини қабул пунктларига ташишга давлат корхоналари автомобиллари етишмагани боис, бу ишга хусусий юк машиналари эгалари мажбурланмоқда. Озодликка шикоят қилган ҳайдовчиларнинг айтишича, постлардаги йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари хусусий автомобиллар эгаларининг ҳужжатларини олиб қўйиб, кечгача ғалла ташиб беришга мажбурламоқда. Ҳайдовчиларнинг айтганларини расмийлар ҳам тасдиқлади.

Тошкент - Термиз автомагистралининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги Сангзор постида милиция ходимлари 5 июль куни ўнлаб юк автомобилларини тўхтатиб, ғалла ташишга мажбурлаган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, инспекторлар ҳайдовчиларнинг ҳужжатини олиб қўйган:

“Ғаллаоролда Сангзор блок постида ГАИ ходимлари элликка яқин юк машиналарини ғалла ташийсан деб, ушлаб туришганини кўрдим. Ҳайдовчилар жанжал қиляпти. Лекин ГАИ ходимлари кечгача ғалла ташиб берасан, кейин ҳужжатингни олиб кетасан, деб айтишяпти”, деди воқеа гувоҳларидан бири.

Ғаллороллик Набижон Жўрабоев 6 июль, ҳайит куни ҳам ушбу постда юк автомобиллари ушлаб турилганига гувоҳ бўлганини айтди:

- Сангзор постидан сал берироқда иккита ГАИ ходими беш-олтита юк машиналарини тўхтатиб турганини кўриб, ўша ёққа бордим. Битта Самарқанд машинаси сомон ортиб олган экан, ҳайдовчисидан секин бу ерда нима қилиб турибсиз, деб сўрасам, у “ГАИлар документларимни олиб қўйди, бориб сомонингни тушириб келасанда ғалла ташийсан, деб турибди. Ҳарчанд илтимос қилсак ҳам қўйвормаяпти”, деди. Бошқа машиналарнинг ҳам документларини олиб қўйган экан”, деди суҳбатдош.

Исми сир қолишини сўраган ҳайдовчилардан бирининг айтишича, тумандаги ғалла қабул пунктига юк ташиётган барча автомобилларнинг давлат рақамлари ечиб олинган:

- Мени ҳам ғалла ташишга мажбур қилишди. Акс ҳолда, ҳужжатларимни олиб қўйишади ва машинамни штрафплошадкага олиб бориб, тиқиб ташлашади. Мен каби ҳайдовчилар билан арзимаган пулга оғзаки шартнома тузишади. Ҳар бир рейс ғалла учун 3 минг сўмдан пул берилади экан. Лекин, ўзлари заправка қилиб беришади. Агар бир кунда бешта рейс қила олсам 15 минг сўм бўлади экан. Бу бир кило гўштнинг ҳам пули эмас. Гапнинг очиғи, фермерлар бир-икки қоп буғдой ҳам беришади. Шунинг учун ишлаяпмиз, деди ҳайдовчи.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, юк автомобиллари эгалари ғалла ташишга мажбурланаётгани фактини тасдиқлади:

“Ҳозир илгаригидай автобазалар йўқ. Ҳамма юк машиналари хусусий бўлиб кетган. Ғалла ташишга машина етмай қоляпти. Шунинг учун вилоят ҳокимининг топшириғи билан хусусий юк автомобиллари эгаларини бу ишга жалб қилганмиз. Фермерлар уюшмасидан вакиллар билан ЙҲХБ ходимлари бирга бўш юрган юк автомобилларини ушлаб, бу ишга сафарбар қиляпти. Бир-икки кун ёрдам беришса ҳеч нарса қилмайди”, деди бошқарма мулозими.

Ўзбекистонда дала ишларига ватандошларни сафарбар этиш мутлақо анъанага айланган.

Айниқса, фермерлар зиммасига юкланган буғдой ва пахта ҳосилини йиғиб олиш кампаниялари пайтида мажбурий меҳнат оммавий тус олади.

Бюджет ташкилотлари ишчиларининг буғдойни ўтдан тозалаш, пахта чопиғи ва терими каби дала ишларига мажбуран сафарбар этилишини халқаро ташкилотлар мунтазам танқид қилиб келади.

XS
SM
MD
LG