Линклар

Шошилинч хабар
20 май 2024, Тошкент вақти: 01:16

Жапаров: Халқаро темирйўл қурилиши октябрь ойида бошланади


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши шу йилнинг октябрь ойида бошланишини билдирди. Бу ҳақда у 6 май куни Ўшга хизмат сафари чоғида маълум қилган.

Жапаровга кўра, ҳозирда Қирғизистон логистика нуқтаи назаридан “боши берк кўча”даги давлат бўлиб ҳисобланади, у дунёга чиқиш учун Қозоғистон ва Россия темир йўлларидан фойдаланишга мажбур.

“Темир йўл қуриб битказилганидан кейин биз дунёга чиқа оламиз. Бу бизнинг ўз йўлимиз бўлади”, деган Қирғизистон президенти.

Март ойида Жапаров Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши доирасида томонлар “лойиҳани амалга ошириш механизми тўғрисида умумий англашувга эришганлар”ини маълум қилган эди.

Иқтисодий таҳлилчи Искендер Шаршеев Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервюсида темир йўл Қирғизистонга иқтисодий фойдалар келтириши, масалан, мамлакатнинг Марказий ва Жанубий-Шарқий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳамда Европа билан транспорт алоқаларини кучайтириши, шунингдек, янги иш ўринлари яратишини қайд этган.

Айни пайтда эксперт йирик халқаро ва минтақавий инвесторлар дастагисиз ҳамда халқаро молиявий ташкилотлардан олинадиган ёрдамсиз Қирғизистоннинг бу лойиҳани мустақил равишда молиялаштиришга кучи етмаслигини урғулаган.

Қирғиз расмийлари режасига кўра, темир йўлнинг Қирғизистондан ўтадиган 311 километрлик қисми “Тўруғарт – Қўшдўбў – Казарман – Жалолобод” йўналиши бўйлаб ўтади, қурилишнинг тахминий қиймати эса 4,7 миллиард долларни ташкил этади.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосламаси Хитой темир йўл қурилиши корпорацияси лойиҳа-тадқиқот институти томонидан ҳозирланган. 2023 йилнинг июл ойида томонлар бунга оид ишлар якунланганини билдиришиб, темир йўл лойиҳаси қурилишининг техник-иқтисодий мақсадга мувофиқлигини тасдиқлашган.

XS
SM
MD
LG