Ўзбекистон президенти фармони асосида Тошкентда ўтадиган тўрт кунлик ярмаркада бу йил тузилган «Ўзагроэкспорт» ширкати хориж бозорларига ҳозирланаётган маҳсулотларини намойиш қилади. 2016 йил бошидан мамлакатда мева-сабзавот экспортига зўр берилмоқда. Аксар фермерлар мева-сабзавот етиштиришга мажбурланаётганидан шикоят қилмоқда.
12−16 июль кунлари Тошкентдаги "Ўзэкспоцентр" кўргазмалар залида халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтади.
Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, ярмаркада дунёнинг 40дан ортиқ мамлакатидан савдо компаниялари, савдо-саноат палаталари вакиллари, вазирлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Бу ярмарка Ўзбекистон президенти 1 июнь куни имзолаган фармон асосида ўтказилмоқда. Бундан буён айни тадбир ҳар йили октябрь ойида ўтказилади.
Хабарда айтилишича, ярмаркада шу кунда хорижга мева-сабзавот чиқараётган ўзбекистонлик 100га яқин экспортёр иштирок этади.
2016 йилда Ўзбекистон ҳукумати мева ва сабзавот экспортини ошириш, хусусан, Россияга 800 минг тоннадан кўпроқ мева-сабзавот етказиб беришни режалаган. Бу 2015 йилга нисбатан 17 бараварга кўпдир.
Президентнинг 2016 йил, 7 апрелда имзолаган “Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан экспорт билан шуғулланадиган янги ширкат ташкил этилган.
Бундан буён мамлакат чегараларидан олиб чиқиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари фақат шу ширкат орқали ўтиши лозим. Боғбон-деҳқонлар эса ҳосилини ширкатга ёки ундан рухсат олган маҳаллий агрофирмаларга сотиши мумкин, холос.
Аммо айрим вилоятлар, хусусан Қўқон ва Андижонда пишиб етилган мевалар вақтида қабул қилинмаётгани, натижада, бир масканда катта миқдорда йиғилган маҳсулот сотилмай қолаётганидан шикоятлар бўлмоқда.
Июнь ойида Қўқонда Россияга экспорт учун ҳозирланган 200 тоннадан ўрик жўнатилмай қолди. Май ойида эса андижонлик боғбонлар эртапишар гилосларини «Ўзагроэкспорт» ширкати вақтида сотиб олмаётгани, бошқа экспортчи тужжорларга ҳам сотишга рухсат берилмагани боис, ҳосилини сотолмаётганидан шикоят қилди.
Ўзбекистонда йилига 17 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади, бундан 4 миллион тоннаси экспорт қилинади. Йиллар давомида хориж бозорларида узум ва майиз, анор, қовун ва тарвуз, ўрик, шафтоли, олхўри ва олма, помидор, пиёз ва карамга талаба катта бўлиб қолмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистонда 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 2 миллион 731 минг тонна мева, 1 миллион 556 миинг тонна узум етиштирилган. Йиллар давомида, асосан, Россия ва Қозоғистонда мева-сабзавот сотган Ўзбекистон кейинги йилларда Европа ва Осиё бозорларидан ҳам харидорлар топмоқда. Расмий маълумотга кўра, сўнгги 5 йил ичида Норвегия, Таиланд, Вьетнам, Малайзия, Индонезия, Бразилия, Қибрис, Македония, АҚШ ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда.