Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:35

Ўзбекистонда чилим чекишга қарши кураш бошланди


12 декабрь куни "Ўзбекистон" телеканали орқали намойиш қилинган "Нигоҳ" кўрсатувида чилим (кальян) чекиш четдан кириб келган, ўзбекона қадриятларга зид “оммавий маданият” экани, бундай хизматларни таклиф этадиган кафе ва ресторанларига нисбатан қоидаларни қатъийлаштириш, жамоат жойларида эса уни чекишни мутлақо тақиқлаш керак деган талаблар илгари сурилди.

“Чилим ёшларнинг онгини эгаллаб, уларни шу иллат кушандасига айлантирмоқда, қул қилиб қўймоқда”, дейилади 12 декабрь куни "Ўзбекистон" телеканали орқали намойиш қилинган кўрсатувда.

Бундан аввал Ўзбекистон ҳукумат нашрларида ҳам шундай чақириқлар билан мақолалар босилган эди.

Хусусан¸ "Халқ сўзи" газетасида 6 декабрь куни босилган "Чилим хавотири" сарлавҳали мақолада чилим оммавий маданиятга айланаётган таҳдид ўлароқ талқин этилди.

Ҳозирча Ўзбекистонда чилим чекишни чекловчи қонун мавжуд эмас.

Мамлакатдаги ресторан ва кафелар ўз мижозларига хушбўй ҳидли ва енгил таъмли чилимлар таклиф этмоқда¸ чилимни ўз менюларига киритган:

- Бизда бемалол, ҳаммасидан бор. Ҳеч қанақа чеклов йўқ. Фақат 20 ёшдан кичикларга мумкин эмас. Паспортини сўраймиз, 20 ёшдан катта бўлса берамиз. Бошқаларга бемалол, - дейди Тошкентдаги чилим чекиб хумор қондирувчилар кўп борадиган Ал Делфин ресторани ходими.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида чилимга қарши кўпайган чиқишлар эса жамоат жойларида чилим чекишни чеклаш сари қадам сифатида кўрилмоқда:

-Телевидениеда бу таҳдид дейилаяптими, демак¸ эртага тақиқлашади, - дейди тошкентлик чилим ишқибозларидан бири.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг исми сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан суҳбатда келаси йилдан мамлакатда жамоат жойлари, айниқса меҳмонхона, қаҳвахона, тунги клуб ва чилимхоналарда чекиш қисман тақиқланиши, бу борада Вазирликда фармойиш ҳозирлаб қўйилганини билдирди:

- Ўтган ой вазиримиз фармойиш имзолаган. Шунга биноан март ойидан бошлаб бутун мамлакатда тамаки маҳсулотлари чекиш ва спиртли ичимликларни ичиш тақиқланган жойларда огоҳлантирувчи белгилар қўйиб чиқилади. Шу белги бор жойда чилим ёки сигарет ё бўлмаса спиртли ичимлик ичишга йўл қўйиб берганлар жазоланади, - деди вазирлик мулозими.

Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳам ўтган ой ресторан ва кафе эгаларини чилим рекламаси тақиқлангани ва уни реклама қилганлар жавобгарликка тортилишлари ҳақида огоҳлантирган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, чилимнинг зарари сигаретга қараганда юз баробар кўпроқдир.

"Инсон бир соат давомида кальян истеъмол қилганда, бир дона сигарет чекканга нисбатан 100-200 баробар кўп тутунни ўпкага ютади ёки бир соат кальян чекиш – 100 дона сигарета чекиш натижасида инсон соғлиғига етадиган зарар билан баробардир", дейилади ташкилотнинг ўтган йил январь ойида чиқарган ҳисоботида.

Илмий тадқиқотлар натижасида чилим ва ундаги суюқликда саломатликка зиён етказадиган турли кимëвий унсурлар топилган.

Булар углерод оксиди, карбоксигемоглобин, смола, мишяк, никотин, хром, котинин, қўрғошин ва бошқа кимёвий-ишғорли бирикмалардир.

Бундай моддалар¸ мутахассислар таъкидича¸ саратон, юрак-томир касалликларини келтириб чиқаради.

Тошкентлик шифокор Комила Сатторованинг Озодликка айтишича, бир чилимни бир қанча одам чекиши юқумли касалликларнинг тарқалиш хавфини ҳам кучайтиради:

- Айримлар чилимнинг учини ўзгартириб чексак бўлаверади, деб ўйлашади. Лекин чилим ичидаги бактериялар қолади. Шу бактериялар сув орқали айланади. Чилимни нафақат кашандалик билан боғлиқ зарари бор, уни чекиш антисанитария қоидаларига ҳам зиддир, - дейди тошкентлик шифокор.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 18 мингга яқин, дунёда эса 6 миллиондан ортиқ одам кашандалик оқибатидаги касалликлардан ҳаётдан кўз юмади.

XS
SM
MD
LG