Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:50

Тошкентдаги ёғ-мой комбинати ишчилардан пахта терими учун пул ундирмоқда


"Тошкент ёғ-мой комбинати"
"Тошкент ёғ-мой комбинати"

“Тошкент ёғ-мой комбинати” бир неча ишчисининг Озодликка шикоят қилишича, комбинат раҳбарияти барча ходимлардан пахта йиғим-терими учун 200 минг сўмдан беришни талаб қилмоқда. Уларнинг иддао қилишларича, комбинат раҳбарияти айтилган маблағни бермаганларни “ишдан мажбуран ҳайдаш” билан таҳдид қилган. Аммо, “Тошкент ёғ-мой комбинати” акционерлик жамияти раҳбарияти мазкур иддаоларни инкор этди. Ушбу комбинат Ўзбекистонда ёғ-мой ишлаб чиқаришга ихтисослашган энги йирик корхоналардан бири ҳисобланади.

Исмини ошкор этмаслик шарти билан Озодликка гапирган ишчилардан бири комбинат раҳбариятининг талаби “тўрт ойдан бери ойлик олмаган” ишчилар эътирозини уйғотганини айтди.

Ўзи тўрт ойдан бери ойликларни ололганимиз йўқ. Комбинат тўхтаб ётибди. Ўтган ҳафта бошлиқлар ишчиларни йиғиб, “пахтага 200 минг сўмдан берасанлар, бермаганларинг аризангни ёз,” деган шартни қўйишди,” дейди комбинат ишчиларидан бири.

Ўзини "комбинат директорининг ёрдамчиси", дея таништирган Ойбек Юсупов Озодликка мазrур иддаоларни рад этди.

Озодликка боғланган шикоятчиларга кўра, “чигит бўлмагани учун май охиридан бери комбинат тўхтаб қолган”.

Ойбек Юсупов комбинат таъмирлаш ишлари учун беркитилганини маълум қилди.

"Комбинат ҳар йили уч ойга ремонтга беркитилади," деди у.

Комбинат мулозимига кўра, ҳозирда “тафтиш комиссияси” комбинат фаолиятини текширмоқда.

Маошлар ҳам ўз вақтида бериляпти,” илова қилди у.

Аммо Озодлик такрор боғланган комбинат ишчиси мулозимни ёлғон гапираётганликда айблади:

"Ёлғон гапираяпти. 4 ойдан бери ойлик ологанимиз йўқ. Май ойида февраль учун маош олганмиз. Катталар комбинат ҳисобида пул йўқлигини айтишмоқда".

Озодлик суҳбатлашган комбинат ишчиларидан яна бири ҳозир “бор йўғи 60-70 нафар таъмирловчи” комбинатни янги мавсумга тайёрлаётганини айтди.

Комбинат раҳбариятига яқин Озодлик манбаларидан бири эса “10 июндан буён Миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура, солиқ ва санэпидстанция” ходимлари ишлаб чиқариш цехларини муҳрлаб қўйиб, корхона фаолиятини текшираётганини билдирди.

“Тошкент ёғ-мой комбинати” Ўзбекистонда мавжуд 17 та ёғ ишлаб чиқариш корхоналари орасида ўзининг йириклиги билан ажралиб туради.

Ушбу корхона бир мингга яқин одамни иш билан таъминлайди.

Ўзбекистонда ҳар йили ёз ва куз мавсумларида бюджет ва йирик ишлаб чиқариш корхоналари ходимларидан пахта терими мавсумларида мажбуран пул йиғиб олиш кенг тарқалган.

Дала ишларига ватандошларни сафарбар этиш анъанага айланган.

Айниқса, фермерлар зиммасига юкланган буғдой ва пахта ҳосилини йиғиб олиш кампаниялари пайтида мажбурий меҳнат оммавий тус олади.

Бюджет ташкилотлари ишчиларининг буғдойни ўтдан тозалаш, пахта чопиғи ва терими каби дала ишларига мажбуран сафарбар этилишини халқаро ташкилотлар мунтазам танқид қилиб келади.

XS
SM
MD
LG