Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2024, Тошкент вақти: 13:01

Фермерлар буғдойга сепган аммофос алебастр бўлиб чиқди


Ammofos
Ammofos

Ўтган йилнинг октябрь ойида Қашқадарё вилоят “Косон Агросифат кластер” МЧЖ томонидан фермерларга тарқатилган аммофос минерал ўғити қалбаки бўлиб чиқди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган фермерларнинг сўзларига кўра, улар ерга аммофос деб сепган минерал ўғит сувоқчилик учун ишлатиладиган алебастр эканлиги аниқланган.

Ўн миллион сўмдан юз миллион сўмгача зарар кўрган фермерларга қалбаки дори ўрнига на бошқа минерал ўғит берилган ва на пуллари қайтарилган.

Октябрь ойида “Косон Агросифат кластер” МЧЖ фермерларга буғдойзорига сепиш учун “аммофос” минерал ўғити тарқатди. Кимдир бир тонна, кимдир 4-5 тонна олиб сепди, ерига қараб.

Лекин фермерлар бу аммофос аввалги йиллардагига ўхшамаслигини пайқаб қолди, чунки дорининг ўзига хос специфик ҳиди йўқ эди. Фермер ишчиси юмалоқ шакл берилган дорини олиб қўлида эзғилаб кўрди, эзилиб кетди.

Фермерларнинг айтишича, одатда, ҳақиқий аммофос тошдай қаттиқ бўлиб, фақат сув ва намлик таъсир қилганда уқаланади.

video5253935808460635476.mp4
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:22 0:00

“Тайлоқов” фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Тайлоқов ҳам кластердан олган тўрт тонна аммофос ўғитининг 2 тоннасини ерга сепиб бўлганидан кейин унинг қалбакилигини билиб қолганини айтади:

«Бизга кластер қалбаки аммофос берди. Унга ҳамма доверенностларни олиб, пулимиздан ушлаб қолди. Энди уни на янгисига алмаштириб беради, на пулимизни қайтаради. Прокуратура ҳам, кластер ҳам келиб кўрди, лекин ҳеч ким индамаяпти».

Фермер Лочинбек Рўзибоев Озодлик билан суҳбатда олган аммофос деб олган бир ярим тонна алебастрни билмасдан буғдойзорига сепиб юборганини айтди:

«Лаборатория қилишди, унинг натижалари кластернинг қўлида турибди. Юз фоиз алебастр бўлиб чиқди. Биз ҳатто таъмини татиб ҳам кўрдик, одатда аммофоснинг ўзига хос ҳиди ва шўртак бўлади. Мен бир ярим тонна олиб, билмай ҳаммасини сепиб юборганман».

“Асл баҳор зийнати” фермер хўжалиги раҳбари Абдували Жуманиёзов беш ярим тонна аммофос ўғити олган. Унинг айтишича, бу 50 миллион сўмдан кўп маблағ бўлади. Кластер корхонаси эса алебастр бўлиб чиққан минерал ўғитнинг ўрнига на тозасини беради, на пулини қайтаради:

«Қарийб олти тонна аммофос олдим. Сепаётган жараёнда укам менга телефон қилиб, бу тупроқ, аммофос эмас деяпти. Кластер келди. Текширди, аниқлади, 70 фоизи алебастр бўлиб чиқди, 30 фоизи эса аммофосга қориштирилган экан. Кластер тан олди ва ҳақиқий аммофос билан таъминлаймиз, деди. Лекин тўрт ойдан буён бу ишни чўзиб юришибди. Мен ўзим ҳозир 50 миллион сўм зарар кўриб ўтирибман».

Фермерлар айни пайтда, мушкул вазиятга тушиб қолган.

Биринчидан, улар аммофос деб олган дорини, баъзилари ҳаммасини, баъзилари ярмини ерга сепиб қўйишган. Ўнлаб фермер 10 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача дори олган. Кластер қолган дориларни қайтариб олмаган.

Иккинчидан, бу вазиятдан Косон туман ҳокимлиги ҳам, туман прокуратураси ҳам хабардор. Фермерларга берилган дори Тошкентда лаборатория текширувидан ўтказилиб алебастр эканлиги аниқланган, лекин бу хулоса фермерларга берилмаган.

Учинчидан, фермерлар эса буғдойзори минерал ўғитсиз қолиб, экин ривожланмай сарғайиб қолаётганидан ташвиш тортмоқда.

Озодлик 10 январь куни “Косон Агросифат кластер” МЧЖ раҳбари Жомурод Файзиев билан боғланиб, бу ҳолатга изоҳ сўради.

Файзиев автомобил рулида эканлиги, ўн минутдан кейин батафсил маълумот беришини айтди. Ўн минутдан сўнг эса Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

11 январь куни Озодлик яна Жомурод Файзиев билан боғланди. Бу сафар Файзиев узр сўраб ярмаркада эканлиги, Тошкент вақти билан соат 19да қўнғироғимизни кутишини айтди. Аммо соат 19да ҳам Озодлик қилган қўнғироқларга жавоб бермади.

Қалбаки бўлиб чиққан аммофослар қопланган қопларда уни Қозоғистонда ишлаб чиқарилгани ёзилган.

Аммо у нега республикага киритилганда лаборатория синовидан ўтказилмагани, нега кластер фермерларни яна сифатли ўғит билан таъминламагани ёки пуллари қайтариб берилмагани каби саволлар очиқ қолмоқда.

Фермерлар эса тўрт ойдан бери сарсон бўлиб юрибди. Уларнинг иддао қилишича, кластер омборида яна 300 тоннадан ортиқ ана шундай қалбаки “аммофос” турибди.

Форум

XS
SM
MD
LG