Бош вазир Шавкат Мирзиёев қарорига биноан Ўзбекистондаги жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари ёппасига хатловдан ўтказиш бошланди. Ўтган ҳафта бошланган бу жараëнда текширувчиларнинг эгаси хорижда бўлган уйларга алоҳида қизиқиш кўрсатаëтгани айтилмоқда.
Ўзбекистонда ҳовли-жойни ëппасига хатлаш жараëни исталмаган кишиларни жазолаш учун ишлатилмоқдами¸ деган савол жавобини "Қурултой" дастурида қидирдик.
Дастур иштирокчилари айни вақтда кўчмас мулкни ёппасига хатлаш жараёнининг бошланиши Жаҳон Банкидан олинган 20 миллион долларлик қарзни оқлаш йўлидаги ҳаракат экианига ҳам эътибор қаратишди.
Ўзбекистон собиқ иттифоқ республикалари орасида электрон кадастр тизими яратилмаган саноқли мамлакатлардан биридир.
Ривожланган мамлакатларда электрон кадастр тизими кўчмас мулк соҳасига шаффофлик олиб кириш орқали инвестиция иқлимини тоза сақлаш воситаси саналади.
Ҳар қандай сармоядор алоҳида бир мамлакат бозорига сармоя ётқизишдан аввал у ердаги шароит, жумладан, ана шундай тизимлар ёрдамида таҳлил қилиш имконига эга.
Шу билан биргаликда бундай тизимлар коррупциянинг олдини олиш воситаси ҳамдир. Исталган шахс махсус Интернет ресурслари орқали исталган одам, жумладан, ҳукумат амалдорлари, жамоат арбоблари, машҳур кишиларга қарашли кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотларни топиши мумкин.
Ўзбекистонда бундай маълумотлар, айниқса амалдор ёки жамоатчилик қизиқишини уйғотиши мумкин бўлган нуфузли шахсга қарашли кўчмас мулкга оид маълумотлар мутлақо сир сақлаб келинади.