Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:41

Каримов худойиси харажатлари тадбиркорлар зиммасига юклатиляпти


Марҳум Ислом Каримов хотирасига берилган ошга кириш учун тўполон
Марҳум Ислом Каримов хотирасига берилган ошга кириш учун тўполон

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов худойиларини ўтказиш харажатлари маҳаллий тадбиркорлар, бюджет ташкилотлари раҳбар ва ишчиларининг зиммасига юклатилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, маҳаллий ҳокимлар ҳар бир маҳалла ва қишлоқда навбати билан худойи ўтказишни буюрган. Катта шаҳарларда ўтказилган худойиларга жуда кўп одам келгани боис, ҳаммага ҳам ош етмай қоляпти.

Ўзбекистонда сўнгги тўрт кунда марҳум Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросимлари ўтказилмоқда.

"Ахборот" Каримов хотирасига берилган эҳсон ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

Марҳум ҳақига берилаётган бу худойиларнинг харажати маҳаллий тадбиркорлар зиммасига юклатилаётгани ҳақида Озодликнинг бир-биридан мустақил бир неча манбалари хабар қилди.

Исми сир қолишини сўраган тошкентлик боғча мудираларидан бирининг ёзишича, уларга ҳам худойи учун пул йиғиб бериш мажбурияти юкланган:

“Тўйхоналарда ош қилиб бериш учун балога қолган яна бюджет ташкилотлари ходимлари бўлди. Президентнинг еттиси, йигирмаси учун пул йиғиб беришимиз керак экан. Президент тириклигида ҳам йиғди-йиғдилар бор эди, у ўлгандан сўнг яна давом этяпти. Мажбурий йиғилган бу пуллардан марҳумга қанчалик савоб етар экан, билмадим”, дейди боғча мудираларидан бири.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Тошкент шаҳрида президентга аталган худойиларга жуда ҳам кўп одам келганлиги, баъзи ҳолатларда эса одамлар қайтариб юборилгани ҳақида ёздилар.

Тадбирлар ўтказилган баъзи тўйхоналарда эса одамлар жуда ҳам тирбанд бўлгани, ташкилотчилар одамларни тартибга чақираётгани акс этган видеолавҳалар пайдо бўлди.

Ислом Каримов хотирасига берилган ошдаги навбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:16 0:00

Самарқанд шаҳрида ҳам маҳаллалар аҳолисидан ва тадбиркорлардан пул йиғилгани ҳақида исми ошкор этилмаслигини сўраган ўқитувчилардан бири айтди:

“Шаҳар ҳокимининг топшириғи билан маҳаллаларда навбати билан худойи қилиш белгиланган. Бизнинг маҳалламизга 10 сентябрь куни навбат етар экан. Маҳалла раисимиз, ким қанчага кучи етса берсин, деди. Кимдир ўн минг, кимдир юз минг сўм берди. Бундан ташқари Самарқандда ҳозир хусусий тадбиркорлар жуда ҳам кўп. Ҳоким ўшалардан худойига пул йиғишни буюрибди. Буни мебель ишлаб чиқарадиган тадбиркор танишим айтди”, деди ўқитувчи.

Озодлик манбаларига кўра, Ислом Каримов хотираси учун берилаётган худойилар оммавий пахта терими бошлангунга қадар давом этади.

XS
SM
MD
LG