Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:52

"Ҳар икки мигрантдан бири уйига кетсин!"


Ëш гвардиячилар ноябр ойидан бери Россия федерал миграция хизмати олдида "Россияликларни ҳимоя қилайлик!"¸ "Бизнинг пулимиз-ўзимизникиларга!" деган талаблар билан қатор норозилик тадбирлари ўтказиб келмоқда.
Ëш гвардиячилар ноябр ойидан бери Россия федерал миграция хизмати олдида "Россияликларни ҳимоя қилайлик!"¸ "Бизнинг пулимиз-ўзимизникиларга!" деган талаблар билан қатор норозилик тадбирлари ўтказиб келмоқда.

Мана шу шиор остида 18 декабр – Халқаро мигрантлар куни Москвада стикер-кампания ўтказилди. Бу акция ҳам яна путинчи ëш россияликлар ташаббуси билан уюштирилди.

Акция уюштирувчилари - "Яхлит Россиянинг ёш гвардияси" ҳаракати аъзолари фикрича, меҳнат муҳожирлари Россиядаги иш жойларини россияликларнинг ўзларига бўшатиб бериб, ватанларига қайтиб кетишлари лозим.

Акция уюштирувчиларидан бири, ўзини Михаил, деб таништирган йигит Озодлик мухбири билан суҳбат чоғида 18 декабр кунги акция биринчиси эмаслиги, бу акциялардан кўзланган мақсад тўғрисида мана бундай деди:

- Ноябр ва декабрда икки марта акция ўтказдик. Ўшанда Федерал миграция хизматини пикет қилиб, 2009 йил учун квоталарни қисқартиришни талаб қилганмиз.

Бугунги акциямиз стикер-кампания бўлиб, "Ҳар икки мигрантдан бири уйига кетсин!" деган стикерларни жойларга ёпиштириб чиқамиз, деди Михаил.

- Сизларнинг скинхедлардан нима фарқингиз бор, ўтказаётганингиз акциялар уларнинг "ўқини ўздирмайдими", деган саволимизга Михаил жавоб беришни истамади.

Барча маълумот сайтимизда бор, ўқиб олишингиз мумкин. Саволингизга жавоб беришни истамайман, деди Михаил.

Эслатиб ўтамиз, "Яхлит Россиянинг ёш гвардияси" ҳаракати аъзоларининг "Ҳар икки мигрантдан бири уйига кетсин!" стикер акцияси Халқаро мигрантлар кунида ўтказилди.

Бу кун БМТ Бош ассамблеясининг резолюциясига биноан (A/RES55/93-инчи резолюция) 2000 йилдан бошлаб ҳар йили 18 декабр куни нишонланади.

18 йил муқаддам – 1990 йилнинг 18 декабрида БМТ Бош ассамблеяси "Барча меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоялаш тўғрисидаги халқаро конвенция"ни қабул қилган эди.

БМТ Бош ассамблеясининг Халқаро мигрантлар кунини нишонлаш тўғрисидаги резолюциясида БМТга аъзо давлатлар, ҳукумат ва нодавлат ташкилотларига меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида маълумот тарқатиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан чоралар кўриш, бу соҳада тажриба алмашиш тавсия қилинган.

БМТнинг 2007 йилги маълумотларига қараганда, "Барча меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоялаш тўғрисидаги халқаро конвенция"ни 37 та давлат ратификация қилган.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида мазкур ҳужжатни Қирғизистон ва Тожикистон ратификация қилган.
XS
SM
MD
LG