Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:17

Каримов НАТО га туҳфа ҳозирламоқда


Андижон туфайли Ғарб билан юзага чиққан кўнгилсизликлар ортда қолаëтган ҳозирги кезларда¸ Ўзбекистон президенти нигоҳини Россия эмас¸ ундан олисроқ бўлса-да¸ Ғарбга тиккан кўринади.
Андижон туфайли Ғарб билан юзага чиққан кўнгилсизликлар ортда қолаëтган ҳозирги кезларда¸ Ўзбекистон президенти нигоҳини Россия эмас¸ ундан олисроқ бўлса-да¸ Ғарбга тиккан кўринади.

Тошкент раҳбарининг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Остона учрашувига келмагани¸ Ўзбекистоннинг бу гуруҳни ҳам тарк этиши даракчиси сифатида кўрилмоқда.

Ўзбекистоннинг Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқиб кетиши эҳтимоли ортмоқда.

Бу эҳтимолни 18 декабр куни ташкилот бош котиби Николай Бордюжанинг Федерация кенгашида Ўзбекистоннинг ушбу тузилмадан чиқиш нияти йўқлиги ҳақида қилган баёноти ҳам камайтира олгани йўқ.

Бордюжа сўзларига кўра, Ўзбекистон¸ аксинча КХШТ даги иштирокини фаоллаштириб бормоқда. Хусусан¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ташкилотнинг ижроия органлари билан ўзаро алоқаларни мувофиқлаштирувчи махсус идора ташкил этилган, дея қўшимча қилди ташкилотнинг бош котиби.

Бордюжанинг бир ойдан буён оммавий ахборот воситаларида кўплаб баҳсу мунозараларга сабаб бўлган мавзу юзасидан фикр билдиришига ниҳоят Ўзбекистон томонининг 18-20 декабр кунлари Остонада бўлиб ўтадиган КХШТ норасмий учрашувида иштирок этишдан бош тортгани сабаб бўлди.

Ўтган ойда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиқиб кетиши ортидан, кўпчилик таҳлилчилар учун Каримовнинг Россия етакчилигидаги ҳарбий-сиёсий блокда бундан буён қолиши мантиқсиз кўринди.

Ўзбекистон ташқи сиёсатини кескин танқид остига олган Россия давлат думасининг МДҲ масалалари бўйича мулозими Константин Затулин¸ бундай сиёсатнинг оқибатлари борасида дарҳол огоҳлантирган эди.

- Менимча, Ўзбекистон каби давлатлар гоҳ у ёққа¸ гоҳ бу ёққа оғмаслиги керак. Нима¸ Андижон воқеаси Ўзбекистонда содир бўлиши мумкин бўлган сўнгги воқеами!? Наҳотки, Ўзбекистон ўзининг ички барқарорлиги ва иқтисодий ривожланишини абадий кафолатлаб қўйган бўлса?! – деган эди Госдума депутати Затулин.

Россия сиёсатчилари фикрича, расмий Тошкент ўзининг Москвадан масофа сақлаётганини Ғарбга намойиш этишга уринмоқда.

Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқиши¸ бу ташкилотга Ғарбда рақиб сифатида кўриладиган НАТО учун хушхабар бўлишини кутиш мумкин.

Бироқ ҳозирча НАТО мулозимлари жорий эврилишларни шунчаки “хабар” ўлароқ қабул қилмоқда.

- Буларнинг барча мен учун янгиликдир. Бу борада муносабат билдирмайман. Мен буни диққат билан эшитдим, лекин бу борада муносабат билдиришни кейинроқ муддатга қолдираман¸ – деди НАТО матбуот котиби Жеймс Апатурай.

Ўзбекистоннинг Россия етакчилигидаги ташкилотлар борасида ўз эътирозларини билдира бошлаши, минтақада Россия ва АҚШ ўртасидаги геосиёсий курашнинг авж олгани билан боғлиқ, деб ҳисоблайди “Глобал сиёсатдаги Россия” журналининг бош муҳаррири Федор Лукьянов.

Бу борадаги Ўзбекистон раҳбарининг сиёсатини “тутуриқсиз” деб айтиб бўлмайди¸ деб давом этади у суҳбатдошимиз.

- Бу давлатнинг ўзига хос изчил сиёсати бор. Бу давлат ҳар доим турли сиёсий гуруҳлар ва таъсир марказлари ўртасида манёвр қилиб, ўз салмоғини оширувчи позицияни эгаллашга ҳаракат қилиб боради¸ - дейди Федор Лукьянов.

Россиянинг Ўзбекистонни ўз таъсир доирасидан тобора йўқотиб бораётгани кўплаб омиллар билан изоҳланиши мумкин.

Бироқ¸ энг асосий омил Андижон воқеалари борасида Ғарбнинг кескин танқидлари ўтмишда қолаётгани билан боғлиқдир. Зеро, Россия билан яқинлашувнинг асосий мезонини 2005 йилдаёқ Каримовнинг ўзи шундай белгилаб олган эди.

“Ўзбекистонда Андижон воқеалари билан боғлиқ пайдо бўлган муаммолар, кимнинг ким эканлигини яққол кўрсатиб қўйди. Бу хусусда Россия ўзининг ишончли эканини намойиш этди”¸ - деган эди президент Каримов 2005 йил воқеаларидан кўп ўтмай.

Ўзбекистондан ажралиб қолган Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти тузилмадаги Ўзбекистон ўрнини пасайтиришга ҳаракат қилди.

Айни пайтда¸ КХШТ расмийлари ҳам Ўзбекистоннинг ташкилотдан тарк этиши фожеавий оқибатларга олиб келмаслигини билдирмоқда.

- Ўтган муддат давомида интеграциядан кўра иқтисодий изоляцияни афзал биладиган ва фақатгина ўз хавфсизлик кучларига ишонадиган Ўзбекистон ҳукуматининг ЕвроосиëИҲ ва КХШТ га қарийб ҳеч нарса таклиф эта олмаслиги кўриниб қолди. Бироқ¸ бу ташкилотлар ҳамон уларни тарк этиш орқали муҳим баёнот қилишга ярайди.

КХШТ режимнинг хавфсизлиги билан шуғулланмайди. Агар бирор ҳол юз берса¸ унинг ёрдамга келишига шубҳа қиламан. КХШТ бу бир тимсол. Ғарбда бу ташкилот Россияга устиворлик берган давлатлар тимсоли сифатида кўрилади¸ – дейди Лукьянов.

Коллектив хавфсизлик шартномаси аъзолари Россиядан имтиёзли нархда қурол-яроғ сотиб олиши¸ шунингдек Афғонистон ёки Покистондаги вазият жиддий ёмонлашган пайтда¸ ташкилот кўмагига таяниши мумкин.

Бошқа томондан¸ Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош минтақалари ҳатто Афғонистонни толиблар идора қилган вақтда ҳам улар назоратига ўтмаган ва бугунги кунда ҳам мамлакатнинг энг хавфсиз қисми бўлиб қолаётир.

Ўзбекистон ўз армиясини ҳамон Россия қурол-аслаҳаси билан таъминлай олишига эса¸ отанг бозор¸ онанг бозор принципи устиворлигига ишонган кўпчилик таҳлилчилар шубҳа қилмаётир.

КХШТ ни тарк этиш орқали расмий Тошкентнинг Ғарбга бераётган ишораси бир муддатдан сўнг Андижон воқеалари ортидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши жорий этган қурол-яроғ эмбаргосини ҳам тарихга айлантириши мумкин.
XS
SM
MD
LG