Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:12

Хорижий радио станцияларнинг икки мухбири Тошкентда калтакланди.


А. Аррал

Олиб борувчи: Азизулло Арол (АА)
Озодлик мухбири Шайбон: Ҳусниддин Қутбиддинов (ҲК)
Америка Овози мухбири Беҳруз: Юсуф Расулов (ЮР)
Мустақил журналист: Мўътабар Тожибоева (МТ)



(АА):
Озодлик радиосининг ҳурматли ихлосмандлари!
Эшиттиришимизни Ўзбекистон ҳаëтига оид лавҳалар билан бошлаймиз.

7 март¸ жума куни Тошкент вақти билан эрталабки соат 11 ларда Озодлик радиоси Ўзбек хизматининг Тошкент бюроси мухбири Шайбон ҳамда Америка Овози радиоси Ўзбек хизматининг Тошкентдаги мухбири Беҳруз пойтахтнинг Чорси бозори ëнида ўзларининг касбий фаолияти билан машғул бўлган бир пайтда бир гуруҳ аëллар ҳамда фуқаро кийимидаги номаълум шахслар томонидан калтакланганлар. Журналистларга ҳужум уюштирганлар уларнинг иш қуролларини юлиб қочишган. Маълум бўлишича¸ номлари тилга олинган мухбирлар Тошкентнинг Чорси бозори ëнида муслима аëллар томонидан ўтказилган норозилик намойиши ҳақида маълумот йиғиш учун борганлар.

Озодлик радиосининг ҳурматли тингловчилари¸ ушбу воқеа жараëни билан сизларни атрофлича таништириш мақсадида ҳозир мухбиримиз Шайбонга боғланамиз:

Шайбон¸ мана маълум бўлишича¸ 7 март жума куни Тошкентда яна бир гуруҳ муслима аëллар норозилик намойишига отланиб¸ Чорси бозори атрофида пикет уюштирганлар. Сиз мана шу пикетни кузатишга борганингизда у ердаги аҳволни қандай кузатдингиз¸ у ерда пикетчилар нима сабабдан норозилик билдираëтган эди¸ уларнинг истаклари¸ талаблари нималардан иборат эди?

(ҲК):
Азизулло ака¸ биз¸ демак¸ мана шу намойиш муносабати билан Чорси бозори ëнига етиб борганимизда намойишга чиққан ўша 40 нафар аëлни милиция ходимлари аллақачон калтаклаб¸ автобусларга жойлаб номаълум йўналишда олиб кетишган экан. Фақат мана шу калтакланиш жараëнида қочиб қутилиб қолган 8 нафар муслима аëл билан гаплашишга муваффақ бўлдик. Уларнинг айтишича¸ намойишга чиққан аëллар Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Каримовни ҳамда ҳукумат аъзоларини бирваракайига истеъфога чиқишини талаб қилишган.

(АА):
Нима учун улар бундай талаб билан чиқишган?

(ҲК):
Уларнинг бундай талаб билан чиқишини сабабини ҳам сўрадик. Демак¸ муслима аëлларнинг айтишича¸ ҳукумат қамоқларда диний эътиқоди учун қамоққа жойлаштирилган йигитларга нисбатан ўтказилаëтган тазийқ ва қийноқларга бефарқ қараб келаяпти ҳамда ўтган йили Ўзбекистон президентининг амнистия ҳақидаги фармони чиққан эди¸ мана шу фармон ижро этилмаяпти¸ мана шу боис биз ҳукуматни оддий фуқаролар тақдирига бефарқ қарашликда айблаймиз ҳамда уларнинг истеъфога чиқишини талаб қиламиз¸ деган талаблар билан чиқишган экан.

(АА):
Ўша ерда қочиб қолган муслима аëллар билан сизлар гаплашганингизда¸ ушланган аëллар қаëққа олиб кетилган¸ ким томонидан ушланган. Шулар ҳам аниқ бўлдими?

(ҲК):
Ҳа¸ биз гаплашиб турганимизда¸ ўша муслима аëлларнинг айтишларига қараганда¸ бу автобусга босиб олиб кетилган аëллар шаҳар Ички ишлар бошқармасига олиб кетилди¸ деган маълумотни айтишди. Лекин¸ бу маълумот аниқ эмас¸ чунки¸ на шаҳар Ички ишлар бошқармаси¸ на туман Ички ишлар бошқармаси буни тасдиқламади. Шунинг учун ҳозирги¸ айни¸ пайтда ўша 40 нафар муслима аëллар¸ намойишга чиққан муслима аëллар қаëқдалиги номаълум¸ Азизулло
ака.

(АА):
Кейин сизлар воқеани кузатишда давом эттингизларми ëхуд бошқа бир кори ҳол рўй бердими?

(ҲК):
Биз муслима аëллардан интервю олаëтган пайтимизда атрофимизга милиция ходимлари йиғилиша бошлади. Уларнинг ҳаммаси милиция кийимида эди. Биз шундай тушундикки¸ агар яна бир оз гаплашадиган бўлсак¸ мана бу бизга интервю бераëтган аëллрани хавфга қолдиришимиз мумкин¸ яъни уларга нисбатан ҳам куч ишлатилиши мумкин¸ деган гумон билан аëлларни кетишга илтимос қилдикда¸ лекин ўша жойда бир нарсани сездикки¸ бизнинг атрофимизни ўраб олган аксарият милиция ходимларининг қўллари қонга беланган эди.

(АА):
Шайбон¸ бу ерда қандайдир бир тўқнашув юз берганми. Нега милицияларнинг қўллари қонга беланган деяпсиз? Муслима аëллар билан¸ намойишга чиққан муслима аëллар билан улар (милициялар) ўртасида жиддий бир тўқнашувлар юз берганми?

(ҲК):
Ўша биз билан суҳбатлашган муслима аëлларнинг айтишича¸ тўқнашув бўлмаган. Гап шундаки¸ ўша милиция ходимлари аëлларни¸ намойишга чиққан аëлларни автобусга жойлаëтган пайти аëллар қаршилик кўрсатишган¸ яъни автобусга чиқишга норози бўлишган. Шунда милиция ходимлари уларни қўпол тарзда калтаклашга киришишган ва уларни уриб¸ оғзи-бурнини қонга белаган ҳолда мажбуран автобусга тиқишган.

(АА):
Ўша қўли қонга беланган милициялардан шу воқеанинг тафсилотини сўрашга имконият бўлдими?

(ҲК):
Биз Америка Овози мухбири Беҳруз билан ўша қўли қонга беланган полковник милиция ходими ëнига бориб¸ демак¸ ҳибсга олинган 40 нафар аëллар қаëққа кетган¸ нима сабабдан қўлларингиз қонга беланган деб қизиқдик. Аммо¸ у қўлини чўнтагига яширдида¸ - "Бекорчи гапларни гапирманглар. Ҳеч қанақа намойиш бўлгани йўқ. Қанақа аëллар ҳақида гапираëпсизлар. Умуман¸ бу ердан кетишингизларни сўрайман"¸ - деб бизга дўқ-пўписа қилди.Шундан кейин биз улардан овоз олиш имкони бўлмагани учун студияга қайтишга қарор қилдик. Йўлда кетаëтганимизда ўша бозорда савдо олиб борувчи 8 нафар ëки 10 нафар аëл бизни қувиб етишувди¸ биз бозордан анчагина йироқлаб қолган эдик. Қувиб етишдида¸ ҳозиргина бозорда сизлар бир ëш қизга тегажоқлик қилдингизлар деб бизга бақириб кетишди. Уларга биз тушунтиришга ҳаракат қилдик. Кечирасизлар¸ унақа воқеа бўлгани йўқ. Биз мана шу радио мухбирларимиз. Нима сабабдан бунақа айб қўйяпсизлар бизга¸ деб турган жойимизга бир ўн-ўнбеш нафар фуқаро кийимидаги бақувват-бақувват йигитлар югуриб келишдида¸ ҳеч бир тушунтиришсиз¸ ҳеч бир изоҳсиз¸ демак¸ Америка Овози мухбири Беҳруз билан мени калтаклай бошлашди.

(АА):
Қандай қилиб¸ нималар билан калтаклади. Қаерларингизга урди улар?

(ҲК):
Улар асосан устки кийимимизнинг бўйин қисмини буққан ҳолда иккитаси¸ демак¸ Беҳруз билан менинг қўлимни ушлаб туришдида¸ қолганлари¸ демак¸ танамизнинг паст қисмларига¸ қорнимизга¸ биқинимизга муштлай кетишди.

(АА):
Шайбон¸ сизларни асосан эркаклар калтаклашдими ëки аëллар?

(ҲК):
Бу ерда шундай бўлдики¸ аввал мана шу югуриб етиб келган 15 нафар эркак ëппасига калтаклашди¸ кейин улар армондан чиқиб олгандан кейин қўлимизни ушлашда¸ қўлимизни қайириб туришда давом этишдида¸ эндиги навбатни аëлларга беришди ва ўша бозорчи аëллар¸ улар ҳам¸ бизни калтаклашга тушишди.

(АА):
Кейин нима бўлди?

(ҲК):
Биз ўша калталаниш жараëнида бир нарсани сездикки уларнинг асосий мақсади¸ демак¸ ўша Беҳруз билан менинг елкамга осиқлик турган ўша сумкани тортиб олиш бўлган. Чунки биз боя¸ юқорида¸ айтиб ўтганимдек¸ муслима аëллардан интервю олдан эдик¸ улар бўлган воқеани батафсил гапириб беришган эди.

(АА):
Демак¸ Шайбон сизнинг ҳамда Беҳрузнинг сумкаларини аëллар тортиб олдими ëки эркаклар?

(ҲК):
Эркаклар тортиб олишди. Аëллар чунки ўша пайтда Беҳруз билан мени калтаклаш билан банд эди.

(АА):
Кейин (сумкаларингизни) қайтиб беришдими ëки олиб кетишдими ўзи билан?

(ҲК):
Энг қизиғи шундаки Азизулло ака¸ улар сумкани тортиб олгандан кейин аëллар ҳам эркаклар ҳам қандайдир ғаройиб тарзда ғойиб бўлишди воқеа жойидан. Биз ўзимизни англаб ўлгурмагунча уларнинг бирортасиси қолмади¸ ҳаммаси қочиб кетди.

(АА):
Ана шу воқеа юз бераëтганда атрофдагилар ҳеч қандай реакция кўрсатмадими. Атрофда милиция ходимлари кўзга ташланмадими?

(ҲК):
Бизни калтаклашаëтган пайти биздан уч қадам нарироқда маълумки¸ ўша намойиш бўлганлиги туфайли йўллар тўсилган эди¸ биздан уч қадам нари ëқда 10 нафар милиця ходимлари турган эди милиция кийимида. Биз уларга мурожаат қилдик ўзимизнинг ҳолатимиз хусусида. Илтимос¸ бизга ëрдам беринглар¸ мана бу безорилар бизга ҳужум уюштираяпти¸ дедик. Шунда милиция ходимларидан биттаси: " Агар сизни калтаклаëтган бўлса¸ тўғри қиляпти. Аввалдан шунақа муносабатда бўлиш керак эди. Ниҳоятда ҳаддинглардан ошиб кетдинглар сизлар. Ураверинглар"¸ деб бояги калтаклаëтганларга шунақа рухсат беришди ва ўзлари тескари қараб туришди. Энди оддий халққа келсак¸ оддий халқ милиция ходимлари бунақа тўполон бор жойда бир оз қўрқоқлик кайфияти устувор бўлганлиги учун оддий халқ аралашмади. Албатта¸ўша ерда нима учун мухбирларни ураяпсизлар¸ қўл тортинглар деган бақирган-чақирганлар бўлдию¸ лекин бевосита аралашиб бизни ажратиб олишга уринганлар бўлмади¸ Азизулло ака.

(АА):
Сизнингча¸ мана шу аëллар ва эркаклар кимлар эди ва ким томонидан буларга мана шундай ишни амалга оширишга рухсат берилган бўлиши мумкин? Мана шу ҳақда ўзингизча бирор хулосага кела билдингизларми?

(ҲК):
Азизулло ака¸ мана шу Тошкент шаҳрида¸ масалан¸ ўтган йиллари бўлиб ўтган бир қатор пикетларда бизни калтаклаган ўша фуқаро кийимидаги шахсларининг аксарини биз кўрган эдик¸ улар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари. Демак¸ ўша бизни калтаклаб қочгандан кейин биз ўша калтаклашда иштирок этган бир йигитни тутиб олишга эришдик. Ундан сўраганимизда у биздан кечирим сўрадида: "Бизга Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг коррупцияга қарши кураш бўлими ходимлари шунақа қилинглар¸ деб илтимос қилишди. Мақсад ўша сумкаларингизни тортиб олиш эди. Чунки сизлар кимдандир интервю олган экансизлар"¸ деб айтди.

(АА)
Муҳтарам тингловчилар¸ шу воқеа бўйича Тошкентдаги мухбиримиз Жамшид Шомуродов Ўзбекистан Ички ишлар вазирлиги терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илья Васильевич Пегайга мурожаат қилди. Маълум бўлишича¸ муслима аëлларнинг пикетлари асосан ана шу бошқама ходимлари томонидан тарқатиб юборилади ҳар доим ҳам¸ яъни пикетга чиққан аëлларни тарқатиб юбориш учун Пигай бошлиқ бошқарма ходимлари ишга солинади. Илья Пегай гапиради: "Я слишал¸что какие- то парни подошли к женшинам и начали с ними разговаривать ¸ может бить ви это имеете в виду? Что там били работники¸ я это не слишал. Такой инцидент вряд ли имел место¸ что наши сотрудники что-то у кого-то отняли или кого-то избили. Детали я буду сейчас узнавать"¸ - "Мен эшитдим¸ қандайдир йигитлар аëллар олдига боришган. Улар билан нима ҳақдадир гаплаша бошлашган. Сиз шуни назарда тутаяпсизми? У ерда ходимларимиз бўлганлигини эшитганим йўқ. Фақат олдиндан айтишим мумкин¸ бизнинг ходимлар кимнингдир¸ нимасинидир олиб қўйган¸ кимнингдир урган бўлиши¸ бундай ҳодисанинг бўлиши эҳтимоли йўқ. Воқеа тафсилотларини ҳозир ўргана бошлайман".

(АА):
Бу Ички ишлар вазирлиги терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илья Васильевич Пегайнинг мазкур воқеа ҳақидаги мулоҳазаси эди.

(АА):
Алло¸ Беҳруз яхшимисиз?

(ЮР):
Ассалому алайкум¸ Азизулло ака яхшимисиз?

(АА):
Ҳа¸ раҳмат. Беҳруз уларнинг калтаклари натижасида сизлар бирор-бир шикаст кўрдингизларми-йўқми?

(ЮР):
Мен ҳозиргача бир карахт аҳволдаман. Чунки ўша воқеа содир бўлгандан кейин¸ биринчи марта мана шундай воқеа содир бўлиши эди бизнинг журналистик фаолиятимиз давомида. Биринчи марта бугунги воқеа билан Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари хорижий мухбирларга нисбатан мана шундақа зўравонлик¸ тазйиқ амалларини бошлаб беришди¸ деб айтиш мумкин. Биз тана аъзоларимизга қанақа зарар етказилгани ҳақида ҳозир биз экспертизадан ўтказамиз ўшандан кейин маълум бўлар. Лекин бизга жуда катта маънавий зарар етказилди. Ҳозиргача биз ўзимизга келолмаяпмиз. Нега бу воқеа содир бўлди? Бу воқеани кимлар уюштирд? Бунинг орқасида кимлар турибди? Биз ҳозирча аниқ бир маълумотга эга эмасмиз. Лекин мен аниқ биламанки¸ бу айнан ўша биз муслима аëлларнинг норозилик намойишларидан кейин¸ ўша маълумот тўплаб қайтаëтганимизда содир бўлганлиги учун бу бизни журналистик фаолиятимизни чеклаш мақсадида ëки қанақадир фаолиятимизни тўхтатиш мақсадида қилинган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг бир амаллари деб ҳисоблайман.

(АА):
Раҳмат Беҳруз. Ҳурматли тингловчилар¸ бу Америка Овози Ўзбек хизматининг Тошкентдаги мухбири Беҳруз эди.

Мухлис тингловчилар¸ муслима аëлларнинг бугунги норозилик намойишлари хусусида мустақил журналист Мўътабар Тожибоеванинг икки оғиз мулоҳазалари ва муносабатларини ҳукмингизга ҳавола этиш мақсадида Мўътабар Тожибоевага боғланамиз.

Мўътабар опа¸ мана бугунги воқеани сиз қандай баҳолаган бўлардингиз. Муслима аëлларнинг мана шундай талаб билан чиқиши ва ундан кейин чет эл мухбирларига ва умуман оммавий ахборот воситалари вакилларига бундай муносабатда бўлинишини қандай баҳолаган бўлардингиз?

(МТ):
Мен мана шу муслима аëлларни чиққан талабларини ҳаққоний деб биламан. Чунки бугунги кунда Ўзбекистон республикасида борган сари халқнинг ҳуқуқини¸ конституцион ҳуқуқларини айнан маҳаллий ҳокимиятлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи маъмурий органлар томонидан ҳуқуқлари поймол бўлиш ҳолатлари ҳаддан ташқари чексиз тарзда кучайиб кетяпти¸ борган сари кучаяпти. Ўзбекистонда муслима аëлларнинг норозилик намойишига чиққанини ëритиш учун борган халқаро журналикстлар¸ мана шу Америка Овози ҳам Озодлик радиоси мухбирларига қилинган тажовузни мен¸ айнан мана шу Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни бутун дунë ҳамжамиятига олиб чиқаëтган журналистларга нисбатан қилинган тазйиқ деб биламан. Шунингдек¸ мисол учун бу халқаро миқëсда фаолият юритувчи журналистларга нисбатан биринчи бора қилинаëтган тажовуз эмас. Лекин¸ мисол менинг ўзимни ҳам ўша биринчи июн куни ноқонуний тарзда ҳибсга олиб¸ калтаклаб¸ ҳатто зўрламоқчи бўлишган. Ҳатто ўша менинг журналистик фаолиятимга алоқадор бўлган диктофоним¸ гувоҳномаларим барча нарсани олиб қўйиб¸ 13 кундан кейин беришган. Бугунги кунда мана энди бу журналистларга нисбатан қилинган тазйиқ¸ уларнинг айнан журналистик фаолиятига алоқадор бўлган техникаларининг олиб қўйилишини ҳам мен айнан мана шу ҳолат деб биламан.

(АА):
Раҳмат сизга Мўътабар Тожибоева.
Муҳтарам тингловчилар¸ бу мустақил журналист Мўътабар Тожибоева эди. Эшиттиришимиз давом этади¸ шу тўлқинда қолинг¸ азизлар.
XS
SM
MD
LG