Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:57

Фарғоналик адвокатлар қийноқларга қарши


Маълумотларга кўра, Фарғонада бир гуруҳ адвокатлар томонидан “Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши” деб номланган янги ташкилот тузилган.

Ташкилот ташаббускорларидан бири, Фарғонадаги “Нажот” адвокатлик фирмаси раҳбари Асқарали Файзуллаевнинг сўзларига қараганда, кўплаб халқаро ташкилотларнинг қийноқларни тўхтатишни сўраб, Ўзбекистон ҳукуматига мурожаатлар, тавсияномалар жўнатганига қарамай, мамлакатда қийноқлар давом этмоқда. Янги ташкилотни тузишдан асосий мақсад фуқароларни қийноққа солиш каби ноқонуний ишларни фош этиб, бу муаммога ҳукумат ва халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш орқали қийноқларга барҳам беришга ҳаракат қилишдир.

“Хизмат вазифамни бажариш чоғида бундай қонунбузарликларга кўп дуч келганман. Масалан, жорий йилда Учкўприк туманида Ғайрат Абдураимов исмли йигитга тергов бўлимининг бошлиғи ҳеч қандай исботсиз айблов эълон қилган. Айбланувчи билан суҳбат чоғида у ўзини ички ишлар ходимлари калтаклаганини билдирди. Суд жараёнида мен буни исботлаб бердим”, - деди адвокат.

“Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши” ташкилотига кўп йиллик тажрибага эга бўлган адвокатлар, яқинлари қамоқда сақланаётган шахслар жалб этилган.

Марғилонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаровнинг таъкидлашича, диний эътиқоди учун ҳибсга олинган кишиларнинг кўпчилиги қийноққа солинади. У Навоийдаги қамоқхонага борганида бу ерда сақланаётган маҳбусларнинг бир нечасида аёвсиз калтакланиш излари борлигига шахсан гувоҳ бўлган.

А.Мадумаровнинг айтишича, қийноқлар фақат тергов чоғида ёки қамоқхонада эмас, балки суд жараёнларида ҳам содир этилиши кузатилмоқда. Масалан, яқинда Фарғона вилояти жиноят ишлари судида олтита диндор устидан суд бўлиб ўтган. Суд ҳукми ўқилаётган пайтда судьянинг кўз ўнгида темир қафас ортидаги маҳбуслар резина тўқмоқ билан калтакланган.

“Нажот” адвокатлик фирмаси раҳбари Асқарали Файзуллаев “Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши” ташкилоти раислигига сайланди.
XS
SM
MD
LG