Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:03

Тоҳир Йўлдош яна ўлди...ми?


26 сентябр куни кечки соат 9лар атрофида Озодлик телефонига "Тоҳир Йўлдош ҳалок бўлди¸ 09.09.2009 да" деб ëзилган SMS хабари келди. Хабар жўнатилган номерга қўнғироқ қилингач¸ у ердан "Узр телефонда гаплаша олмаймиз...Бу номер омонат бўлсин..." деган иккинчи хабар келди.

Ниҳоят¸ душанба куни қилинган уринишлар ниҳоясида¸ бу хабарни йўллаган ўзбекистонлик шахс билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

Ўз исмини айтишни истамаган бу "хабарчи" билан 28 сенябр куни орамизда мана бу суҳбат бўлиб ўтди:

Озодлик: Марҳамат¸ аввал ўзингизни таништирсангиз. Кимсиз?

- Мен авваллари Ўзбекистон исломий ҳаракатининг амири Муҳаммад Тоҳир Форуқнинг телохлари (тан қўриқчилари) дан бўлганман. Ҳозирги кунда бошқа хизматлар билан юрибмиз. Байтуллоҳ Маъсуд минтақасида бўлган ракета ҳужумидан Байтуллоҳ Маъсуднинг ўзи ҳалок бўлдию. Мана шу ҳужумдан кейинги ана шу минтақадаги биринчи ракета ҳужумида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг амири Муҳаммад Тоҳир Форуқ¸ Тоҳир Йўлдош номи билан машҳур¸ оғир ярадор бўлиб¸ кейин ҳалок бўлди. Оғир ярадор бўлган. Улар ўзларининг ичида ҳам ҳозир махфий қилишмоқда.

Озодлик: Яъни Тоҳир Йўлдош ўлди¸ демоқчисиз?

- Аниқ бўлган. Ҳозирги кунда уларнинг ўзлари ҳам расман тан олишмаяпти. Лекин унинг ҳалок бўлганлиги аниқ. Бир неча нафарлар билан бирга ҳалок бўлган. Ҳатто ҳозир унинг ўрнига бошқа янги амир сайлашган.

Озодлик: Бу воқеа қайси куни рўй берганини айта оласизми?

- Числоси ëдимдан чиқибди¸ лекин сизларга маълум бўлса¸ Байтуллоҳ Маъсуд минтақасида Байтуллоҳ Маъсуднинг ўзининг ҳалок бўлган куни бор эдию¸ ана шундан кейинги икки куни ëки беш кун ичида биринчи ракета урган. У ҳам ана шу минтақада. Шу ракета ҳужумида ўлган.

Озодлик: Қанақа ярадор бўлгани¸ қаери ярадор бўлгани ҳақида биласизми?

- Оëғи узилган¸ бошидан ярадор бўлган.

Озодлик: Орадан неча кун ўтиб вафот этган?

- Тақрибан бир кунга бормаган.

Озодлик: Мана сиз Муҳаммад Тоҳир Форуқнинг тан қўриқчиларидан бўлганман¸ деяпсиз. Қайси йили бўлгансиз?

- Бир йиллар авваллари.

Озодлик: Бу ҳаракатнинг бугунги аҳволи ҳақида нималар биласиз?

- Унинг ҳозирги аҳволи¸ охирги қилган ишлари¸ охирги вақтдаги воқеалар тўғрисида кўп маълумотлар борку¸ лекин ҳозирча шунинг ўзи кифоя бўлса керак.

Озодлик: Мана амир сайлаган деяпсиз. Ким амир бўлиб сайланди?

- Ҳозир вақтинча¸ муваққат деб сайлашган. У кишининг бу жойдаги (бу жойдаги деганда асл исм эмас¸ “жиҳодий” исм назарда тутилмоқда – таҳр.) номлари машҳур. У ҳақдаги маълумотни кейин бераман.

Озодлик: Бу жойдаги номини айтаверинг.

- Абдураҳмон исмли татар бола.

Озодлик: Неча ëшда у?

- Тақрибан 40 ëшларга яқин. 38 ëшлар.

Озодлик: У ҳаракатнинг эски аъзолариданми? Тоҳирнинг яқин одамлариданми?

- Эски аъзоларидан.

Озодлик:
Сиз исмингизни айтмадингиз. Энди айтмасангиз ҳам керак. Ë айта оласизми ўз исмингизни? Ўша ерда танилган….

- Кейинги алоқаларимизда кўрамиз. Ҳозирча айта олмайман. Менинг овозимнинг эшиттирилиши ўзим учун ҳам яхши эмас.

Озодлик: Бу хабарларни бизга етказишдан сизга қандай манфаат бор?

- Ўзи аслини олганда бу оддий инсоннинг ўлиши. Бу нима нарса эмас. Ҳар бир инсон ўлади. Лидер бўлган одамлардан бўлгани учун айтдим.

Озодлик: Сиз Муҳаммад Тоҳир Форуқни ҳурмат қилармидингиз? Шу бугунгача унинг қилган ишларини ҳурмат қилганмидингиз?

- Масалан¸ Муҳаммад Тоҳир Форуқнинг қўл остида юрган аксар кишилар ҳам асли норози. Охирги вақтлар кўп ишларни қилган. Жуда кўп аъзолар қўл остида мажбурий юради.

Озодлик:
Сиз ҳам шу норозиларнинг орасидамидингиз?

- Шундай.

Озодлик: Сиз норозилигингизни шу тариқа изҳор қилаяпсизми? Бу хабарингиз рост эканлигини тасдиқловчи бирор далил бера оласизми?

- Бу маълумот аниқ. Ҳозирги кунда норасмий ўзлари ҳам тан олишиб¸ нима қилишмоқда. Лекин расмий тан олишмаяпти негадир.

Озодлик: Сиз аниқ деяпсиз. Буни нима билан тасдиқласа бўлади? Қандай тасдиқ бор?

- Буни қандай тасдиқласа бўлади яна? Бизда ëлғон хабарлар¸ ëлғон гаплар бўлмайди.

Озодлик:
Сиз ўзингиз қанақа қилиб эшитдингиз? Ўз кўзингиз билан кўрдингизми ëки ўз кўзи билан кўрган одамдан эшитдингизми?

- Кўзи билан кўрган кишилардан эшитдим. Мен ракета ҳужуми бўлган пайтда овози эшитиладиган масофада эдим.

Озодлик:
Сиз қайси гуруҳда эдингиз ва ҳозир қайси гуруҳнинг аъзосисиз? Адашмасам¸ сиз Ўзбекистон исломий ҳаракатидан чиқиб кетгансиз.

- Ҳа¸ шундай. Анча бўлди чиқиб кетганмиз. Лекин бирор бир ташкилотда эмасмиз.

Озодлик: Чиқиб кетишингизга нима сабаб бўлган? Тоҳир анча ишларни қилди¸ дедингиз. Нима ишларни назарда тутаяпсиз?

- Кўп кишини атрофида ëлғон ваъдалар билан олиб юрди. Кўп хиëнатлар қилди охирги вақтлар.

Озодлик:
Мисол учун.

- Қўл остидагиларга¸ унга қарши чиққанларга хиëнат ҳам этди¸ зулм ҳам этди. Қисқасини айтганда¸ Ўзбекистон ҳукуматининг президенти Каримов қандай бўлса¸ бу ҳам хорижда¸ мусофирчиликда юрган шундай кишилардан бўлиб қолган охирги пайтларда. Мақсадини ҳам билиб бўлмайди.

Озодлик:
Сизлар нима мақсадда юрибсизлар у ерда?

- Батафсилроқ кейинги алоқаларимизда маълумот бераман¸ алоқа қилиб турсак.

Озодлик: Исмингизни айтмадингизда.

- Исмимни ҳозирча айта олмайман.

Озодлик: Бу менга сизга мурожаат қилишим учун керакда.

- Ўзимизнинг¸ ўзингларга ҳам маълум¸ у тарафда (Ўзбекистон исломий ҳаракати ичида қоганлар назарда тутилмоқда – таҳр.) қолганларга¸ бизнинг ўзимиз учун ҳам фойдаси йўқ унинг. Кўпроқ зарарини кўрганмиз.

Озодлик:
Раҳмат сизга. Биз буни қайсидир шаклда эфирга узатишга ҳаракат қиламиз.

- Сизлар учун бир усули бор. Байтуллоҳ Маъсуд катта бир минтақа. У жойдаги барча халқлар уни билади. Ҳатто кўрган. Баъзи бир халқларнинг гувоҳлигига қараганда¸ махфий яшириб кўмилган қабрларини ҳам кўришган. Халқларнинг ўзи бу жойдаги хорижликларга гувоҳлик бериб юрибди.

Озодлик: Сиз Нажмиддин Жалолов ҳақида ҳам биласизми?

- Нажмиддин Жалоловнинг бу ердаги номини билмайман. Шунинг учун мен..

Озодлик: Мен сизга айтаман номини. Абу Яҳë Муҳаммад Фотиҳ.

- Бу атрофда ундай киши йўқ. Муҳаммад Фотиҳ деганини умуман эшитмаганмиз.

Озодлик: У Исломий жиҳод иттифоқидан.

- Яна бир маълумот бор. Исломий жиҳод иттиҳоди амири ҳам шундай кўриниш билан ҳалок бўлди.

Озодлик: Ўша амирининг исми Абу Яҳë Муҳаммад Фотиҳ. Бу Нажмиддин Жалолов бўлади.

- Бу жойда Яҳë номи билан машҳур. Исломий жиҳод иттиҳоди бор. Унинг амири ҳам тақрибан Рамазон ойининг охирларида ракета ҳужумидан ҳалок бўлди.

Озодлик:
Сизнинг овозингиздан мен тушкунликни сезаяпман. Қандайдир бир тушкунлик бор. Бу нима билан боғлиқ?

- Кейинги алоқаларимизда кейин…

Озодлик: Майли раҳмат сизга.

- Бўпти.

*************************************************************************************

Озодликнинг "Эркин микрофон"ига "Тоҳир Йўлдош ҳалок бўлди¸ 09.09.2009 да" деб ëзилган SMS хабари йўллаган ўзбекистонлик собиқ ЎИҲ аъзоси билан илк суҳбатимиз шу ерда тугади.

Бу хабарнинг қанчалар ҳақиқатга яқинлигини аниқлаш мақсадида биз дарҳол Покистон армияси матбуот хизматига сим қоқдик.

Зотан шу йил июн ойида Покистон армияси матбуот котиби генерал Атҳар Аббос Жанубий Вазиристоннинг Макин ҳудудида амалга оширилган ҳарбий амалиётлар чоғида Тоҳир Йўлдошнинг яраланганини билдирган эди. Покистон армияси расмийлари¸ ўзларида Тоҳир Йўлдошнинг ўлганига оид янги хабарни на тасдиқлаш ва на инкор қилиш имкони йўқлигини билдириб¸ бу хабарга ойдинлик киритиш учун вақт сўрадилар.

Покистон армиясидан аниқ жавоб ололмагач¸ Ўзбекистон исломий ҳаракатининг расмий сайтига кириб¸ ҳаракат амири деган мақом берилмиш Тоҳир Йўлдош баëнотларини кўздан кечирдик.

Сайтда Тоҳир Йўлдош номидан берилган сўнгги баëнот июл ойида - Тожикистондаги Тавилдара воқеалар борасида тожик ва ўзбек тилида қилинган ваъздир.

Кўзга ташланган қизиқ жиҳат¸ ҳар йили Қурбон Ҳайити ва Рамазон Ҳайити муносабати билан мусулмонларга табрик йўлловчи Тоҳир Йўлдошнинг бу галги Рамазон Ҳайитида бу каби табрик номаси эълон қилмагани бўлди.

Агар аноним хабарчи еткизган воқеа рост бўлса ва Тоҳир Йўлдош 9 сентябр куни ракета ҳужумлари оқибатида ўлган бўлса¸ унинг 20 сенябр кунги Рамазон ҳайити муносабати билан табрик йўлламагани сабаби ойдинлашгандек...

Мустақил Ўзбекистон яратган "1-рақамли террорчи" тақдирига аниқлик киритиш уринишларини давом эттираяпмиз ва янги тафсилотлар билан яқин орада Озодлик сайти¸ ҳамда радиодастурлари орқали танишишингиз мумкин бўлади.
XS
SM
MD
LG