Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:58

Президентга пахта қўйилди


Каттаю кичик қаддини букиб териб олган пахта¸ Каримов кўзини қувнатиш учун уч кун давомида қайта чаноққа қўйиб чиқилди.
Каттаю кичик қаддини букиб териб олган пахта¸ Каримов кўзини қувнатиш учун уч кун давомида қайта чаноққа қўйиб чиқилди.

16 октябр куни Фарғонага борган Ислом Каримов кўзини пахта мўл-кўллигидан яйратиш мақсадида¸ йўл бўйидаги пахтазорлардан териб олинган пахталар¸ қайтадан чаноққа қўйиб чиқилди.

Одатда Ўзбекистон президентининг вилоятларга сафарига жуда катта тайёргарлик кўрилади, унга вилоятда халқ хўжалиги соҳасида эришилаётган муваффақиятлар кўз-кўз қилинади. Лекин пахта терими мавсумида президент ташрифига бунчалик “пахта қўйиш”ни ҳеч ким фарғоналик ҳокимларчалик уддалай олмаган бўлса керак. Сиз яна “пахта қўйиш”ни зинҳор кўчма маънода тушунманг, ҳурматли муштарий! Биз бу гап билан терилган пахтани қайтадан жойига қўйишни назарада тутаëтирмиз.

Фарғоналиклардан бирининг айтишича, президент кортежи ўтадиган йўл бўйидаги пахтаси териб олинган ғўзаларга, президентнинг кўзини қувнатиш учун, яна пахта қўйиб чиқилган.

- Уч кун олдин 1000 та одам пахтани қайтадан жойига қўйиб қўйди.

Озодлик: Қаерда ва қандай қилиб?

- Президентский кортеж ўтадиган жойларда даланинг четида 1000 та одам пахтани қайтадан чаноғига қўйиб чиқди (суҳбатдошимиз шу гапни айтиб бўлиб¸ мазза қилиб кулиб олди). Бу эртакларда¸ ахмоқлар мамлакатида жиннилар подшо бўладиган жойларда бўлади.

Озодлик: Шунинг жойини аниқроқ қилиб айтинг. Қайси туманда ëки қайси қишлоқда?

- Охунбобоев тумани¸ Фарғона вилояти¸ Фарғона тумани ҳам бор.

Озодлик: Бу Фарғона вилояти¸ Фарғона туманида бўлаяпти-а?

- Ҳа.

Озодлик: Президент кортежи ўша ердан ўтадими?

- Президент кортежи ўтадиган жойларда.

Озодлик: Сиз кўрдингизми ўзингиз?

- Мен велосипедда айланиб бориб кўриб келдим. 20 минут томоша қилдимку. Тепада Худо турибди¸ ўз кўзим билан кўрганимни айтаяпман мен сизга.

Озодлик: Қандай қилиб қўйишаяпти? Жуда қизиқда бу.

- Студент болалар пахтани этакда олиб чиқиб ëпиштиришаяпти. Худди биринчи теримдай.

Озодлик: Ташқаридан оппоқ бўлиб кўриниб турсин дебда-а?

- Ҳа. Кимга керак бу нарса? Кулгилида энди. Бутун дунë куладику бунга. Мана сиз Чехияда турасиз тўғрими? Президент олма терилаëтган жойга келса¸ олмани ип билан дарахтга ëпиштириб қўймайдику¸ дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

Лекин яна бир фарғоналик Ҳайдарали аканинг айтишича, буниси ҳали ҳолва. Президент кортежи ўтадиган йўллар четидаги пахтаси териб олинган ғўзалар ўрнига бошқа жойдан қийғос очилган ғўзалар олиб келиниб¸ ўрнатиб чиқилган.

- Олтиариқ томонда¸ Охунбобоев томонда ҳали терилмаган пахтани кўчати билан олиб келиб¸ уч қатор экиб чиққанини биламан. Юзлаб¸ минглаб одамлар пахта экаяпти. Пахтани терилмаган жойидан кўчати билан олиб келиб экишаяпти. Бу Олтиариқ томонда. Охунбобоев районига борадиган йўлларнинг бўйларида¸ дейди Ҳайдарали ака.

Ҳай, нима қипти дерсиз. Ойда-йилда бир келадиган президент йўлларида пахталар қийғос очилиб турган бўлса¸ нимаси ёмон дейишингиз ҳам мумкин. Пахта ўзбекнинг ори, ифтихори эмасми, ҳам дерсиз. Бироқ Ҳайдарали аканинг айтишича, биргина бу эмас. Президент келишидан 15 кун олдин, у ўтадиган йўл четидаги барча дўконлар, ошхоналар ёпиб қўйилди.

- Президент келишига 10-12 кун қолганда ҳамма ëқларни бекитган. Ошхона¸ магазин¸ йўл бўйидаги новвойхоналар¸ хусусий ошхоналар ҳаммасини бекитиб юборган. Йўлнинг устидаги дўконлар¸ корхоналар ҳаммасини ëпган. Бозорнинг атрофларига келган. “Ҳамма пахтага!” деб ëзиб қўйган. Деҳқон бозори ҳам 10 дан кейин очилаяпти. 80 фоиз жойлар берк. “Биз налог тўлаяпмиз¸ биз тадбиркормиз. Планимиз бор¸ тўлашимиз керак” дейишди. Свет¸ газларгача узиб қўйишди. Президент кетгандан кейин ëқишса керак. Президентнинг келиши оддий аҳолига¸ тадбиркорларга катта зарарку. 10-15 кун ҳеч кимни ишлатишмайди. Кўчадаги семичка сотаëтган¸ мева сотаëтган ҳаммасига зарар. Деҳқонларга ҳам зарар. Бозорга яқинлаштиришмайди¸ дейди Ҳайдарали ака.

Президентнинг Фарғонага ташрифини одамлар фақат кўчаларнинг ёпилгани, милиция ходимларининг одамлардан ҳам кўпайиб кетганлигидан билиб олишади. Ҳатто Ўзбекистондаги энг тез ахборот манбаи ЎзА ҳам Тошкент вақти билан соат 19.00 гача бу ҳақда ҳеч қандай хабар бермади. Фарғона вилояти ҳокимлигидан эса мана бу қисқа маълумотни ололдик¸ холос.

- Келишганини биламиз. Қанақа маршрут эканини билмаймизда.

Озодлик: Бугун келишдими ахир?

- Ҳа¸ далаларда юришадиган эди¸ дейди Фарғона вилоят ҳокимлигида телефон гўшагини кўтарган ходим.

Президент ташрифи чоғида Фарғона шаҳрида ҳукм сурган манзарани Исмоилжон Маллабоев тасвирлайди.

- Фарғона вилоят ҳокимлиги билан Фарғона шаҳар ҳокимлиги ëнма-ëн жойлашган. Шунинг бир километр атрофидаги барча кварталлар машина билан тўсиб ташланган. Кўндаланг қўйишиб¸ ҳар чорраҳада 8-10 тадан милициялар ўтирибди. Ҳаттоки мотоциклда уйига ўтиб кетадиганларни ҳам тўсишаяпти. Милициялардан “Бугун футбол борми?” деб сўрасам¸ “Ҳа йўқ тоға. Футбол йўқ. бошқа тадбир бор” деди. “Қанақа тадбир?” деб сўрасам¸ айтишмади қанақа тадбирлигини. Каримовнинг келиш сабабини милициялар билмаса ҳам¸ халқ билади. Бири “Фарғона вилоятининг ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи эди. Шуни алмаштиргани келди” деса¸ бири “Қўқонда янги бозор очилибди¸ ўшанга келган бўлса керак” деяпти¸ дейди Исмоилжон Маллабоев.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, президент Қўқон шаҳридаги Ички ишлар бошқармасининг янги биноси ва Каппон деҳқон бозорининг очилиш маросимида қатнашган бўлиши мумкин. Қўқонлик Эргашали аканинг айтишича¸ бу шаҳарда ҳам кўчалар милиция ходимлари томонидан қаттиқ назоратга олинган .

- Президентни ички ишларга қурилган ҳашаматли бино билан Каппон деҳқон бозорини кўрсатишга олиб келган бўлса керак. Фарғона шаҳридан Қўқон шаҳрига кириб келишда Навоий массиви бор. Ўша ерда йўл бўйича бирорта одамни чиқаришга қўймади дейишди¸ дейди Эргашали ака.

Президент келади¸ кетади. Танишганимиздек унинг муҳофазаси жуда қаттиқ, ҳокимларнинг президентга ҳурмат-эътибори ҳам. Лекин халқчи, нега халқ президентдан бунчалик узоқ олиб қочилади? Нега президент бевосита гаплашиш учун халқнинг ичига кириб бормайди? Бу каби ҳаммани ўйлантирган саволларга қўқонлик Эргашали ака мулоҳаза юритади.

- Диктатура ҳеч қачон халқ билан яшамайди¸ халқ билан бирга бўлмайди. Мен доим айтаман¸ халқдан қўрққан президент қандай президент бўлиши мумкин? Халқ президентдан қўрқса¸ қандай халқ бўлиши мумкин? Масалан¸ Каримов учинчи марта президент бўлди. Бу конституцияда йўқ нарса. Ҳар доим оммавий ахборот воситаларида “Қани турсинчи. Мен жавобини бераманку. Мен билан халқ тортишсин” дейди. Конституцияни бузиб президент бўлиб олди. Президент шуни ўзига муносиб кўрди. Шуни муносиб кўргандан кейин халқнинг олдида нима дея оларди? Тушундингизми¸ дейди Эргашали ака.

Унинг фикрича, ҳали бир кун президентнинг қўлини сиқиб гаплашадиган замонлар ҳам келади.

- Бунинг бундай бўлишига асосан халқнинг ўзи айбдор. Халқ муносиб бўлмаса¸ аллақачон бунақа президент Ўзбекистонда бўлмаган бўларди. Менинг билишимча¸ маълум вақт ўтади¸ Худо билади президент ким бўлади¸ энди мен бўлмасманку у пайтда¸ невараларимиз¸ эвараларимиз президент билан бемалол қўл бериб гаплашадиган вақтлар келади¸ дейди қўқонлик Эргашали ака.
XS
SM
MD
LG