Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:54

Сопи ўзидан чиқарилди


Қозоғистонлик ўзбек депутати Рўзиқул Холмуротов президент Назарбоевга "миллат раҳнамоси" мақомини бериш ташаббускорларидан бири эди.
Қозоғистонлик ўзбек депутати Рўзиқул Холмуротов президент Назарбоевга "миллат раҳнамоси" мақомини бериш ташаббускорларидан бири эди.

Қозоқ мухолифатчиси Абдилдин президент Назарбоевга мустақиллик йилларида Ўзбекистонда Қозоғистонга нисбатан тараққиёт кўпроқ кузатилгани ҳақида ёзгач, қозоқ расмийлари Нурсултон Назарбоев тутаётган сиёсатни ёқловчи ўзбек депутатларини ишга солганини айтмоқда.

Озодлик мухбири билан суҳбатда мухолифатдаги сиёсатчи Серикбўлсин Абдилдин президент Нурсултон Назарбоев номига ёзган хатида мустақиллик йилларида Ўзбекистонда Қозоғистонга нисбатан тараққиёт кўпроқ кузатилганини билдиргани ҳақида гапирди.

- Мен хатимда давлат бошқарувидаги камчиликларни кўрсатиб ўтдим. Гарчи Қозоғистонда катта ютуқларга эришилгани айтилаётган бўлса-да, қўшни Ўзбекистонда тараққиёт кўпроқ кузатилаётганини келтирдим. Аввало, 90-йилларда Ўзбекистонда аҳоли 19 миллионни ташкил этган бўлса, ҳозир 27 миллион кишини ташкил этаяпти. Қозоғистонда эса 90-йилларда аҳоли 17 миллион кишини ташкил этган бўлса, ҳозир 16 миллионга камайган. 90-йиллар ўрталарида эса бизда аҳоли 14 миллионга камайиб кетганди. Иқтисодга келадиган бўлсак, Ўзбекистонда 50 фоиз товарни кичик ва ўрта бизнес ишлаб чиқаради. Бизда эса атиги 10-15 фоизни. Бизда қуруқ гапдан бошқа ҳеч нима йўқ. Ўзбекистонда кўп партиявий парламент бор, бизда эса аввалгидек бир партиявий. Қозоғистонни етакчи дейишдан аввал, қўшни республикаларга қараш керак. Шу боис мен унга ўз хоҳишига кўра, истеъфога кетишини таклиф қилдим, дейди Серикбўлсин Абдилдин.

Мухолифатчининг айтишича, Қозоғистонни Ўзбекистон билан таққослаган хатидан кейин Нурсултон Назарбоев топшириғи билан қозоқ парламентидаги ўзбек депутати Қозоғистонда ҳаёт қўшни республикаларга нисбатан анча барқарор эканлиги юзасидан маъруза қилган.

- Кўраяпсизми, “Қозоғистонда ўзбек ҳам Назарбоевни мақтаяпти” қабилида қилишди буни, дейди мухолифатчи Абдилдин.

Серикбўлсин Абдилдин айтган ўзбек депутати Рўзиқул Холмуротов бўлиб, айнан шу депутат ташаббуси билан парламентнинг қўйи палатаси Назарбоевга миллат раҳнамоси мақомини бериш бўйича қонун лойиҳаларини тасдиқлаганлар.

- Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев фақат президентгина эмас, замонавий мамлакат, мустақил Қозоғистон пойдеворини яратган инсон. У республиканинг иқтисоди ўсишига, халқнинг фаровон ҳаёт кечиришига сабабчи бўлган инсондир. У билан миллат раҳнамоси сифатида фахрлансак арзийди, деган эди депутат Рўзиқул Холмуротов Нурсултон Назарбоевга миллат раҳнамоси мақомини бериш бўйича қонун лойиҳалари қабул қилинган 12 май куни.

Айни пайтда қозоғистонлик ўзбекларнинг ҳаммаси ҳам парламент депутати Рўзиқул Холмуротовни Қозоғистондаги миллатлар орасида сон жиҳатидан 3-ўринда турган ўзбекларнинг тамсилчиси ўлароқ тан олавермайди.

- Холмуротов парламентга Қозоғистон халқлар ассамблеяси томонидан сайланган ва президент буни тасдиқлаган. Олий қонун чиқарувчи органга ўзбеклар томонидан вакил қилиб юборилгани ҳақида бир гап айтиш қийин. Бу ердаги Қозоғистондаги ўзбекларнинг фикрини ҳеч ким сўраб ўтиргани йўқ. Холмуротовнинг чиқишини кўпчилик истеҳзо билан қабул қилишди, кулиб қўя қолишди. “Яшасин” дейдиганлар топилади, улар бор, улар айтаяпти. Мутлоқ кўпчилик бунга кулиб қаради, дейди Абдумалик Сармонов.
XS
SM
MD
LG