Бундан аввалроқ Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева Россия раҳбариятидан Ўшга қуролли кучларни киритиш илтимоси билан мурожаат қилгани айтилган эди.
Озодликнинг Москвадаги мухбири хабарига қараганда, Россия пойтахтида ишлаётган қирғизистонлик ўзбек меҳнат муҳожирларидан иборат қарийб 1500 киши Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси олдида 12 июн куни норозилик митинги ўтказди.
Акцияга иштирокчилари орасида бўлган космонавт Солижон Шарипов Озодликка мана бундай деди:
- Сўнгги маълумотларга қараганда, кеча Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева Россия бош вазири Владимир Путин билан гаплашган. Қирғизистон Россиядан Қирғизистонга Россиянинг Тинчлик сақловчи кучларини киритишни сўради. Ёрдам бугун ёки эртага Ўшга етиб боради,- деди Солижон Шарипов.
Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева Россия ҳукуматига Ўш шаҳрига “учинчи кучлар”ни киритиши илтимоси билан мурожаат қилгани тўғрисида баёнот берди.
Бунга Ўшдаги вазиятнинг кескинлашиб бораётгани сабаб бўлган.
Роза Ўтунбаевага кўра, Россия ҳукумати кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирган. Айни пайтда Ўшга КХШТ ёки ШҲТ ҳарбий кучларидан қай бирини киритиш масаласи ўрганилмоқда.
Роза Ўтунбаева, шунингдек, тартибсизликлар собиқ президент Қ, Бакиевнинг содиқ мулозимлари томонидан амалга оширилганини, бундан мақсад “ҳокимиятга қайтиш ва бўлажак референдумга йўл қўмайслик” эканини айтиб ўтди.