Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Ўш ТВда бошлиқ ўзгарди


ЎшТВ раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев бошида қора булутлар шу йил май ойининг охирида сўроққа чақирилган пайтидаёқ айлана бошлаганди.
ЎшТВ раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев бошида қора булутлар шу йил май ойининг охирида сўроққа чақирилган пайтидаёқ айлана бошлаганди.

Ўзбек тилидаги кўрсатувлар 9 июлдан бери ЎшТВда чиқмаяпти, кейинги икки кун ичида эса ЎшТВ умуман кўрсатувлар беришни тўхтатди. Бу ҳақда Озодликка ўшликлардан бири хабар қилди.

Ўш шаҳар комендантининг матбуот котиби Темур Шершеналиевнинг Озодликка айтишича, ЎшТВ акциялари жанубий қирғизистонлик учинчи шаxсга сотилган ва телерадиоширкат раҳбари қилиб қирғиз миллатига мансуб Комил Сиддиқов тайинланган.

Олдин АкиПрессда ишлаган ва ҳозир Ўш ТВга раҳбар ўлароқ келтирилган Комил Сиддиқов билан боғланганимизда¸ у киши телерадиоширкат акциялари қўлдан қўлга ўтгани ва Ўш ТВга 20 йилдан бери раҳбарлик қилаëтган Халил Худойбердиев ишдан четлатилганини айтди.

Бундан олдин 9 июл куни Ўшдаги мустақил "ЎшТВ" телекомпаниясида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тинтув ўтказган эди. Телевидениенинг янги раҳбари экани айтилаётган Комил Сиддиқов ҳам айнан 9 июл куни Ўш ТВга келтирилди.

Бир неча кун олдин қайта эфирга чиқа бошлаган мазкур телекомпания раҳбари санкциясиз ўтказилган бу тинтув чоғида олиб кетилган дискларнинг қайтарилишини кутаëтган эди. Комил Сиддиқовнинг айтишича, дисклар ўша куни кечқурун қайтарилган.

Айни пайтда Ўш ТВга яқин бўлган ва исми очиқланмаслигини истаган манбага кўра, ўзбек тилида кўрсатувлар берадиган ва бошлиғи ўзбек бўлган Ўш ТВ жиддий тазйиқлар билан юзма-юз бўлган. Ўш ўзбеклари етакчиларидан бири Қодиржон Ботировнинг ўзбек тилига расмий мақом сўраб, Ўш ТВда қилган чиқиши маҳаллий қирғиз мулозимларининг қаҳрини келтирган.

"Журналист" жамоат ташкилоти раҳбари Марат Тўқаевга кўра¸ Ботиров нутқида қонунга зид талаблар бўлмаса-да, бу нутқ замиридаги кайфият Ўш қирғизларининг ҳамиятига теккан.

11 июл куни Ўшда рўй берган этник ғалаëнлар пайтида Ўш ТВга ҳужум бўлган эди. Бу ҳужумдан кейин Ўш ҳокими Мелис Мирзақматов буйруғи билан ТВ фаолияти таъқиқлаб қўйилди. Ўша кунларда Ўш ТВ раҳбари Халил Худойбердиев Озодликка ўз касбий фаолияти таҳлика остида эканлигини айтган эди. Ўшандан бир ой ўтиб, Ўш ТВда раҳбар алмашди ва янги раҳбар Сиддиқовга кўра¸ кўрсатувлар қирғиз тилида эфирга узатилмоқда.

"Журналист" жамоат ташкилоти раҳбари Марат Тўқаевга кўра¸ Халил Худойбердиевнинг ишдан четлаштирилишининг машрулиги шубҳа остида. Ҳар ҳолда, бу ишдан рейдерликнинг ҳиди келиб турибди.

Ўз исмини айтилиши истамаган ходимлардан бирининг Озодликка айтишига кўра¸ ЎшТВнинг эндиликда собиқ раҳбари Халил Худойбердиев оиласини олиб, номаълум тарафга қараб кетган. ЎшТВ таҳририяти ва ижодий ходимлари эса катта босим остида қолмоқда.

- Кайфиятимиз шунақанги энди¸ тушунаëтгандирсиз. Зўрға гапираяпман. Ҳозирча шуларнинг айтганини қилиб турибмиз. Фақат уларнинг тилида бўладиган бўлаяпти. Янгиликларга бугун мен чиқдим. Мана шуларнинг тилида сюжетлар тайëрлаб бердик эфирга. (чуқур хўрсиниб) Шунақа бўлаяпти. Халил аканинг ўзи йўқ. Шанба кундан бери йўқ. Умуман телефони ўчирилган. Уйида йўқ. Оиласи билан қаергадир кетган дом-дараксиз. Биз олдинлари двухсторонний информация берардик. Масалан, бирор жойда бирор нарса бўладиган бўлса¸ иккала томон ҳам ëритиларди. Шу нарсани айтдик¸ лекин булар у нарсага кўнишмади. Бизга ҳозир фақат тинчликка чорлайдиган нарсалар қиласизлар, деди. Масалан, бугун мени университетга жўнатишди. Мен съëмка қилиб келдим. “Шунақа нарсаларни чиқарамиз. Уйи куйганлар тўғрисида ҳеч нарса берилмасин” деган мажбурият бўлаяпти, дейди маъюслик билан ўз исми айтилиши истамаган ходимлардан бири.

Қирғизистоннинг собиқ Омбудсмени¸ ҳозирда Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси Турсунбой Бакир ўғига кўра¸ Ўшда ўзбек телеканалларининг ўзбек тилида гапиртирилмаслиги демократия ва гуманизм тамойилларига зиддир.

Ўшда бир неча мустақил хусусий телекомпания бўлиб, улар орасида иккитаси - ЎшТВ ва МезонТВ ўзбек тилида ҳам кўрсатувлар олиб борар эди. Ҳар иккала компаниянинг фаолияти 11 июн воқеалари бошланиши биланоқ Ўш шаҳар мэрининг фармойиши билан тўхтатиб қўйилган эди.

Ҳозир Мезон ТВ умуман эфирга чиқмаяпти. Ўш ТВ эса ўзбекча кўрсатувларини тўхтатди.
XS
SM
MD
LG