Линклар

Шошилинч хабар
07 июл 2024, Тошкент вақти: 03:19

Ўзбек меҳнат муҳожирлари пул жўнатишда янги рекордларни урмоқда


Ўзбек мардикорларини ўзларига мижоз қилиб олиш истагида бўлган пул ўтказиш тизимлари орасида рақобат кучли.
Ўзбек мардикорларини ўзларига мижоз қилиб олиш истагида бўлган пул ўтказиш тизимлари орасида рақобат кучли.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан пул жўнатиш бўйича собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатларидан келган мардикорлардан анча ўзиб кетгани боис пул жўнатиш тизимларини Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратмоқда.


Ўзбекистоннинг “Агробанк” акциядорлик-тижорат банки билан “UNISTREAM” пул ўтказиш тизими ўртасида тузилган янги келишув бунинг яна бир тасдиғидир. Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун энди шу пайтгача Ўзбекистонда саноқли шаҳобчалари бўлган “UNISTREAM” орқали “Агробанкнинг” мамлакат бўйлаб исталган филиалига пул жўнатиш имкони пайдо бўлди.

Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатаётганларнинг аксарияти меҳнат муҳожирларидир.

Ўзбек мардикорларини ўзлари учун мижоз қилиб олишда “Contact”, “Western Union”, “Золотая Корона”, “MIGOM”, “БЫСТРАЯ ПОЧТА”, “UNISTREAM”, “MoneyGram”, “ЛИДЕР”, “Аnelik”, “BLIZKO”, “Блиц”, “Coinstar Money Transfer”, “InterExpress”, “PrivatMoney”, “АзияЭкспресс”, “АЛЛЮР”, “Россия Почтаси” каби пул ўтказиш тизимлари ўртасида рақобат кучли.

Санкт-Петербургдаги заводларнинг бирида меҳнат қиладиган Ҳилолиддин топган пулининг катта қисмини ҳар ой рублдан АҚШ долларига ўгиирб, уйига жўнатади:

- Мен мана шу ерда ишлаб, ойига 12 минг оляпман. Ундан ойига емоқ-ичмоққа 2 минг рубл олиб қолиб, заводда ётоғи бепул, қолганини уйга жўнатяпмиз. Долларда жўнатаман. Шунда 300 доллардан 6 доллар ушлаб қоляпти. Мен, масалан, “Мигом” ёки “Контакт” бўйича жўнатяпман. Биз аввало арзонлиги ва оз олишига қараб танлаймиз. Чунки каттароқ миқдорда жўнатсангиз, сезилиб қолади, масалан, баъзан 2000 доллар ҳам жўнатамиз йиғилиб қолганда. Кейин евро жўнатмаймиз, чунки бизда асосан муомалада доллар қўлда, рублни эса банкда қабул қилмайди.

Озодлик: Агар рублда жўнатиш имкони бўлганда яхшироқ бўлармиди?

- Рублда жуда яхши бўларди! Чунки уни бу ерда алмаштирмасдан уйга жўнатсак, у ерда биргина жойда алмаштириларди, яъни бир маротаба алмаштириларди.

Озодлик: Биров орқали пул бериб юборганмисиз?

- Йўқ-йўқ! У жуда хавфли. Ҳатто ўзингиз билан олиб кетишга гарантия йўқда. Поездда аниқ олдиради, чунки Қозоғистон чегарасида чатоқ. Ўзимизни Ўзбекистонда ҳам текширадиганлар кўпайиб кетган, ҳар хил баҳона билан иложсиз пулингизни тортиб олиб қўяди. Шу сабабли биров олиб кетишига гарантия йўқ, банкдан жўнатган бошқа,- дейди Петербургда меҳнат қилаётган Ҳилолиддин.

“Сontact” пул ўтказиш тизими бўлим бошлиғи Сергей Блудов Вести.Ru агентлигига берган интервьюсида 2010 йилнинг биринчи ярмида “Сontact” тизими орқали амалга оширилган пул жўнатмалари умумий ҳажмининг 32 фоизи Ўзбекистонга, 19 фоизи Тожикистонга, 10 фоиздан Молдова ва Украинага, 7 фоизи Озарбайжон ва 5 фоизи Қирғизистонга тўғри келганини маълум қилди.

“Пул ўтказмаларининг асосий қисми, яъни 70 фоизи АҚШ долларида, 5 фоизигина еврода амалга оширилмоқда” деди Сергей Блудов.

Ўзбекистоннинг “Агробанк” акциядорлик-тижорат банки билан келишув имзолаган “UNISTREAM” пул ўтказиш тизимининг расмий вакили Илья Федоров Россиядан пул жўнатиш бўйича ўзбек муҳожирлари етакчилик қилмоқда ва шу сабабли Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтади:

- Бугунги кунда “Агробанкдан” ташқари яна 13 молия идораси билан ҳамкорлик қиляпмиз ва Ўзбекистонда 1000дан ортиқ шаҳобчаларимиз очилди. Бу лойиҳадан олдин “Алоқабанк” билан имзолган келишув доирасида Ўзбекистон бўйлаб 70 шаҳобчада иш болаган эдик. Яъни “Агробанк” “UNISTREAM”нинг Ўзбекистонга кириб боришидаги йирик босқичлардан биридир. Ҳозир кўрсатган хизматлар эвазига тизимимиз 1 фоиздан бошлаб комиссия – хизмат ҳаққи олади,- дейди “UNISTREAM” пул ўтказиш тизими расмийси Илья Фёдоров.

Унинг айтишича, “UNISTREAM” тармоқларининг кенгайиб бориши биринчи навбатда айнан Ўзбекистонга жўнатилаëтган маблағлар миқдорининг ошиб бораётгани билан боғлиқ. Ҳозирда “UNISTREAM” Халқаро пул ўтказиш тизими ягона Европа лицензиясини олган биринчи тузилмадир.

Фёдоровга кўра, Россиядан юбориладиган пул жўнатмаларининг ўртача миқдори 20 минг рублни ташкил этиб, августда бу кўрсаткич 5 фоизга ошган.

Россия Марказий Банки тарқатган хабарга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Россиядан жами 13,2 миллиард АҚШ доллари жўнатилди. Бу жўнатмаларнинг йирик улуши Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга тўғри келади. Бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 25% ошгани айтилмоқда.

2009 йилда Россиядан Ўзбекистонга юборилган пул жўнатмалари 2 миллиард 52 миллион АҚШ долларни ташкил этди. Тожикистонга 1 миллиард 724 миллион, Қирғизистонга 894 миллион доллар юборилган.
XS
SM
MD
LG