Кремл матбуот хизмати вакилининг Озодликка билдиришича¸ 30 сенябр куни Дмитрий Медведев ташаббуси билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида иккала президент ўзаро алоқаларнинг жорий масалалари¸ шунингдек Марказий Осиëдаги вазиятни муҳокама қилган.
Кремл интернет сайтидан жой олган бу хабар тафсилотларини билиш мақсадида боғланганимиз Россия президенти матбуот хизмати маъсулларидан бири Алексей Павлов¸ пайшанба кунги суҳбатда иккала президентнинг минтақадаги айнан қайси муаммоларни муҳокама қилганларини очиқлашни истамади.
- Марказий Осиëда бугун энг долзарб бўлиб турган муаммонинг айнан нималиги кундек равшан ва буни сиз журналистлар яхши биласизлар¸ дея саволга очиқ жавоб беришдан ўзини олиб қочди Кремл матбуот химзати вакили.
Журналист ва кузатувчилар фаразича¸ Марказий Осиëдаги нисбий барқарорликнинг кун сайин путурдан кетаëтгани¸ ўзаро муносабатлардаги совуқликка қарамай¸ Медведев ва Каримовни вазият юзасидан фикр алмашишга мажбурлаган.
- Бугун ҳам Кремл¸ ҳам Тошкентни бирдек хавотирга солаëтган асосий муаммо бу Марказий Осиëда кейинги ойлар ичи кучайиб кетган беқарорлашув жараëнидир.
Бу эса¸ биринчи галда Қирғизистонда апрел ойидаги давлат тўнтаришидан сўнг юзага чиққан ўта қалтис вазиятдир. 10 октябрга белгиланган парламент сайловларининг вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилмаслиги ҳозирданоқ кўриниб турибди.
Айни пайтда¸ Тожикистон шарқидаги қуролли ҳаракатларга оид хабарлар¸ бу ерда ҳам иқтидордаги ҳукуматни ағдариш уринишларининг куч йиғиб бораëтганидан дарак бермоқда. Агар бу жараëнлар назоратга олинмаса¸ оқибатда ҳам Россия¸ ҳам Ўзбекистон манфаатларига жиддий таҳдид туғилмай қолмайди¸ дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича Қироллик институти таҳлилчиси¸ профессор Юрий Фëдоров.
Гарчи ҳам Тожикистон¸ ҳам Қирғизистондаги беқарорликнинг бутун минтақа¸ хусусан Ўзбекистонга ëйилиш эҳтимоли Кремл¸ айниқса Оқсаройни ташвишга солаëтган бўлса-да¸ Россия ва Ўзбекистон манфаатларидаги тавофут¸ вазиятни барқарорлаштириш учун иккала давлатнинг биргаликда ҳаракат қилишини қийинлаштиради¸ деб давом этади профессор Фëдоров.
- Минтақада Россия роли¸ хусусан Россия ҳарбий ҳозирлигининг кучаюви Каримовни кўпдан чўчитмоқда ва бундай хавотир асоссиз эмас. Шундай бўлса-да¸ мен ҳозирги қалтис вазият Каримовни Россиянинг минтақадаги роли¸ хусусан Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига нисбатан муносабатига таҳрир киритиши мумкин¸ деб ўйлайман. Назаримда¸ Қирғизистон ва Тожикистондаги беқарорликнинг ўз ҳудудига кўчиши олдини олиш учун¸ Ўзбекистон КХШТ даги позициясини ўзгартириши ва Москва томон яқинлашиши мумкин¸ дейди профессор Фëдоров.
Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби¸ истеъфодаги генерал Мирослав Ниëзов фикрича¸ на Россия ва на Ўзбекистонда Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш имкони деярли йўқ.
- Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилгани¸ бу уларнинг Қирғизистондаги сиëсий беқарорликнинг бутун минтақа хавфсизлигига таъсир кўрсатажагини англаëтганлари ифодасидир. Бу жуда долзарб муаммо. Аммо улар Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун нима қила олади¸ деган саволга жавоб бериш қийин.
Бугун Қирғизистон дунëдаги тиланчи давлатга айланди ва қашшоқлик домида қолаëтган бу мамлакатга бериладиган ҳар қандай иқтисодий ëрдам ¸ агар ҳукумат томонидан тўғри сарфланса¸ ижтимоий кескинликни юмшатишга хизмат қилиши мумкин. Аммо бериладиган ëрдам пулларининг ўз кабинетидан ташқарига кучи етмай қолган ҳозирги қирғиз амалдорлари томонидан ўғирланмаслигини ҳеч ким кафолатлай олмаслиги боис¸ ҳатто бундай ëрдам ҳам самарасиз бўлиши мумкин¸ дейди Мирослав Ниëзов.
Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши собиқ котиби фиркича¸ агар Россия ва Ўзбекистон минтақадаги умум барқарорликни сақлаб қола олса ва Тожикистондаги нотинчлик Қирғизистондаги сиëсий бошбошдоқлик билан қўшилиб кетишига йўл бермаса¸ шунинг ўзиëқ Марказий Осиëни катта таҳдидлардан омон сақлаши мумкин.
Акс ҳолда¸ Озодлик суҳбатлашган иккала таҳлилчи фикрича¸ Қирғизистондаги ички сиëсий курашнинг кескинлашуви оқибатида қирғиз давлатчилиги қулаши¸ Тожикистоннинг эса¸ Афғонистондан қочаëтган исломий жанггарилар учун янги қўналғага айланиши натижасида нафақат Душанбе¸ балки Тошкент режимига ҳам қуролли таҳдид кучайиши мумкин.