Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:53

Хўжандга Россиядан яна тобут келди


Янги йилнинг дастлабки ойида хўжандлик 32 ёшли Юнус Юсупов Москва вилоятининг Подолск шаҳрида калтаклаб ўлдирилди. Икки фарзанди бўлган Юсупов, қариндошларининг тахминича, милиция ходимлари томонидан ўлдирилган бўлиши ҳам мумкин.

Марҳумнинг қайнотаси Геннадий Набиевнинг айтишича, Юнус 2010 йил декабр ойи охирларида Россияга кетган эди. У Москва вилоятининг Подолск шахрида қайддан ўтиб, энди иш бошлаганди.

- Куёвим жуда ўқимишли йигит эди, қумурсқага озор бермаган бола. Энди, ватанида оиласини тебратишга етадиган маош тўлайдиган иш бўлмагандан кейин Рссияга кетди. Кечқурун ишдан кейин қайтиб келаётганда номаълум шахслар калтаклашган. Қарийб олти соат кўчада, совуқда қолиб кетган ва жон таслим қилган. Ўлигини олиб келишди, уйида қиёмат бўлиб кетди, - дейди марҳумнинг қайнотаси.

Геннадий Набиевнинг айтишича, Юнус Юсуповни милиция вакиллари дўппослаб ўлдириб қўйган бўлиши мумкин, чунки куёвининг жасадини Подолск шаҳар ички ишлар бўлимидан олишгани cаволлар туғдирмоқда.

- Аслида мурда моргда бўлиши керак. Ҳозиргача бунда аниқлик йўқ, - дейди у.

Москва милицияси маълумотларга кўра, Россияда яна ирқчилик асосидаги жиноятлар кучайган. Россия Бош прокуратураси яқинда ўтказган тадқиқотлар натижасида мамлакатда радикал миллатчи гуруҳлар сони борган сари кўпаймоқда.

Прокуратура маълумотларида айтилишича, Россияда неонацист гуруҳи аъзолари уч мингдан ортиқ. Миллатчи ташкилотларнинг асосий марказлари Москва, Санкт-Петербург, Нижегородск, Свердловск ва Москва вилоятларида жойлашгани айтилмоқда.

Сўнгги йилларда миллий нафрат асосидаги жиноятлар тўрт баравар кўпайган - 2010 йилда Россия бўйлаб 600 дан ортиқ ирқчилик асосидаги жиноятлар қайд этилган.

Ирқчилик муаммосини ўрганувчи нодавлат ташкилотлари маълумотларига кўра, Россияда 2010 йилда миллатчи гуруҳлар ҳужумидан 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлган ва яна 200 дан зиёд киши жароҳатланган.

Москвадаги "Сова" тадқиқот маркази раҳбари ўринбосари Галина Кожевникованинг айтишича, миллатчи гуруҳларга нисбатан фақат кескин чора кўриш билан ирқчилик муаммосини ечиб бўлмайди.

- Афсуски, Россияда ирқчилик йилдан йилга кучайиб бормоқда. Ирқчилик муаммоси жуда мураккаб. Бу муаммони фақат ҳибсга олиш ва озодликдан маҳрум этиш билан ҳал қилиб бўлмайди. Россияда неонацистларни қанчалик кўп ушлаб қамашмасин, барибир уларнинг сафи кенгаяверади. Чунки ўсиб келаётган ёшлар миллатчилар сафига кўшилаверади. Россия ҳукумати жамиятдаги ирқчиликка барҳам бериш йўлида қатъий чора-тадбирлар кўриши лозим. Жамиятда бағрикенглик, бошқа дин ва миллат вакилларига ҳурмат билан муносабатни тарғиб этишда эса оммавий ахборот воситалари ҳам кенг тушунтириш ишларини олиб боришлари керак, - дейди Галина Кожевникова.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Марказий Осиёдан бўлган мардикорларнинг ҳуқуқлари Россияда ҳимоя қилинмаслиги ва улар тақдирнинг ҳукмига ташлаб қўйилганлиги ана шундай аянчли оқибатларга олиб келмоқда.

Тожикистон ОАВларида бу каби мудҳиш воқеаларга муносабат билдирилганда асосан бунга Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошаётгани сабаб бўлаётгани ҳақида айтилади.

Бироқ Хўжанд шаҳридаги “Нигоҳ” жамоатчилик ташкилоти вакили Валижон Қобилзода тожик расмийлари ҳадеб Россияни айблайвермай, ўз фуқароларини ватанида иш билан таъминлашни ташкил этиши керак, деган фикрни билдирди.

- Россияда ксенофобия мавжуд ва буни инкор қилиб бўлмайди. Россияда тақирбошлар қўлидан ҳар йили ўнлаб тожикистонликлар ҳалок бўлаётганлиги ташвишланарли ҳол. Бироқ тожик расмийлари ва журналистлари баралла айтаётгандай, ҳалок бўлаётган тожикистонликлар сони юзлаб эмас, такрор айтаман, ўнлаб кишини ташкил этади. Назаримда, тожик расмийлари нолаю таъна қилмай, биринчи навбатда, ўз фуқароларига ватанида шарт-шароит яратишни ўйлашлари керак, - дейди Валижон Қобилзода.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил давомида 800 га яқин тожикистонлик Россияда жон таслим қилган. Биргина Сўғд вилоятига ўтган йили Россияда вафот этган 300 га яқин сўғдликнинг тобути олиб келинди.
XS
SM
MD
LG