Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:08

Москвада Алишер Навоий хотирланди


Москвадаги тадбирда ўзбек рақслари ҳам намойиш этилди.
Москвадаги тадбирда ўзбек рақслари ҳам намойиш этилди.

“Солженицин уйи”да Алишер Навоий таваллудининг 570 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда Москвадаги Ўзбек миллий-маданий маркази вакиллари, дипломат ва талабалар билан бир қаторда Навоий ижоди билан қизиқувчи юзлаб москваликлар ҳам қатнашди.

Москвадаги "Солженицин уйи"да 8 феврал оқшомида бошланган тантанали кеча таваллудининг 570 йиллиги ва вафотининг 510 йиллиги нишонланаётган буюк ўзбек алломаси Мир Алишер Навоий хотирасига бағишланди.

Йиғин қатнашчилари суҳбатда.
Кечани ташкил этишда иштирок этган “Россия Ҳамкорлиги”, Россия Халқаро ҳамкорлик уюшмаси, Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорлик жамияти, Москва Ўзбек ҳамдўстлиги, Москва Ҳамюртлар уйи, Халқ Дипломатияси халқаро Академияси, Дўстлик жамиятларининг Москва иттифоқи ва бошқа ташкилотлар иштирок этди.

Навоийни хотирлаш кечасига ўз талабалари билан келган Москва Давлат Халқаро муносабатлар институти (МГИМО) профессори Игорь Кругових Озодлик билан суҳбатда Алишер Навоий қолдирган маданий меросга бутун дунё халқлари, жумладан руслар ҳам шерик, дейди. Маълум бўлишича, жаноб Кругових Россия Давлат Думаси қошидаги Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорлик Жамияти раҳбари ҳамдир.

- Алишер Навоийнинг давлат арбоби, файласуф, инсонпарвар шоир сифатида қолдирган мероси ҳам ўзбек, ҳам рус халқининг маданий меросидир. Бу тадбир МДҲ халқлари тарихий ва маданий мероси йили доирасида уюштирилмоқда. Шу сабабли бу ерга бизнинг ташаббусимиз билан Россиянинг турли минтақаларидан қатор ўзбек марказлари вакиллари таклиф этилди. Бу кеча давомида бу уюшмалар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ёрдам ва ахборот алмашуви тўғрисида шартнома имзоланади. Бу билан биз бутун Россияда ўзбекистонликлар масалалари билан шуғулланувчи ташкилотларни бирлаштиришни мақсад қилиб қўйдик, дейди Россия Давлат Думаси қошидаги Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорлик Жамияти раҳбари¸ профессор Игорь Кругових.

Тадбир манзараларидан.
МГИМО профессори ўзбек тилини ўрганишни бошлаган ўз талабалари билан таништирди. Ялталик Иван Кочедиков 1-курс талабаси. У ўзбек тилини ўрганишдаги энг қийин иш товушларни тўғри талаффуз этиш, деб ҳисоблайди. Иван Алишер Навоий ҳақида ўз фикрини ўзбек тилида билдирди.

- Албатта. Алишер Навоий Ўзбекистоннинг энг буюк шоири ва мутафаккири эди. Менинг фикримча, Алишер Навоий ишларини бутун дунё халқлари ўқиши ва ўқиши керак, дейди талаба Иван Кочедиков.

Москвадаги Алишер Навоий кечасига Москва Давлат Лингвистика университети талабалари ҳам ташриф буюришган экан. Улар билан бирга шу институтда ўзбек тилидан сабоқ бераётган Беғам Қораева келажакда Москвада ўзбек тилини ўқитиш маркази ташкил этилиши айтади.

- Мен буларнинг янги ўқитувчисиман. Энди январ охирларида келдим, группа билан дарс бошладим энди... Бошланиши ёмонмас, болалар ҳаракат қиляпти. Менинг мақсадим - улар ўзбек тилини севиб қолишини хоҳлайман. Бундан ўзим ҳам хурсандман, чунки Москва Лингвистика университети Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги учун база ташкилоти ҳисобланар экан ва шунинг замирида МДҲ давлатлари тиллари қаторида ўзбек тили ўрганилаяпти. Марказ очилганича йўқ, Худо ҳохласа 2011 йилнинг октябрида Ўзбек тили маркази ҳам очилади. Ундан кейин имкониятларимиз янада кенгаяди. Ҳозир мураккабликларимиз бор, албатта, дейди Москва олийгоҳидаги ўзбек тили ўқитувчиси Беғам Қораева.

Навоий ижодига бағишланган кечани Россия Ҳамкорлиги ( Россотрудничество) раиси муовини Игор Морозов ва Россиядаги Ўзбекистон элчиси Зиёдулла Пўлатхўжаев бошлаб берди.

Кечада шунингдек навоийшунос олим Анвармирзо Ҳусаинов ва “Бадиий адабиёт” нашриёти директори Георгий Пряхин ва бошқа зиёлилар сўзга чиқди.

Навбатдан ташқари сўз беришни сўраб саҳнага чиққан нашриётчи Георгий Пряхин қизиқ бир воқеани сўзлаб берди.

Маълум бўлишича, Георгий Пряхин Самара вилоятидаги Александровка қишлоғида туғилиб ўсган. Лекин айтишича, унинг амакилари ўзбек тилини ва урф-одатларини жуда яхши билган.

- Биласизми, бизнинг қишлоғимизда учта қабристон бор. Православ руслар, жумладан менинг ота-боболарим ўзбек ва тожиклар билан бир жойда кўмилган. Фарқи, рус қабрларида хоч ўрнатилган бўлса, ўзбекларники шунчаки қўрғонлигича турибди. Ўзбек қабрлари устига кимдир 70- йилларда араб тилида ёзуви бор катта тош ўрнатиб қўйган. Бу қабристонда босмачилик вақтида сургун қилинган 7000 дан 12 000 гача ўзбеклар кўмилган. Менинг амакиларим, холаларим ўзбеклар билан бир оила бўлиб яшаган, нон бўлишган экан, деди “Бадиий адабиёт” нашриёти директори.

Москвада ўрнатилган Навоий ҳайкали.
Георгий Пряхин вазиятдан фойдаланиб шу ерга йиғилган катта мулозим ва маданий марказ раҳбарларига Александровка қишлоғида қўмилган ўзбек қабристонида хотира тошини ўрнатишни таклиф қилди.

Алишер Навоий ижодига бағишланган ҳужжатли филм намойишидан кейин, хотира кечаси иштирокчиларига ўзбек ва рус миллий рақс намуналари намойиш этилди.

Кеча давомида машҳур “Учқудуқ” ансамбли ва Хоразм миллий мусиқа намояндалари ўз санъаини намойиш этди.

Кеча безаги сифатида Навоий асарларидан парча ўқиб берган москвалик 7 яшар Севарахон мухлислар олқишига сазовор бўлди.

- Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу-мехрибон бўлмас эмиш.
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулга тикондек ошён бўлмас эмиш.

Хабарларга кўра, Мир Алишер Навоий хотирасига бағишланган тадбирлар Россиянинг турли минтақаларида ҳам ташкил этилмоқда.

2002 йилнинг ноябрида Ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали жойлашган Москвадаги Серпуховская майдони бугунги кунда миллий сиёсатга оид турли акциялар уюштириш майдони ҳам ҳисобланади.

Москвадан ташқари Навоий ҳайкаллари Япония пойтахти Токио, Озарбайжон пойтахти Бокуда ва АҚШ Конгресси кутубхонасидан жой олган.
XS
SM
MD
LG