Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:55

Ўзбекистон Россияга малакасиз ишчилар етказиб беришда пешқадам


Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг асосий қисми қора ишчилардир.
Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг асосий қисми қора ишчилардир.

Россияга кириб келаётган малакасиз меҳнат муҳожирлари қаторида ўзбекистонликлар пешқадамлик қилмоқда.

"2010 йилда Россияда меҳнат муҳожирлари учун жорий қилинган осонлаштирилган миграция режими ўз ижобий натижаларини бера бошлади", дея маълум қилди Россия Бош вазири Владимир Путин билан бўлган мулоқот чоғида мамлакатнинг миграция бўйича раҳбари Константин Ромодановский.

Унинг сўзларига кўра, Россияда миграция қонунчилигининг юмшатилиши мамлакатга юқори малакали мутахассисларни жалб қилишга қаратилган ва сўнгги бир йил давомида Россияга кириб келган олий тоифали ишчилар сони икки баробарга кўпайган.

- Биз юқори малакали мутахассис муҳожирларининг сони икки баробарга ошганини кузатмоқдамиз. Россиядаги хорижлик малакали мутаҳассислар сони бўйича биринчи ўринга Хитой ва Украина, юқори малакалилар бўйича эса биринчи ўринга Германия, Англия, Франция чиқиб олди. Шу билан бирга биз Россиянинг Маъмурий Кодексини икки маротаба бузганларни мамлакатимизга киритмаяпмиз. Ўтган йил давомида давлатга шу тариқа 60 минг одам киритилмади, - деди Константин Ромодановский.

Ромодановский келтирган рақамларга кўра, 2010 йил давомида Россияга кириб келган 5 миллион меҳнат муҳожиридан 1,2 миллиони – ўзбекистонликдир.

Федерал миграция хизмати бошлиғининг айтишича, Россияда ишга руҳсатнома олиш бўйича мурожаат қилишда Ўзбекистон фуқаролари пешқадамлик қилмоқда: умумий ҳисобдан улар 34 фоизни ташкил қилган. Иккинчи ва учинчи ўринни Тожикистон ва Украина эгаллаб келмоқда.

ФМХдан олинган маълумотга кўра, йилига 2 миллион рубл, яъни 70 мингдан зиёд АҚШ долларида маош оладиган ишчилар юқори малакали ҳисобланади.

Юқори малакали ишчиларга кенг имкониятлар яратиш билан бирга Россия ҳукумати мамлакатда ноқонуний муҳожирларга қарши курашни давом эттирмоқда. Миграция хизмати тарқатган маълумотга кўра, ўтган 2010 йил давомида Россия миграция қонунчилигини бузган 200 минг муҳожир мамлакат ҳудудидан жарима тўламасдан чиқиб кетган. Бу эса Россия бюджети ярим миллиард рублдан қуруқ қолганини ангалатади.

Шу билан бирга, пул ишлаш илинжида Ўзбекистонни тарк этаётган юз минглаб меҳнат муҳожирлари орасида минглаб мутахассислар ҳам бор.

Москвада бир неча йилдан буён таржимонлик қилаётган самарқандлик филолог Ира муайян малакага эга ўзбекистонликлар Россия фуқаролигини олишга ва шу билан қатор муаммоларни ҳал этишга интилмоқда.

- Албатта мен фуқароликни олмаганимда ишга рухсатнома ва бошқа ҳужжатлари билан жуда қийналган бўлардим. Тўғри, кўплаб ўзбекистонлик мутахассис сифатида ноқонуний ишлаяпти ва нафақат қурилишда. Лекин қонуний ишлаш учун ўзбек мутахассисларига маҳаллий қонунлар рухсат бермайди. Шунинг учун улар мажбур Россия фуқаролигини олишга,- дея ўз фикрини билдирди иккита олий маълумотга эга самарқандлик Ира.

Москвадаги “Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Юлдуз Отаниëзова ҳақиқатан Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондан келаётган мутахассислар жиддий бюрократик муаммоларга дуч келиб, фуқароликни олишга мажбур бўлаётганликларини гапиради:

- Ҳар бир республикадан келадиганлар ичида юқори малакали мутахассилар кўп. Қандай бўлмасин, Ўзбекистонда ҳам интеллигенция, ҳам илмли одамлар кўп-ку. Бизга мурожаат қиладиганлар одатда оддий қурувчилар, разнорабочийлар, уборшицалар. Юқори малакали кадр сифатида ҳужжат тўлдирадиганлар камдан-кам. Чунки кўпинча улар меҳнат мигранти бўлиб келади. Уларга эса иш йўқ, чунки аввало россияликлар иш билан таъминланиши керак. Мана бизнинг участковий врачимиз самарқандлик корейс аёл. Ўша жойга ишга кириш учун бошқа шаҳарога бориб регистрацияга турган, ундан кейин бир кампир-чолни топиб уларга пулини бериб доимий пропискага турган. Кейин яна уч йил яшаб вақтинчалик яшаш ҳуқуқини олди, ундан кейин фуқаролик олиб ишга кирган. Фуқаролик бўлса ишга олади, чунки Россия ҳукумати шундан манфаатдор, - дейди Юлдуз Отаниëзова.

Унинг сўзларига кўра, юқори малакали мутахассис деб номланиш учун Россияга меҳнат қилгани келаётганлар албатта муайян шартнома асосида таклиф қилиниши шарт.

- Улар бу ерга оддий мигрант бўлиб келяпти. Юқори малакали мутахассис бўлиб келиш учун ўша ёқдан ҳужжатларни тайёрлаб, шартнома асосида Россияга кириб келиши керак, тушиняпсизми? Шунчаки билет сотиб олиб бу ерга келгани билан у мутахассис сифатида ишга олинмайди. Таклифнома асосида “Сизни бизлар таклиф қиламиз, иш жойингиз мана шу, ойлигингиз шунча”, деган ҳужжат билан келишлари керак. Бу категория одамлар Ўзбекистондан ҳужжатларни расмийлаштириб келишлари керак. Ваҳоланки, ўзбеклар орасида мутахассилар ҳаммадан ҳам кўпроқ , - дея ўз фикрини билдирди “Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Юлдуз Отаниёзова.
XS
SM
MD
LG