Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Тошкент Душанбенинг нонини яримта қилаяптими?


Ўзбекистон ва Покистон энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш истагини билдираётгани тожикистонлик таҳлилчиларнинг ана шундай мулоҳазаларига сабаб бўлмоқда.


Покистоннинг The News рўзномаси хабарига кўра, яқин кунларда Тошкент билан Исломобод 1000 мВт электр энергиясини Покистонга узатиш бўйича музокара бошлаши кутилмоқда.

The News рўзномасининг ёзишича, Ўзбекистоннинг Покистонга электр энергияси экспорти борасида томонлар Исломобод расмийси Юсуф Ризо Ғилонийнинг март ойи охирларида Тошкентга сафари чоғида келишиб олган.

Бу таклиф, манбага кўра, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган.

Покистондан келаётган хабарларга кўра, бу мамлакат Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги расмийси Жовид Иқбол ҳам Ўзбекистондан 1000 мВт электр энергияси экспорт қилинишига келишилганини тасдиқлаб, томонлар музокарасининг навбатдаги музокараларида масаланинг техник жиҳатлари муҳокама қилинишини маълум қилган.

Жовид Иқбол жанобларининг The News рўзномасига билдиришича, яқин кунларда техник экспертларни ўз ичига олган гуруҳ Тошкентга сафар қилади ва уларнинг вазифаси шу миқдор электрни импорт қилиш, электрга белгиланган нарх-наво ва электр узатиш линияларини қуриш масаласини ўрганишдан иборат бўлади.

Аснода тожикистонлик соҳа мутахассислари ва бир гуруҳ таҳлилчилар Ўзбекистоннинг Покистонга электр экспорт қилиш қарорига сиёсий тус бермоқдалар.

Тожикистонлик таҳлилчиларга кўра, Роғун ГЭСи қурилиши ва СASA -1000 лойиҳасига қарши чиқаётган Ўзбекистон бу лойиҳалар амалга оширилгунига қадар Тожикистоннинг мижозларини эгаллаб олишга уринмоқда.

Иқтисодчи-таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров Ўзбекистон илгари ҳам Афғонистонга электр сотиш борасида шундай уринишлар қилганини эслатиб, эндиликда Покистон билан ҳам шундай ҳамкорлик шартномаси имзолашини Тожикистон ва Қирғизистоннинг электр экспортига доир Покистон билан имзолаган шартномаларига жавоб ўлароқ баҳолайди.

- Лекин Ўзбекистоннинг бу урунишлари амалга ошмаслигига ишончим комил. Негаки, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида иккита давлат, яъни Туркманистон ва Афғонистон турибди. Афғонистондаги ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, бу лойиҳани амалга ошириш мутлақо имконсиздир. Масаланинг бошқа томони шундаки, беш йилдан кейинми ё ундан ҳам кўпроқ вақтдан кейинми - Ўзбекистон амалга оширмоқчи бўлган лойиҳа ишга туширилган тақдирда ҳам, бу лойиҳа Ўзбекистон учун фақат зарар келтиради, холос, - дейди таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров.

Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг Покистонга электр экспорт қилиш борасида у томон билан имзолаётган шартномаси иқтисодий эмас, балки сиёсий хусусиятга эга бўлиб, Ўзбекистон бу билан “Минтақада ким хўжайин” эканини яна бир марта кўрсатиб қўймоқчи бўлаётир.

Айни пайтда Регнум ахборот агентлиги хабарларига кўра, Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчиси Ойбек Усмонов ўз давлати Покистоннинг энергетик эҳтиёжларини қондириш мақсадида имтиёзли нархда электр сотишга тайёрлигини билдирган.

Шунинг баробарида ўзбекистонлик дипломат ўз давлати Афғонистонга ҳам электр экспорти қилаётгани ва у томон бу ҳамкорликдан рози эканини билдириб, Покистонга Пешовар орқали электр етказиб берилишини айтган.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Покистон Тожикистон билан ҳам CASA-1000 лойиҳаси доирасида музокаралар олиб бормоқда. Мазкур лойиҳага кўра, Покистон Тожикистондан 1000 мВт электр энергияси импорт қилиши кўзланмоқда.

Эслатсак, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги март ойи бошларида Покистон ҳукуматига расмий мактуб йўллаб, Исломободнинг Тожикистондан электр энергиясини экспорт қилиш режаларига эътироз билдирган эди.

Тожикистон Тижорат ва иқтисодий тараққиёт собиқ вазири Давлат Усмон иддаосига кўра, бугун Ўзбекистоннинг Покистонга ҳамёнбоп нархда электр энергияси сотишдан кўзлаган мақсади ҳам Исломободни Тожикистондан электр сотиб олиш режасидан қайтаришга уриниш бўлиши мумкин.

- Бу келишувдан кўпроқ Ўзбекистон манфаатдор. Негаки, Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳаси доирасида қурилиши жадаллашиши кутилаётган Роғун ГЭСига қарши. Ўзбеклар покистонликларга электр сотиш баробарида Покистон ҳукуматини Тожикистондан электр сотиб олиш режасидан қайтаришга уринаётир, - дея мулоҳаза билдиради собиқ вазир Давлат Усмон.
XS
SM
MD
LG