Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:03

Париж суди Лола Каримовани "диктаторнинг қизи", деб тан олди


Париж суди Лола Каримова "диктаторнинг қизими"ми, йўқми, деган саволга ўз жавобини берди.
Париж суди Лола Каримова "диктаторнинг қизими"ми, йўқми, деган саволга ўз жавобини берди.

1 июл куни Париж Олий суди Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Rue89 нашри устидан берган шикоят аризасини қондирмади. Суд ҳукмига кўра, президентнинг қизи ва Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакилини "диктаторнинг қизи", Ўзбекистон президентини "диктатор", деб атаган француз журналисти Огустен Скалберт ўз мақолаларида билдирган фикрлар ҳақиқат деб тан олинди.


Ўз мақолаларида президент Каримовни "диктатор", Лола Каримовани "диктаторнинг қизи" деб атаган француз журналисти Огустен Скалберт Озодликка Париж Олий судида Лола Каримова-Тиллаева "устидан ғалаба қилганини" маълум қилди.

Огустен Скалберт: Суд Лола Каримовани "диктаторнинг қизи" деб аташимиз мумкинлиги ҳақида ҳукм қилди ва биз бу ҳақда ёзишда давом этамиз.
- Биз ютиб чиқдик. Лола Каримованинг тухмат ҳақидаги даъволари Париж суди томонидан рад қилинди. Бу қандайдир ғайиродатий ҳол эмас, чунки француз адлия тизими матбуот эркинлигини ҳурмат қилиши маълум. Шунинг учун ҳукм биз кутгандек бўлди, деди Озодликка эндигина суд залидан чиққан Скалберт.

Париж Олий суди судьяси Жоэл Бояр чиқарган ҳукми амалда "Лола Каримова дикаторнинг қизи" эканини эътироф этади, дейди журналист.

- Мен ҳозирча ҳукмнинг тафсилотларини билмайман, лекин биз ютиб чиққанимиздан мен ўз мақолаларимда ёзган гаплар ҳақиқатни акс эттиришини суд тан олишини англатади. Суд Лола Каримовани "диктаторнинг қизи" деб аташимиз мумкинлиги ҳақида ҳукм қилди ва биз бу ҳақда ёзишда давом этамиз, дейди Rue89 Интернет нашри журналисти Скалберт.

Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Фарнция суди чиқарган ҳукмни олқишлаб "Диктаторнинг қизи" француз вэб-нашрига туҳматга оид судни ютқазди" номли пресс-релиз эълон қилди.

"Бу ҳукм даъвогар мақолаларда туҳмат аломатлари борлигини исботлай олмаган суднинг мантиқий натижасидир. Айни пайтда биз суднинг Каримовани ноўрин тарзда судга шикоят қилганликда айбдор, деб топмаганидан таассуфдамиз", дейилади Чегара билмас мухбирлар баёнотида.

Лола Каримова-Тиллаеванинг аризаси 19 май куни Париж Олий судида кўриб чиқила бошлади ва икки кунлик эшитувлардан кейин 1 июлда ҳукм ўқилиши айтилган эди.

Лола Каримова-Тиллаева француз зодагонлари билан базми-жамшидларни уюштиришни хуш кўради.
Каримова хоним Франциядаги мустақил журналистларнинг энг йирик ва энг машҳур Интернет нашри ҳисобланмиш Rue89 интернет газетасини туҳмат маълумот тарқатиш орқали ўз обрўсига путур еткизганликда айблаб, ўзига еткизилган маънавий зиëнни қоплаш учун нашрдан 30 минг евро талаб қилаётган эди.

Судья Бояр ҳукмида журналист Скалберт мақолаларида "туҳмат аломатлари бўлмаган", дейилади.

Энди ишни ютқазиб қўйган Лола Каримованинг ўзи Rue89 нашрига суд ҳаражатларини қоплаб беришга мажбур бўлиши мумкин.

Шикоят аризасига Rue89 нашри мухбири Огустен Скалбертнинг Францияда Лола Каримова ўтказган хайрия кечалари ҳақида ëзган мақолалари асос бўлган.

Бу мақолаларда француз журналисти Лола Каримованинг Ғарб, хусусан француз зодагонлари, кино ва санъат юлдузлари иштирокида ҳашаматли зиëфатлар ва хайрия кечалари уюштириш орқали ўз отаси – “диктатор Ислом Каримов” ҳукмронлиги остидаги Ўзбекистоннинг халқаро имиджини бўяб кўрсатишга уринаëтгани ҳақида ëзган эди.

Хусусан, Огустен Скалбер Ўзбекистон президентининг қизи машҳур Италян кино юлдузи Моника Белуччига ҳайрия кечаларидан бирида қатнашгани учун 190 минг евро миқдорида гонорар пули ўзбекистонлик солиқ тўловчилар ҳисобидан тўланганига эътибор қаратган эди.

Суднинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, Лола Каримова-Тиллаевани ҳимоя қилган адвокат Антуан Жермен билмасдан ўз мижозига оид бир фактни ошкор қилиб қўйди.

Ўзбекистон президенти "диктатор" эмаслигини исботлашга ҳаракат қилган адвокат ўз мижозининг саҳоватпешалигини намойиш қилиш мақсадида Европа Комиссияси Лола Каримова-Тиллаева бошқараётган болалар ижтимоий адаптация маркази 3,7 миллион евро миқдорида грант ажратганини маълум қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар президент қизининг кўнгилхушликка мойиллиги маълум эканини ва ҳайрия пуллари ногирон болалар эҳтиёжлари учун сарфланишига шубҳа билдирди.

Адвокат Жермен грант ажратилгани ҳақида Ўзбекистондаги Европа Уйи директори юборган хатни ўқиб эшиттирганига қарамасдан, ўтган ой ўрталарида Европа Комиссияси Ўзбекистон ҳукуматига алоқадор бирорта ҳайрия ташкилотига грант бермагани тўғрисида баёнот эълон қилди.

Огустен Скалбертнинг суддан аввал Озодлик билан суҳбатда, Лола Каримова берган даъво аризасига бундай муносабат билдирган эди.

Суд бошлангандан бери Newsweek ва CBSNews ҳам Каримовани "диктатор" деб атади.
- Каримовнинг диктатор экани аниқ факт. Қонун бўйича биз буни исботлашимиз керак, бу эса бизга жуда осон. Олти йил аввал Андижонда оммавий қирғин бўлди, ҳукумат мухолифлари ўзбек қамоқхоналарига ташланди, қийноққа солинди. Шундай экан унинг диктатор эканини исботлаш қийин эмас,- деган эди Огустен Скалберт.

Лола Каримова-Тиллаева ва Rue89 нашри ўртасида суд тортишувлари бошлангандан бери президент Каримовни Америкада чиқадиган Newsweek журнали ва CBSNews медиа-ширкати энг мустабид диктаторлар рейтингига қўшди.
XS
SM
MD
LG