Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:59

Тошкент бозорларидан қовун-тарвуз "бадарға" қилинди


Айни кунларда қовун-тарвузлар юк машиналаридан сотилмоқда.
Айни кунларда қовун-тарвузлар юк машиналаридан сотилмоқда.

Полиз экинларининг айни пишиқчилик пайтида Тошкент бозорларида қовун-тарвуз савдоси тақиқланди.


Шу кунларда Тошкент бозорларини оралаб овора бўлманг: уларнинг бирортасидан бир дона ҳам қовун-тарвуз топа олмайсиз.

Буни 12 июл куни Озодлик телефон орқали боғланган Тошкентдаги йигирмадан зиёд бозор ходимлари тасдиқлашди.

Чорсудаги Эски Жўва деҳқон бозорида ҳам полиз пишиқчилиги бошлангандан буён қовун-тарвуз сотилмаяпти.

- Ҳозир бозорларда сотилмаяптию. Ҳаммаси ташқарига чиқиб кетган бетонканинг йўлларига. Фақат ўша жойда сотилади қовун-тарвуз. Энди бозорда сотилмайди, деди Эски Жўва бозори ходими.

Аския деҳқон бозори ходимасига кўра, махсус қарор орқали бозор ичкарисида қовун-тарвуз сотуви тақиқланган.

- Қовун-тарвуз бизларнинг бозорда ҳам сотилмаяпти. Бозорга қарашли бўлмай қолди ҳозир. Бозор ташқарисига жой қилиб берди. Ҳаммасини тўғирлаб, жойларини қилиб берди. Шунақа қарор чиққан. Бўлмаса бозор ичига қўйиларди ҳар йили. Билмайман бу йил ташқарига чиқаришди,- деди Аския бозори ходимаси.

Тошкентдаги Фарҳод, Олой, Юнусобод, Бешёғоч, Миробод, Қўйлиқ, Авиасозлар ва шаҳардаги бошқа бозорларда ҳам қовун-тарвуз сотувига рухсат берилмаяпти. Лекин шаҳар кўчаларида хоҳлаганингизча қовун-тарвуз харид қилишингиз мумкин.

Кун давомида бозорларда қовун-тарвуз сотувига рухсат берилмаётгани сабабларини ўрганишга ҳаракат қилдик. Бироқ бозор маъмуриятларининг бирортаси тақиқ сабабларини изоҳлаб бера олмади.

Қўйлиқ деҳқон бозори ходимасига кўра, эндиликда қовун-тарвузларни бозордан ташқарида алоҳида жойларда сотиш тартиби йўлга қўйилади.

- Ҳар битта туманнинг полиз маҳсулотлари сотадиган бозори очилаяпти-да. Қурилиш ишлари кетаяпти ëнимизда. Ҳар битта туманда полиз маҳсулотлари сотиладиган бозор бўлади. Уларни алоҳида лаборатория текшириб нима қилади. Бу ярмарка сифатида бўладида. У ерда бино қурилмайди. Панали жойлар қилиб, тарвуз-қовунлар ўша ерда сотилади. Қўйлиқ бозориники пастда¸ водий стоянка тарафда очилаяпти,- дейди Қўйлиқ бозори ходимаси.

Бозорларда қовун-тарвуз сотувига рухсат берилмаётганини изоҳлашга уринган Сирғали деҳқон бозори мулозими тақиқнинг аниқ сабабларини билмаслигини яширмади.

- Қовун-тарвузни Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори бўйича дислокация қилинган. Бозорнинг ҳамма ерида сотиш мумкин эмас. Бозордан ташқарида ажратилган жойларда сотиш керак. Масалан¸ Сергели 6-кварталда 13та жой қилинган. Сергели 3да 15та жой қилинган. Сергели 1да иккита жой қилинган. Ажратилган жойларда сотилсин деяпти-да. Тўғри харидор учун, мисол учун 7-8-квартал учун ноқулай. Уни бизлар ҳеч нарса қила олмаймиз. Қарор бор. Дислокацияни шаҳар ҳокими тасдиқлаган,- дейди Сирғали бозори мулозими.

“Тошбозорсавдо” уюшмаси Тошкент шаҳридаги йигирмадан зиёд бозор учун маъсул ташкилот ҳисобланади. Шаҳар бозорларида қовун-тарвуз сотувига рухсат берилмаётгани сабабларига ойдинлик киритиш учун “Тошбозорсавдо” уюшмаси бошқарув раиси ўринбосари Равшан Иноғомовга мурожаат қилдик.

- Шаҳар ҳокимлигига савол берганингиз маъқулроқ. Бу саволингизга мен жавоб бера олмайман. Топшириқ ўшалар томонидан бўлган.

Озодлик: Сизлар сўрагандирсизлар нима учун бўлди бу топшириқ деб. Ҳозир айни қовун-тарвуз мавсуми бўлса. Нима учун бозорларда сотилмаяпти?

- Билмадим. Мен бу саволингизга жавоб бера олмайман¸ деди Равшан Иноғомов.

Тошкент шаҳар хокимлигига боғланганимизда айни масала бўйича маъсул шахснинг телефон рақамини беришди. Биз боғланганимиз ҳокимлик вакили бошқа телефон рақами орқали саволларимизга жавоб топишимиз мумкинлигини айтди. Телефон рақамлари беш марта ўзгаргач, бу ўзбек мулозимларининг журналистни “копток қилиш” усули эканлигини англадик.

Шундан кейин Тошкент бозорларини қовун-тарвуз сотувига рухсат берилмаётгани сабабларига оид тахминлар билан қизиқдик.

Тахминлардан бирига кўра¸ қовун-тарвузнинг бозор ҳудудида сотилишига бозордаги санитария-эпидемиология хизмати вакиллари улардаги заҳарли химикатлар миқдори нормадагидан бир неча баравар кўплиги боис бундай савдога рухсат бермасликни сўраган. Айтилишича¸ қовун-тарвуз мавсуми бошлангандан бери аҳоли орасида кучли заҳарланиш ҳоллари ниҳоятда кўпайган.

Тошкент шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилганимизда, улар бу маълумотни тасдиқлади.

- Қовун-тарвуздан заҳарланиш кўп. Тарвузга қараганда қовундан кўп. Энди бир кунда 40та касал тушса¸ шундан 20таси қовун-тарвуздан,- дейди шифохонаси шифокори.

Бироқ Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси ходими, қовун-тарвуздан заҳарланиш ҳолатлари ҳар йил кузатилишини айтиб, шаҳар бозорларида бу маҳсулотларга рухсат берилмаётганини бу ҳолат билан боғлаш ноўринлигини таъкидлади.У яна Тошкент бозорларида қовун-тарвузга тақиқ қўйилишига санитария-эпидемиология назоратининг алоқаси йўқлигини айтди.

- Бу бизларнинг кўрсатма эмас. Бозор бошқармаси орқали билишингиз мумкин нима учун сотилмаëтганини. Бизлар тақиқлаганимиз йўқ уни. Бозорда сотилмаëтгани сабабини бизлар билмаймиз. Бизларнинг ваколатимизга кирмайди у,- деди Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси ходими.

Миробод деҳқон бозори мулозимига кўра, бозор ичкарисида қовун-тарвузнинг сотилмаслиги ҳақида шахсан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев кўрсатма берган.

- Бош вазирнинг топшириғи билан сотилмаëтган нарса бу. Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси. Ҳозир тарвуз бозорлар учун ҳар бир ҳокимиятни маъсул қилиб қўйди. Ҳар битта районга, ҳокимиятга жой қилиб берилди. Бизнинг Мирободники Қўйлиқ 1-массивда жой қилиб берганмиз.

Озодлик: Нима учун бозордан ташқарига?

- Билмадик уни. Бу буйруқ. Бозорда қовун-тарвуз сотишга рухсат йўқ,- деди Миробод бозори мулозими.

Сирғали деҳқон бозори мулозими эса қовун-тарвуз билан боғлиқ ҳолатни "Мустақилликнинг 20 йиллиги" тадбирлари билан боғлади.

- Кабинет министрда кўрилиб чиққанда. Одамлар илгари кўчаларда ҳам, йўлда, у ерда, бу ерда сотаверди. Шуларни йўқ қилиш учун, Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигини муносиб кутиб олиш учун шунақа қарор чиқдики, ажратилган жойда полиз маҳсулотлари сотилсин деган. Бозорнинг ичкарисида сотиш мумкин эмас,- деди Сирғали бозори мулозими.

Тошкент бозорларида қовун-тарвуз савдосига тақиқ қўйилганига билдирилаётган тахминий сабаблардан яна бири терроризм билан боғлиқ.

Исми сир қолишини сўраган тошкентликка кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи қариндоши қовун-тарвуз тақиқини терроризмнинг олдини олиш билан боғлаган, бироқ қовун-тарвузнинг терроризмга қандай алоқаси бўлиши мумкинлигини тушунтирмаган.

Шу билан кун давомида ҳаракат қилиб, Тошкент бозорларида қовун-тарвуз сотувига рухсат берилмаётганининг аниқ расмий сабабларини аниқлай олмадик.

Айни пайтда қовун-тарвуз егиси келган тошкентликлар шаҳардаги рухсат қилинган махсус жойлардан истаганича харид қилиши мумкин. Битта тарвузнинг нархи катта-кичиклигига қараб 1,500 сўмдан 4000 сўмгача, қовун нархи эса сал қимматроқ.
XS
SM
MD
LG