“Тадбиркорга кун қолмади”
дейди Украинада тадбиркорлик қилаётган хоразмлик тингловчи. Кейинги пайтларда Ўзбекистонда куч ишлатар тизим ходимлари савдо мажмуаларида рейд ўтказиб, тадбиркорлар мулкини мусодара қилаётгани ҳақида Озодлик берган хабарларга муносабат билдирган суҳбатдош Ўзбекистонда бир нечта хусусий дўконлари борилиги, улар ҳам бир кун “қора ниқобли”лар томонидан тортиб олинишидан хавотирда эканлигини билдиради:
- Эшиттиришларингизда эшитдим. Урганчда ЦУМни маска кийган одамлар босиб кетганлигини эшитдим. Шуни эшитиб биз ҳам ҳайратда қолдик. Нима қиламиз экан энди? Ўзбекистон бу давлат бўлмай қолдида. Халқни талон-тарож қилаëтган бўлса, энди нима қилиш керак деб ҳайрон бўлиб сизларга чиқаëтган эдимда. Халқ ҳаракатига ҳамма қўшиламиз деяпти, қўшиладиям. Чунки бошқа иложи йўқ. Савдогар, меҳнаткаш, ҳунармандлардан бошқа одам қолмади ëпишадиган. Мутасаддилар, милициялар ëпишадиган одам шу одамлар бўлиб қолдида. Бек-барака деган янги бозор очилган. Яхши бозор. Ҳамма ўрганган. Нарсалар арзон. Лекин у бозорга ҳам 40та одам жўнатганлар.
Озодлик: Қаерда у бозор?
- Тошкентда.
Озодлик: Тошкентнинг қаерида?
- Абу саҳийнинг тўғрисида йўлнинг бу томонида. Зангиота туманига қарайдида у бозор. У бозорда оғайниларимизнинг магазинлари бор. Улар ҳам айтаяптида магазинларни бир кунда ëпиб ташлаган. 40та одам ташлаб 40та магазиннинг молларини олиб чиқиб кетишган.
Озодлик: Қачон бўлган бу воқеа?
- Икки ҳафта олдин бўлган. Битта одамнинг 70 миллион сўмлик молини олиб чиқиб кетишган. У одам юраги ëмон бўлиб оламдан ўтган. Бу нарсалар чидаб бўлмайдиган нарсалар.
Озодлик: Мана ўзингиз хорижда ишлайсиз. Ўзбекистонда сармоянгиз бор шундан хавотирдасизда.
- Шундай. Ўзбекистонга қайтиб ишлаймиз деб режа қилиб турган эдикда бизлар ҳам. Ҳамма нарсамизни йиғиб турган эдик бу ерда. Энди боришга қўрқаяпмиз. Ишлаш учун бизларга озодлик, эркинлик бўлмайдиган бўлса, нима қиламиз? Шу ерда кунимизни кўриб юраверамиз. Бу ерда ҳам милициялар, бошқалар томонидан тазйиқ ўтказилаяпти. Жонимизга текканидан кетмоқчи эдик. Уйда бу аҳвол, бу ерда бундай аҳвол, нима қилишни билмай қолдик, дейди шу кунларда Украинада тадбиркорлик қилаётган хоразмлик суҳбатдош.
“Ишлаганга пенсия оз, ишламаганга кўп”
дейди Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидан қўнғироқ қилган 70 ёшли Алиқул бобо Ёрбозоров.
- Пенсия олар эдим. 1998 йилда пенсияга чиққан эдим. 4000 билан чиққан эдим. Шунга президент бобо кўпайтириб 230 минг бўлган эди. Бу йил март ойида шундан 170 минг қирқиб ташлади райсабздан. Бордим, беш ой ҳалак бўлдим. Илтимос қилдим, эландим, ишим ҳал бўлмадида. Шу пенсия билан кун кўрамиз. Хом иш қилганим йўқ ëки пул бериб кўпайтирганим йўқ деб қаттиқ турдим. Беш ой қатнатдида, ўзгармади шу.
Озодлик: Ҳозир қанча бўлган пенсиянгиз?
- 60 минг.
Озодлик: Пенсия ëшигача нима иш қилгансиз?
- Мен мактаб ëшидан бери ишлаб келаяпманда. Механизатор бўлиб пенсияга чиққан эдим. Тракторист, дейди пастдарғомлик 70 яшар Алиқул бобо Ёрбозоров.
“Бирдамлик” “Ўзбекистон Халқ ҳаракати”ни баҳсга чорлайди
“Бирдамлик” ҳаракати раҳбари, АҚШда истиқомат қилаётган Баҳодир Чориев "Эркин микрофон" воситасида Ўзбекистон Халқ ҳаракати муассислар мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳни баҳсга чақириш ниятида эканини маълум қилди:
- Мен Баҳодир Чориев. "Бирдамлик Халқ ҳаракати" раҳбари. "Эркин микрофон"га телефон қилишимдан мақсад Озодлик радиосининг кўп эшиттиришлари қолиб кетаяпти. Умуман олганда мана шу қанийди, "Бирдамлик Халқ ҳаракати"га нисбатан цензурани Озодлик радиоси тўхтатса. Умуман олганда бизларни мана шу микрофонга таклиф қилиб туришса.
Ундан ташқари яқинда ташкил қилинган халқ ҳаракати, бизнинг ҳаракат жуда кўп одамларга тушунмовчилик олиб келаяпти шекилли. Шу муносабат билан мен уларнинг раҳбари Муҳаммад Солиҳни "Қурултой" дастуригами ëки "Баҳс майдони"гами ëки бошқа бир форматда бўлса ҳам мана шу таклиф қилмоқчиманки, халқимиз иккита ҳаракатнинг фарқига бориши керак. Биз мисол учун нозўравон кураш йўлидан бораяпмиз, улар бошқа йўлдан бораяпмиз деяпти нозўравонни рад этиб. Шунинг учун халқимизга биз ўша "Баҳс майдони"да, умуман олганда, ўзаро дебатда биз тушунтириб беришимиз керакки, халқимизнинг ўзи мана шу ўзи қарор қилсин кимнинг томонида, кимга эргашиши кераклигини ва умуман олганда келажакда кимнинг йўли маъқул эканлигини халқимизга биз очиқлаб беришимиз керак ўзимизнинг позициямизни. Шу сабабли Озодлик ëрдами, Озодлик журналистлари ëрдамида мен янги халқ ҳаракатининг раҳбари Муҳаммад Солиҳни эркин баҳсга чақирмоқчиман, дейди Бирдамлик халқ ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев.
“Очлик эълон қилган журналистларга жасорат медали бериш керак”
дейди наманганлик 64 ёшли Исмоилжон бобо Қурбонов.
- Мен Саодат Омонова билан Малоҳат Эшонқуловаларга жуда қойил қолдимда. Ўзбекистонда 28 миллион аҳоли бўлса, шунинг ичида эркак топилмаганига мен жуда афсусланиб кетаман. Мана шу иккала опа жасорат булар. Ўзбекистонда буларга жасорат медали бериш керак. Шулар ўзларининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, халқнинг олдида ўзларини кўрсатди. Буни бутун дунë эшитаяпти менинг назаримда. Мен қойил қолдим шу аëлларга. Ҳақиқатни бир нима қилаëтган инсонлар ҳам бор эканку деб ўзим мағрурланиб йиғладим ҳам шуларга. Биттаси 19 кун, битталари 16 кун очлик эълон қилиб нима қилганларига мен йиғлаб ўтирдим. Худодан кеча-кундуз шуларга саломатлик сўрадим, дейди наманганлик Исмоилжон бобо.
**************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!