Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:45

Эстонияга сузиб ўтган ўзбек қочқини ортга қайтарилди


Қозоғистондан Россия орқали Эстонияга қочиб ўтган ўзбекистонлик диндор Раҳим Собиров ортга қайтариб юборилди.


Раҳим Собиров шу ой бошида Европадан бошпана олиш учун Нарва дарёсидан сузиб, Россиядан Эстония ҳудудига ўтган эди.

Россиянинг Ивангород ва Эстониянинг Нарва шаҳрини ажратиб турувчи бу дарёнинг у соҳилидан бу соҳилигача бўлган масофа ўртача 300 метрни ташкил қилади.

Собиров дарёнинг Эстония томонидаги соҳилига ўтиши билан чегарачилар тарафидан қўлга олинган.

Эстония полицияси матбуот вакили Марит Лийкнинг Озодликка айтишича, Раҳим Собиров чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун жаримага тортилиб, 17 сентябр куни Россияга қайтариб юборилган.

- Собиров икки мамлакатни ажратиб турувчи дарёдан сузиб, Эстония ҳудудига ўтган. Унга нисбатан қонунда кўрсатилган чора қўлланилди ва Россияга қайтариб юборилди, деди Марит Лийк.

30 яшар Раҳим Собиров Ўзбекистондаги диний таъқиблар боис¸ 2009 йилда Қозоғистонга қочиб ўтган. Бир йил ўтиб Қозоғистон фуқароси бўлган Мўлдир Мўлдахоновага уйланган. Ҳозир Мўлдахонова тўққиз ойлик фарзанди билан Қозоғистонда қолган.

- Европада жойлашиб олсам¸ сизларни ҳам олдираман, деб кетган эди. Аслида у диний қочқин-да. Номоз ўқигани учун уни Ўзбекистонда бир марта ушлаб олишган. Нимага ушлаб олган десангиз, сумкасидан диний дискми, ҳалиги Қуръон китоби чиққан экан. 2009 йилда Қозоғистонга қочиб келганидан БМТни қочоқ мақомини олган эди аслида, дейди Мўлдир Мўлдахонова.

Ҳозирча Собиров тақдири борасида Россия ҳуқуқ идораларидан маълумот олишнинг имкони бўлмади. Мўлдир Мўлдахонова эрининг Ўзбекистонга бериб юборилишидан хавотир билдиради.

- Агар эримни қайтариб юборишса¸ уни Ўзбекистонда ўлим ёки узоқ йиллик қамоқ кутмоқда, дейди Мўлдахонова.

Эстония полицияси вакили Марит хонимга кўра, Собировни Ўзбекистонга бериш-бермаслик энди Россия ихтиёрида.

- Биз уни Ўзбекистонга эмас, Россияга топширдик. Чунки у бизни мамлакатга Россиядан келди. Энди унинг тақдирини Россия ҳал қилади, - дейди Марит Лийк.

Ўзбекистондаги диний таъқиблардан қочиб, Қозоғистонда бошпана сўраган 29 нафар қочқин июн ойи бошида ватанларига мажбуран қайтарилган эди.

Қайтарилган қочқинлар Ўзбекистонда узоқ муддатли қамоқ жазоларига тортилди.

- Маълум бўлишича, ўша пайтда Қозоғистон полицияси менинг эримни ҳам қидириб келган экан. Бахтга кўра, биз бошқа шаҳарда эдик. Шундан кейин эрим қочиб юрди. Ушлаб олишса¸ уни ҳам Ўзбекистонга бериб юборишлари мумкин эди-да, дейди Мўлдахонова.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан Ҳюман Райтс Уотч ва Халқаро Амнистия Ўзбекистонга топширилган қочқинлар¸ айниқда¸ эътиқоди туфайли таъқибга учраганларнинг ҳибсда қийноққа тутилишидан хавотир билдириб келмоқда.

Ҳар иккала ташкилот шунингдек¸ Қозоғистон ҳукуматини бошпана изловчилар ҳуқуқларини поймол этиш ва ўз халқаро мажбуриятларини бажармасликда айбламоқда.
XS
SM
MD
LG