Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:46

"Нарва сузувчиси" озод этилди


Раҳим Собиров диний эътиқоди боис Ўзбекистонда таъқибга учраганини айтади.
Раҳим Собиров диний эътиқоди боис Ўзбекистонда таъқибга учраганини айтади.

Эстониядан сиëсий бошпана сўраш илинжида Россия ва Эстонияни ажратиб турувчи Нарва дарëсини сузиб ўтган Раҳим Собиров озодликка чиқди.


Ленинград вилояти Cланци шаҳар суди томонидан Россиядан чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор деб топилиб икки ойлик қамоққа маҳкум этилган ўзбекистонлик диндор Раҳим Собиров озодликка чиқди.

Озодлик мухбири 18 ноябр куни Ленинград вилоятидаги Горелово тергов изоляторидан озодликка чиққан Раҳим Собировни суҳбатга тортди.

Озодлик: Раҳим, қалайсиз?

- Раҳмат, яхши. Мана уч ой ўтириб чиқдим, қўйворишди. Ҳозир Питердаман, адвокат билан билет олдим. “Мемориал” менга қанақадир қоғоз берар экан, йўлда ким текширса шуларга кўрсатиш учун. Менинг Россияда регистрациям йўқ-ку, шунинг учун йўлда тўхтатганларга кўрсатаман.

Озодлик: Кайфият қандай?

- Алҳамдулиллоҳ, яхши. Ёрдам берганларга Худо ўзи ёрдам берсин. Сизларнинг ҳам ёрдамларинг анча тегди, сизларга катта раҳмат! Ҳаммасидан хабарим бор, сизларга раҳмат. Ҳозир кийимларим жуда расво, алмаштиришим, ювинишим, соч олдиришим керак. Энди ФМСга мурожаат қилишим керак. "Мемориал" хат юборган экан.

Озодлик: 3 ой давомида қамоқда муносабат қанақа бўлди?

- Милиция ходимлари бу ерда теккани йўқ. Шу Эстонияда сал қўрқитишувди. Аниқроғи мени алдашди улар, Россияга бериб юборди. Аризаларимни кўриб ҳам чиққан эмас. Миграция департаментига ёзган хатимни чегарачилар ўзлари ўқиб чиқиб ўзлари ҳукм чиқариб берворишди. Қоғозларим етиб бормаган, деб ўйлайман. Адвокат талаб қилдим- беришмади, таржимон талаб қилдим - беришмади. 4 кунда бериб юборишди. Тўғриси мени улар ушлагани ҳам йўқ. Мен ўзимни ўзим бориб топширган эдим.

Озодлик: Раҳимжон, бизни совуқ сентябр ойида қандай қилиб Нарвани сузиб ўтганингиз қизиқтиряпти?

- Мен 300 метр суздим, деб ўйламайман, 200 метрда суздим. Машина ямайдиган жойдан балон сотиб олдим. Кийимимни ечиб тўртта сотиб олган пакетга солиб, ўзим ички кийимда суздим, ярим соатдан кўпроқ суздим, шекилли... Сузиб ўтгандан кейин йўл қидираман¸ деб ўрмонда адашиб қолдим. Шу ерда ухладим эрталабгача. Кейин 6-7 соатда ўрмондан чиқиб зўрға атрофда турадиган одамларни топдим. Бир уй эгасига айтдим, миграция хизматига қўнғироқ қил, деб. Кейин чегара ходимлари ўзлари ушлаб, 4 кунда бериб юборишди.

Озодлик: Россияда энди режаларингиз қанақа?

- Ҳозир ФМСга бориб бошпана сўрайман. Турмада ўтирган жойимда адвокат билан бирга бошпана сўраб ариза ёзган эдим.

Озодлик: Нима учун сиз Россияда "Мемориал"га ўхшаш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилмадингиз?

- Россия Федерациясида қўрқдим. Халқаро келишувлар бор, бири бирига бериб юбориши мумкинлигидан. Озодликда, бошқа жойларда ўқиганман, шунақа нарсаларни эшитганман. МДҲ давлатларидан бошқа давлатларга мурожаат қилмоқчи эдим. Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Қозоғистонда жуда қийин бўлиб кетди.

Озодлик: Раҳимжон, оилангиз билан гаплашдингизми?

- Гаплашдим, ҳаммаси яхши, хурсанд. Биринчи бўлиб ўзим хурсандман, алҳамдулиллоҳ.

Бу “Нарва сузувчиси” номи билан машҳур Раҳим Собиров билан озодликка чиқишидан бир соат ўтиб олинган интервью эди.

Раҳим Собиров сентябр ойи бошида Европа Иттифоқи ҳудудидан бошпана олиш учун Нарва дарёсини кесиб Эстония ҳудудига ўтган ва эстон чегарачиларига ўзини топширган.

Раҳим Собиров чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун жаримага тортилиб, 17 сентябр куни Россияга қайтариб юборилди.

3 ноябр куни Сланци шаҳар суди уни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор¸ деб топди ва икки ойлик қамоқ жазосига маҳкум этди.

30 яшар Раҳим Собиров Ўзбекистондаги диний таъқиблар боис¸ 2009 йилда Қозоғистонга қочиб ўтган. Бир йил ўтиб Қозоғистон фуқароси Мўлдир Мўлдахоновага уйланган. Ҳозирда Мўлдахонова тўққиз ойлик фарзанди Довудхон билан Қозоғистонда қолган.
XS
SM
MD
LG